Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:08

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Озодликка раддия берди


Одатда Озодлик мухбирларининг Ўзбекистон мусулмонлари ҳаëтига алоқадор аксар саволларини жавобсиз қолдиришни маъқул кўрадиган Мусулмонлар идораси¸ ўзлари жавоб бермайдиган мавзудаги мақолаларга тез-тез раддия эълон қилиб туради.


Бу гал Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Озодликнинг 2012 йилги пахта йиғим-терим мавсумига ҳатто имомларнинг ҳам юборилаëтгани ҳақидаги хабарига раддия беришга қарор қилди.

Бу раддия идора расмий сайтида чоп этилди.

Идоранинг ушбу эътирози муносабати билан Озодлик мухбири интервю беришини сўраб, Мусулмонлар идорасининг матбуот хизматига боғланди.

Аммо, телефон гўшагини кўтарган ва ўзини таништирмаган ходим бу борада интервю беролмаслигини айтиб, телефон гўшагини илиб қўйди.

Озодлик раддия матнини тўлиқ шаклда эълон қилмоқда:

Хайрли ишнинг ғаразли талқини

2012 йил 14 сентябрь куни Ozodlik.org интернет сайтида “Фарғонада имомлар ҳам пахтага чиқарилди” номли соғлом фикрли кишининг ғашини келтирадиган ва хайрли ишларни ғаразли ният билан талқин қилинган хабар эълон қилинди. Ундаги фикр-мулоҳазалар аслият ва воқеликка бутунлай мос келмаслиги шундоқ сезилиб турибди. Мазкур хабардаги айрим маълумотларга ўзимизнинг холис муносабатимизни баён қиламиз.

Хабарда “Фарғона вилоятининг Бағдод туманида пахта тераётган имомлардан бири “Йил имоми – 2012” танловининг ғолибларидан биридир. Бағдодлик аҳли-илмлар шу кунларда йиғим-теримга сафарбар қилинган...” деган жумлалар орқали муаллиф баъзи имом-хатибларнинг пахта даласидаги маънавий қўллаб-қувватлаш ишларини қоралашга уринган. Бу иддаоси билан муаллиф асл воқеликни тушунмай, фуқароларимиз орасида нотўғри фикр пайдо қилишга ҳаракат қилгани яққол сезилиб турибди. Аслида эса қандайлигини қуйидаги асосли мисоллар орқали сизларга баён қиламиз:

– Ислом таълимотида имом-хатиб кишиларни ҳидоятга бошловчи ва хайрли ишларга йўллайдиган халқ пешвоси ҳисобланади. Шуни инобатга олган ҳолда, бугунги имом-хатиблар илмий-амалий салоҳияти, яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш жиҳатидан бундан 15-20 йил олдингиларидан жиддий фарқ қилмоқда. Имом-хатиблар фақат масжид фаолияти билан чекланиб қолмай, балки жамиятнинг барча маънавий-маърифий қатламларида фаол иштирок этиб, ҳақиқий маънодаги халқ пешвосига айланмоқдалар. Масалан, улар кеча ёрдамга муҳтож кишининг ҳолидан хабар олган бўлса, бугун диний ибодатларни адо этиш, эртага эса кишиларни эзгу амалларга чорлаш каби хайрли ишлар билан доимо машғул бўлмоқдалар.

Демак, имом-хатибларни уруғ қадаш, ғалла ўриш ёки ҳосил йиғиш жараёнида маънавий кўмакчи ва дуода бўлишлари айни муддао ҳамда муборак динимиз талабидир. Айниқса, серқуёш ўлкамизда етиштириладиган пахта ҳам улуғ неъматдир. Эгнимиздаги кийим, ётадиган юмшоқ тўшак, таомни лазиз қиладиган мой ва кундалик ҳаётимиздаги зарур буюмларнинг аксарияти айнан пахта толасидан тайёрланади. Буни хабар муаллифи теранроқ англаса яхши бўлар эди;

– Ҳозирги имом-хатиблар фақат маънавий-маърифий ишлар билан кифояланиб қолмай, балки касб-ҳунар, тижорат ва фермерлик билан шуғулланаётганлари ҳам таҳсинга лойиқдир. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Шоҳ Толиб жоме масжиди имом-хатиби бир вақтда М.Хидиров “Бузрукхон бува” фермер хўжалиги раиси, Тошлоқ тумани Абу Ханифа жоме масжиди имом-хатиби айни пайтда С.Қодиров “Заркент файз” фермер хўжалиги раиси ва Марғилон шаҳар Хонақоҳ жоме масжиди имом-хатиби А.Рахмонов эса “ал-Ахибба” фермер хўжалиги раиси бўлиб меҳнат қилаётганларидан хабари йўқ “Озодлик” мухбирининг нима демоқчи бўлгани умуман тушунарсиз ҳолдир. Бундай ишбилармон имомлар рўйхатини узундан-узун ёзиш мумкин. Фермер имом ҳосилини йиғишга бош бўлмаса, уни ким бажаради? Ҳозирги даврда имом-хатиб ҳам шу мамлакатнинг бир фуқароси сифатида юрт тақдирига дахлдор инсондир.

Ризқу рўзни ҳалол меҳнат орқали талаб қилиш динимизда фарз амал ҳисобланади. Ҳазрати Одам алайҳиссалом ҳам деҳқончилик билан шуғулланганлар. Бу касб Ул зотдан бизга мерос бўлиб қолган. Одам алайҳиссалом ризқларини буғдой етиштириш ва нон ёпиш орқали топганлар. Барча пайғамбарлар ҳам касб-ҳунар ўрганиб, ҳаёт кечиришган. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Айтинг: “Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар...” (Тавба, 105)

– Тўрт фаслда ҳам бозорларимизнинг тўкин-сочинлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиб тошишида бобо деҳқонларнинг ўрни жуда катта эканини алоҳида қайд этиш керак. Биз ҳам бунга жавобан уларга мўл ҳосил теримида кўмакдош бўлишимиз ҳам фарз ҳам қарздир. Шунингдек, қадимдан халқимизда “Ҳашар – элга ярашар” деган ҳаётий нақл бор, шунга биноан, ҳар бир киши далалардаги ҳосилни увол қилмасдан йиғиш ишларида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим. Аллоҳ таборака ва таоло бу ҳақда:

...فَاسْتَبِقُوا الْخَيْرَاتِ...

яъни: “...Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз!..” – дея марҳамат қилган. (Моида, 48)

Ozodlik.org интернет сайтидаги хабарда яна шундай жумлалар бор “Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб сайтига “Деҳқончилик – ризқу рўзимиз” номли мақола жойлаштирилган”, деган гаплар орқали имом-хатибнинг жума намозларида деҳқончилик савобли касб экани ва унинг йил давомида қалб қўри, кўз нури ва қайноқ меҳридан қувват олиб етишган, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай қилган фидокорона меҳнати туфайли етилган мўл ҳосилни, энди исроф қилмасдан йиғиб олинишига даъват этишни хабар муаллифи гўё-ки хато эканини таъкидламоқчи бўлади.

Бироқ, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганларки:

مَا مِنْ رَجُلٍ يَغْرِسُ غَرْسًا إلاَّ كَتَبَ اللَّهُ لَهُ مِنَ الأَجْرِ قَدْرَ مَا يَخْرُجُ مِنْ ثَمَرَةِ ذَلِكَ الْغَرْسِ

яъни: “Киши дарахт ёки экин экса, Аллоҳ таоло ҳосил мислича унинг номаи аъмолига ажру савоб ёзади.” (Имом Аҳмад ривояти). Шунингдек, юксак хирмон теришга енг шимарган ҳар бир киши ҳосил йиғиш пайтида тиним билмай ишлайди. Ҳозир ҳосилни нес-нобуд қилмай, бус-бутун йиғиш учун ҳар бир дақиқани ғанимат билиш зарур. Шу билан бирга пахта толаси нозик бўлади, ёғингарчиликка қолиб кетса, унинг сифати бир неча баравар пастга тушиши, ҳатто нобуд бўлиши мумкин. Зеро, Қуръони каримда бундай дейилади: “Енглар ва ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф, 31). Шундай экан имом-хатиблар зиммаларидаги фарз амал бўлган амру маъруф ва наҳйи мункарни доимо, ҳар жойда олиб боришлари юксак вазифаларидир.

Имом-хатиблар бугунги дунё ҳамжамиятида бўлаётган воқеалардан хабардор эканини “Озодлик” мухбири яхши тушунмаган кўринади. Ваҳоланки, имом-хатиблар халқимизнинг ризқу насибаси бўлган дехқончилик неъматларини ёмғирли кунларга қолдирмай йиғишга тарғиб қилаётган бўлса, нимаси нотўғри? Юқорида айтилган исроф қилмасликка такрор-такрор буюрилганини “Озодлик” мухбири билмаса ҳам керак.

Мустабид тузум даврида уламолар, имом-хатибларни бутунлай жамиятдаги маънавий-маърифий ва ижтимоий ҳаётдан суриб ташланган эди. Бугун уларга бўлган муносабат тубдан яхши томонга ўзгарди, улар юрт тараққиётига ҳисса қўшиш билан яшаб, барча жабҳада фаол бўлишларини ўзлари ҳам яхши англаган ҳолда ҳаракат қилмоқдалар.

Интернет тармоғида ғаразли талқин этилган хабарларни беришдан олдин муаллифлар ўзлари обдон ўйлаб кўришса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, инсонлар орасида иккиланишларни келтириб чиқариб, низо чиқишига сабабчи бўлиш катта гуноҳдир. Қуръони каримда: “... Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир...”, деб очиқ айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати
XS
SM
MD
LG