Линклар

Россия ҳукумати АҚШнинг Халқаро Тараққиёт Дастури Агентлигини (USAID) мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилди.


19 сентябр куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги USAID ни “мамлакатдаги сиёсий жараёнлар, жумладан, турли сайлов ва грантлар тақсимлаш орқали фуқаролик жамияти ташкилотларига таъсир қилишга уринганлик”да айблади.

Вазирлик шунингдек Москва исломий исёнчиларга қарши кураш олиб бораётган Шимолий Кавказдаги USAID фаолиятидан ҳам хавотирда эканини билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Александр Лукашевич Россия фуқаролик жамияти “мутлақт етук” экани ва “хорижий лидерлар”га муҳтож эмаслигини урғулади.

18 сентябр куни Вашингтон Россияда USAID ташкилоти ваколатхонаси ёпилганини эълон қилди.

АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд Вашингтон ҳукумати USAIDнинг Россияда сўнгги 20 йил давомида амалга оширган ишларидан ғурурланиши ва ваколатхона ёпилишини Россиянинг “суверен қарори” сифатида қабул қилишини айтди.

Нуланд, айни пайтда¸ USAID Россиядаги ноҳукумат ташкилотлари билан бирга ишлашни давом эттиришини қўшимча қилди.

- USAID ташкилоти Россияда фаолиятини тўхтатишига қарамай, биз демократия, инсон ҳуқуқлари ва Россияда мустаҳкам фуқаролик жамияти ривожланишини қўллаб-қувватлашга бел боғлаганмиз. Бу йўлда биз Россиядаги ноҳукумат ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ишлашга умид қиламиз, деди АҚШ Давлат Департаменти матбуот котиби.

Россия Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мая Гришина USAID нинг мамлакатни тарк этиши Россиядаги сайлов сифатини тахдид остига қўймаслигини маълум қилди.

Гришина сайловларни мустақил кузатиш “Россия қонунларида кафолатлангани” ва бу давом этишини урғулади.

Бироқ сайлов жараёнларини кузатиш билан шуғулланувчи USAID дан молиявий ёрдам олувчи “Голос” гуруҳи Россияда USAID фаолиятининг тўхтатилиши гуруҳнинг қатор лойиҳаларига “берилган жиддий зарба экани”ни билдирди.

“Голос” раҳбари Лилия Шибанова фикрича, USAID фаолиятини тўхтатиш ҳақидаги қарор бир жиҳатдан Кремлнинг сайловларни кузатиш жараёнини ўз назоратига олиш истаги билан боғлиқ эканини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG