Линклар

logo-print

OzodJavob дастурининг навбатдаги сонида Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ва Россия чегараларидан ўтаётганда нималарга пул тўлаши кераклиги борасида сўз боради.


Сурхондарёлик Носир ака Ўзбекистондан Россияга етиб келгунча чегара постларида пул олиш ҳолатлари бўлаётганини айтиб, бу тўловларнинг қай қисми қонунда кўрсатилган¸ қай бири эса¸ ноқонуний экани билан қизиқди:

- Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтгач барча постларда 100-150 рублдан пул олаяпти. Россия чегараларидан ўтсак ҳар бир кишидан 200-300 рублдан пул олишади. Нимага бу пулни олишади? Бу қонун бўйича олинаяптими? дейди самарқандлик Носир ака.

Озодлик бу саволга жавоб топиш учун учта давлат - Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия чегараларидан ўтиш ҳолатларини ўрганди.

Ўзбекистон чегараларидан ўтиш бепул!

Ўзбекистон чегара постларидан биридаги навбатчи ходимнинг айтишича, ўзбекистонликлар мамлакат чегарасидан чиқаётганда ҳам, кираётганда ҳам умуман пул тўламайди.

- Сиздан чиқиб кетаëтганингизда пул олинмайди. Чегарадан ўтаëтганингизда пул тўламайсиз. Агарда юкингиз бўлса, масалан у-бу нарса олиб кетмоқчи бўлсангиз, кўп бўладиган бўлса, растаможка қилиб, олиб чиқиб кетасиз уни. Агар қўлингизда юкингиз бўлмаса, шундай чиқиб кетаверасиз. Ўзингизнинг нарсаларингиз бўлса, кийим-кечакларингиз, бошқа нарсаларингиз бўлса, шундай чиқиб кетаверасиз. Пул тўланмайди. Кираëтганингизда, масалан, Қозоғистондан юк олиб келаëтган бўлсангиз, масалан, телевизор ëки бошқа нарса олиб келаëтган бўлсангиз, ўшанда қонунда белгиланган миқдорда тўлов ундирилади. Ўзбекистон фуқаролари автомобил билан қўшни давлатга ўтмоқчи бўлса, бу бепул. Лекин масалан, Қозоғистон фуқаролари машина билан Ўзбекистонга кирмоқчи 5 доллар тўлашади ва бир ой юриши мумкин, деди ўзбек чегарачиси.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг ишонч телефони: +99871-2330994

Қозоғистон чегараларидан ўтиш ҳам бепул!

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара хизматининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, мамлакат чегарасидан ўтиш ва қайтиш мутлақо текин.

- Чегарачилар ҳеч нарса учун пул олишмайди. Улар фуқаронинг паспортини текширишади. Агар паспортингиз қонуний ва муддати ўтиб кетмаган бўлса, чегарадан бемалол ўтишга ҳақлисиз. Агар транспортингиз бўлса, у расмийлаштиради. Лекин чегарачиларга бир тийин ҳам тўламайсиз. Агар қозоқ чегарачилари пул олаётган ҳолатлари бўлаётган бўлса, бизга қўнғироқ қилишсин. Биз ўзимиз буни ҳал қиламиз. Кейин чегарадан ўтаётган товар олиб ўтиш масаласида божхоначиларга мурожаат қилиш лозим. Улар билади қанча тўлаш кераклигини, деди Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати ходими.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитаси Чегара хизмати/ Мурожаат учун телефон: +7717271-91-55.

Россия чегараларидан ўтиш ҳам ҳамма учун бепул!

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизматининг навбатчи ходимига кўра, Россия чегараларидан ўтаётганда ҳеч бир давлат фуқаросидан пул ундирилмайди.

- Бизнинг чегараларда ҳеч ким ҳеч нарсага пул тўламайди. Чегарадан ўтиш мутлақо текин. Агар фуқароларда қайсидир чегара постида пул олинаётгани ҳақида факт бўлса, Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизматининг расмий сайтида маълумот қолдириши мумкин. У ерда ўзининг контакт маълумотларини ҳам қолдиришини сўраймиз. Биз бу фактни ўрганиб, албатта расмий жавоб берамиз, деди Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизмати ходими.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати Чегара хизматининг расмий сайти: www. ps.fsb.ru. Ишонч телефонлари: (495) 224-2222, (495) 914-43-69.

Яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, Ozod Javobга мурожаат қилинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG