Линклар

logo-print

Мирободлик тадбиркорлар ободонлаштиришга жалб қилинмоқда


Мирободлик тадбиркорлардан ишхонасига яқин жойларни мана шундай майсазорга айлантириш сўралмоқда.

Мирободлик тадбиркорлардан ишхонасига яқин жойларни мана шундай майсазорга айлантириш сўралмоқда.

Тошкентнинг Миробод туманида рўйхатдан ўтган ва бу ерда идора, дўкон ёки кафе кабиларга эга бўлган тадбиркорлар туман ҳокимияти томонидан чор-атрофни ободонлаштириш ишларига сафарбар қилинаяпти.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган, аммо овози эшиттирилишини истамаган тошкентлик тадбиркорга кўра, кеча уларга ободонлаштириш учун ер ажратиб бериш илтимоси акс этган ва Миробод тумани ҳокими Ашрабхон Тошхўжаев номига ёзилган мактуб намунаси тарқатиб чиқилган.

Суҳбатдошимизга кўра, бундан аввалроқ Мирободдаги кўпчилик тадбиркорлар ҳокимиятга мажлисга чақирилган ва уларга ишхонасига яқинроқ жойни ободонлаштириш учун расмийлаштириб олиш тавсия қилинган. Айни пайтда тадбиркорларга ажратиб берилажак жойга улар ҳеч қанақа иншоот қуролмаслиги ҳам уқтирилган.

Тошкентлик тадбиркор ҳокимиятнинг бу тавсияси ортидан ўз зиммасига 10 та арча олиб экиш ва бир неча ўн квадрат метрни майсазорга айлантириш мажбурияти юкланганини, бу иш учун ҳозирнинг ўзида 1,5 миллион сўм сарфлаб қўйганини айтади.

Ён-атрофида кўкаламзорлаштирадиган жой бўлмаган тадбиркорларга эса ўзларига яқин ҳудудни мунтазам равишда тозалаб, аввал экилган дарахтларни парвариш қилиб туриш топширилган. Зиммасига шундай вазифа тушган “Наврўз Баҳор” кафеси хизматчиси ҳам Миробод туман ҳокимиятидан куни кеча шу мазмунда хат олинганини айтади.

- Хат берилган, бўлиб олиб, тозалаяпмиз у ерларни. Қилаяпмиз, бошқа нима қиламиз? Бўлмаса, бўлмайди, барибир кимдир қилиши керак-ку. Ҳудуд каттароғу, барибир қилаяпмиз – катта кўчагача тозалаяпмиз. Ҳокимият айтганидан кейин биз: “йўқ, қилмаймиз” деб айтолмаймиз. Ҳокимиятнинг вазифаси-ку буни айтиш бизга. Тозаламасак ҳам бўлмайди, бу ўзимизга ҳам керак, - дейди “Наврўз Баҳор” кафесининг исмини айтмаган хизматчиси.

Туманда ишлаётган тадбиркорларга ободонлаштириш бўйича хат тарқатилганини Миробод туман ҳокими 1-ўринбосарининг ёрдамчиси Зафар Мирзиёдов ҳам тасдиқлади, аммо буни амалга ошириш мажбурий эмаслигини таъкидлади.

- Бу мажбурий эмас. Буни корхоналарга тарқатишдан мақсад – қайси корхона олдида бўш жой бўлса, 574 билан (Тошкент шаҳар ҳокимиятининг 2011 йил 7 сентябрида чиқарилган 574-сонли қарорини назарда тутмоқда – таҳр.) бизга келади, мана шу намунадаги хатни ёзиб келади ҳокимнинг номига. Кейин ҳоким бу ёқда қарор чиқариб, шу жойни “желтый кадастр” қилиб бириктириб берамиз шу корхонага, улар шу жойни ободонлаштириб, ўзи қараб туради.

Озодлик: Ҳокимият солиқдан тушган тушумлар ёки шаҳар бюджети ҳисобидан ободонлаштирса бўлмайдими шу ишни тадбиркорларга юкламасдан?

- Ҳозир ўзингиз кўриб турибсиз – ободонлаштириш борган сари қийинлашиб кетаяпти. Қилаяпмиз қўлдан келганча, энди бу ёрдам сифатида қилинаётган нарса. Бундан корхонага ҳам яхши-ку ёнини ободонлаштириб, чиройли қилиб қўйса. Кўпчилик келаяпти шундоғам “Мана бу жойни менга бириктириб беринг, дарахт экиб, чиройли қилиб қўяман” деб.

Озодлик: Энди бунга бировда маблағ бор, бировда маблағ йўқ, қандай қилади маблағи йўқлар...

- Мен сизга айтаяпман-ку “мажбурий эмас” деб. Ҳозир буларга ким айтибди “мажбурий” деб? Масалан, биз ўзимиз тарқатганимиз ҳам йўқ, бизда округ раҳбарлари бор. Шу округ раҳбарларига айтилган: “574-қарор бўйича корхоналар олдида бўш жой бўлса, хат билан чиқсин, ўша ерни бириктириб берамиз” деб, уларга хат намунаси ҳам берилган, - дейди Миробод туман ҳокимияти вакили Зафар Мирзиёдов.

Мақола бошида зикр этганимиз тошкентлик тадбиркор Озодлик билан суҳбат чоғида ҳокимият хатини тарқатиб юрган масъуллар “ободонлаштиришдан бош тортган тадбиркор зиёратига солиқчи ва бошқа текширувчилар келиб қолиши мумкин”лигидан огоҳлантирганларини ҳам айтганди. Туман ҳокимияти вакили Зафар Мирзиёдов эса бу борада ҳокимиятдан ҳеч қанақа кўрсатма бўлмаганини, агар бундай таҳдидлар қилинган бўлса, бу фақат хат тарқатувчиларнинг шахсий ташаббуси билан қилинганини айтади.

- Биз ҳеч қанақа кўрсатма бермаганмиз, чунки “бу мажбурий эмас” деяпман-ку сизга. Биз шунчаки таклиф билан чиққанмиз “тадбиркорлар билиб қўйсин” деб. Мана ҳозир кафелар очилаяпти. Кафенинг кўча тарафи уларга бириктирилмайди. Ўша ерларни ободонлаштириш учун қонуний қилиб, расмийлаштириб бераяпмиз 574-қарор бўйича, - дейди Зафар Мирзиёдов.

Овози эшиттирилмаслиги шарти билан гапирган тошкентлик тадбиркор эса туман ҳокимиятининг бу ҳаракатида “билвосита солиқ” ундириш истагини кўради.

“Чунки бизга бириктириладиган ва биз фойдалана олмайдиган жойлар учун уч баробар ер солиғи тўлашимиз керак экан. Бунинг устига, арча кўчатлари ва “Canada Green” деб аталадиган газон ётқизишимиз учун ёнимиздан аллақанча пул сарфлаймиз ва бу билан яна кимнингдир бизнесининг гуллашига ҳисса қўшамиз. Кўчатлар ё майсазор қуриб қолса, яна янгисини сотиб оламиз. Сўнгги йилда Мирободда масъулияти чекланган жамият ёки хусусий тадбиркор сифатида ишлаётган 10 мингта субъект ўз фаолиятини тўхтатди. Улардан давлатга тушаётган пул тўхтаб қолгани учун ҳам ҳокимият ишлаётган бошқа тадбиркорлар учун шунақа “яширин солиқ”ларни ўйлаб топаяпти, - дейди тошкентлик тадбиркор суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG