Линклар

Жорий йил Ўзбекистон ҳукумати пахтани болалар кучисиз териб олишга қатъий аҳд қилган кўринади. Озодлик мухбири ўтказган суриштирув давомида вилоятларда болаларни пахта теримига жалб қилишнинг кескин тақиқлангани аниқланди.

Болаларни пахтага чиқармаслик учун тўгараклар ташкил қилинди


Ҳар йили биринчилардан бўлиб пахта далаларига отланадиган хоразмлик болалар бу йил мактаб парталарига “михланди”. Хоразмдаги манбаларга кўра, ўқувчилар дарс машғулотларини тўла ўтаяпти; ҳатто аксар мактабларда ўқувчиларнинг дарсдан кейин пахтага чиқиб кетишини олдини олиш мақсадида қўшимча тўгарак машғулотлари ҳам ташкил қилинган.

Суҳбатдошимиз Бобожоннинг икки қизи мактаб ўқувчиси. Иккала қизнинг ҳам ҳар куни мактабдан кейин турли хил тўгаракларда қатнашиши мактаб раҳбарияти томонидан шарт қилиб белгиланган.

Бобожоннинг айтишича, ота-оналар мактаб маъмурияти ва маҳаллий ҳокимлик томонидан болаларни пахта теримига жалб қилмаслик борасида қаътий огоҳлантирилган.

- Эрталаб 8:30 да мактабга кетади. Обедда 1-1 яримларга қайтиб келади. Соат 3 да яна кетиб соат 5 гача тўгаракка бориб келади. Бу йил пахтага болаларни чиқармайдиган бўлишди. Шунга болаларни ўқишга қизиқтириш учун тўгараклар очиб қўйишибди ҳар хил йўналишда. Ота-оналарга ҳам “Болаларни пахтага олиб бормайсан” деб айтган. Мактабга, ўқитувчиларга гап тегади деб. Шунинг учун тўгарак очиб қўйишибди. Ҳозир болаларга умуман пахта териш мумкин эмас¸ деб қўйишибди, дейди Бобожон.

Самарқандлик болалар мактабдан қочиб пахта тераяпти


Ўзбекистон ҳукуматининг бу йилги пахта йиғим-терим мавсумига болаларни жалб қилишни тақиқлаганига қарамасдан, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги айрим ўқувчилар дарс пайти мактабдан қочиб, пахта тераяпти.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги шифокор Абдураим Бозоров пахта мавсуми бошида Каттақўрғондаги фермер хўжаликларидан бирига туман ҳокимлиги томонидан махсус вакил қилиб жўнатилган. Шифокор ўқувчиларнинг яширинча пахта тераётганига шахсан гувоҳ бўлганини айтади.

Абдураим аканинг айтишича, фермерлар ва ота-оналар ўзаро келишган ҳолда ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмоқда.

- Биринчи кун 7-8та болани полядан чиқариб юбордим мен. “Мактабингга бор, ўқи” деб қайтариб юбордим. Мактаб пайти иккита ўқувчи поляга бориб терган экан. Мени алдаб коллежда ўқийман деб қўлимдаги рўйхатга тушган экан. Уларни ушлаб, ўқитувчиси, директорининг олдида турғизиб, “Нима учун коллежда ўқийман деб пахта тераяпсан? Нима учун мактабда ўқимаяпсан?” деб туриб уларга сабоқ бўлсин деб туриб ўқитувчиларни, ҳаммасини огоҳлантирдим, дейди Абдураим Бозоров.

Ўқитувчилар пахтада, дарс соатлари эса қисқартирилди


Жорий йилда ўқувчилар ўрнига ўқитувчилар пахта тераяпти. Озодлик мухбирининг ўрганишича, вилоятлардаги шаҳарларнинг мактабларида 16 фоиз ўқитувчилар, қишлоқ жойларида эса 50 фоиз ўқитувчилар пахта теримига жалб қилинган.

Пахтага кетган ўқитувчилар берадиган дарс соатлари мактабда қолган ўқитувчилар зиммасига юклатилган.

Ўқитувчилар зиммасидаги бу “нагрузка”ни камайтириш учун дарс соатлари қисқартирилаяпти.

Бу ҳақда Озодликка гапирган жиззахлик ўқитувчи Рустам аканинг айтишича, олти соатлик дарс соатлари 3-4 соатга қисқартирилган.

- Олти соат ўтмайсизда, 3-4 соат ўтасиз, жавоб берасизда. Дарс соати камроқда. Чунки олти соат машғулотлар бўлса ўқитувчилар етмайди. шунинг учун 4 соатда жавоб берамиз. Асосан тўрт соат, дейди Рустам ака.

Шу жойда оддий математик ҳисоб-китоб қилсак: Бир кунда дарс машғулотлари 2 соатга қисқарса, бу рақам 10 кунда 20 соатни ташкил қилади. Демак, пахта бир ой давом этса, 52-54 соат дарс машғулоти қисқартирилган бўлади. Агар пахта бир ойда кўп бўлса, бу рақам яна кўпайиши табиий.

Дарс соатлари қисқариши ўқувчиларнинг билим даражасига салбий таъсир қилмайдими деган саволимизга, ўқитувчи Рустам ака “албатта таъсир қилади” деган жавоб билан чекланди.

Бир синфда 65 нафар ўқувчи ўқияпти


Бухоро шаҳри мактабларида эса пахтадаги ўқитувчилар ўрнини “қоплаш”нинг бошқа бир усули ўйлаб топилган.

Ўқитувчи Қувондиқ аканинг айтишича, пахта бошлангандан буён бир қанча синф ўқувчиларини қўшиб ўқитиш тартиби жорий қилинган.

- Қўшиб ўтаяпмиз. Синфларни қўшамиз, ўтамиз. Масалан 6-А бор, 6-Б бор, 6-В бор. Ҳаммасининг программаси бирку. 20 та ўқувчига берган нарсани 50 тага бериш жуда қийин. Ақлга сиғдириб бўлмайди. 50 тасига 50 хил гапириш керак. 50 тасига 50 хил подход қилиб кўнглини олиб дарс ўтиш керак. 50 хил тушунтириш керак. Ҳатто 65 тагача ўқувчи бир синфда ўтиради. 65 та ўқувчига жуда қийин дарс ўтиш. Чунки буларнинг савияси жуда пасайиб кетади. Ҳаммасига бирдан бериб бўлмайди. 55-60 ўқувчига мавзуни битта-битта етиштирамиз дегунча вақт тугаб қолади, дейди Қувондиқ ака.

"Табличка": Болаларни пахтага чиқариш тақиқланади


Наманган шаҳридаги Озодлик манбасига кўра, шаҳар мактаблари ўқитувчиларининг 10 фоизи пахтага жалб қилинган. Дарс машғулотларини тўла ўтиш учун “наманганча” усул қўлланилмоқда.

- 70 киши коллектив бўлса, 10 таси 15 кунлик пахтада. Ҳар 15 кунда ўқитувчилар алмашаяпти экан. Ундан ташқари шанба-якшанба кунлари 100 фоизлик пахта. 15 кунлик пахта чиққан ўқитувчиларнинг фанлари ўрнига, масалан¸ рус тиличи қолган бўлса, рус тиличи ўтиб туради. Ўрнига пахтадан қайтиб келгандан кейин математикачи ўтиб бошлайди, дейди суҳбатдош.

Наманганлик манба пахта даврида ўзи гувоҳ бўлган бир воқеани ҳам тилга олди. Унинг айтишича, бу йил маҳаллий ҳокимликлар ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмасликка астойдил ҳаракат қилмоқда.

- Пахта далаларига кўп бораяпман. Районма район юрибман. Баъзи бир бригадалар яъни йўлнинг бўйида, меҳмон қабул қиладиган бригадалар, табличка ëзиб ëпиштириб қўйган “Мактаб ўқувчиларини пахтага жалб қилиш тақиқланади” деб. Жуда қизиқ. Биринчи марта дуч келишим. Намунали фермер хўжаликлари борда йўлнинг бўйидагилар. Меҳмонлар келса олиб кириладиган. Худди шунақаларга чиройли қилиб ëзиб қўйганини кўрдим, дейди суҳбатдош.

“Барча ўқитувчилар мактабда”


Бухоролик ўқитувчи Шавкат аканинг айтишича, у ишлаётган мактабда (Шавкат аканинг илтимосига кўра мактаб манзилини айтмаяпмиз-таҳр.) ўқитувчилар дарс пайти умуман пахтага чиқарилмаяпти ва дарс машғулотлари ҳам жадвал бўйича тўла ўтилмоқда.

- Мактабда ўқитувчилар ҳар доимгидек ишда, иш фаолияти билан банд. Хизматчилар, лаборантлар, фаррош каби ишчилар пахтага олиб чиқилаяпти. Ўқитувчилар фақат шанба, якшанба куни олиб борилаяпти. Шанба кунлари дарси йўқ ўқитувчилар боради. Дарс соатлари аввалгидек. Аввал қандай тузилган бўлса, шундай. Қисқариш бўлгани йўқ, деди Шавкат ака.


"Тўйтепалик болалар пахта тераяпти"


Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алъянси раиси Елена Урлаева Тошкент вилоятида мактаб ўқувчилари яширин равишда пахта теримига жалб қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Урлаеванинг Озодликка айтишича, 15 сентябр куни Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида юқори синф ўқувчилари пахта тераётганига шахсан гувоҳ бўлган.

- Тўйтепа шаҳри яқинидаги далада мен 42-мактаб ўқувчилари учратдим. Уларни милиция қўриқларди. Ўқувчилар 13-14 ёшда эди. Бу мактабда дарс машғулотлари бўлаётган пайт эди. Бизда яна Янгийўл ўқувчилари пахтага чиқарилгани ҳақида маълумотлар бор. Ҳозир фаолларимиз буни ўрганишга кетишди. Мен ҳозир йўлдаман. Қорақолпоғистонга кетаяпман. Олган хабаримизга кўра, у ерда ҳам ўқувчилар пахтага чиқарилаётган экан, деди Елена Урлаева.

Болалар меҳнатига йўл қўйганлар жазоланади


Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 2012 йилги пахта мавсумида ўқувчиларни пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида Халқ таълими вазирлигига кўрсатма берган.

Бош вазирнинг айни кўрсатмасини амалга ошириш йўлида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги мактаб, боғча, коллеж, институт, университет, шифохона, завод-фабрика ва бошқа давлат идоралари ишчи-хизматчилари бугунги кунда пахта теримига жалб қилинди.

Айни пайтда Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги расмийлари бу йил мамлакатда болалар меҳнатига изн берилмаслиги, бунга йўл қўйганлар қаттиқ жазоланишини маълум қилди¸ бироқ жазонинг нима эканига аниқлик киритмадилар.

Ўзбекистонда ҳар йил пахта мавсумида 2 миллиондан ошиқ боланинг давлат томонидан мажбуран пахта даласида эксплуатация қилиб келинаëтганига норозилик тариқасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкати ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG