Линклар

Ўзбекистонда ярим миллион янги иш ўрни яратилди


Ўзбекистонлик ишга лаёқатли ёшларнинг асосий қисми мамлакатдан ташқарида ишламоқда

Ўзбекистонлик ишга лаёқатли ёшларнинг асосий қисми мамлакатдан ташқарида ишламоқда

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги жорий йилнинг январ-июн ойларида мамлакатда ярим миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилганини маълум қилди. Бироқ кузатувчилар бу рақам ҳақиқатдан йироқ эканини айтмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси 19 сентябр куни Ўзбекистон Меҳнат аҳолини ҳимоя қилиш вазири ҳисоботини тинглади. Вазир депутатларга жорий йилнинг олти ойи давомида 510,5 минг янги иш ўринлари яратилгани ҳақида ахборот берди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Интернет сайтида берилган хабарга кўра, иқтисодиётни ривожлантиришнинг "ўзбек модели"ни қўллаш натижасида “жаҳондаги кўплаб мамлакатларда молиявий ва иқтисодий инқироз ҳали ҳам давом этаётган ва бунинг оқибатида иш ўринлари қисқартирилаётган, корхоналар ёпилаётган бир пайтда фуқароларимизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ҳимояланганлигига эришиш имконини бермоқда”.

Бу хабарда ёзилишича, Ўзбекистонда инқирозга қарши қабул қилинган дастурнинг муқобили дунёда йўқ:

“Ушбу Дастурни ноёб деб аташ мумкин, зеро, мамлакат парламенти даражасида қабул қилинаётган бундай дастурлар жаҳоннинг ҳеч бир давлатида йўқ. Дастурни бажариш нафақат барқарор иш ўринлари ташкил этишга кўмаклашади, балки фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини ҳам таъминлайди, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратади”, деб ёзади Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси Интернет сайти.

Бироқ, аҳолининг бандлиги масаласи билан шуғулланадиган ўзбекистонлик мутахассислар Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги берган бу маълумотлар ҳақиқатдан узоқ эканликларини айтадилар.

Аҳоли бандлиги билан шуғулланадиган туман бўлимларидан бирида инспектор бўлиб ишлайдиган, исми хавфсизлик нуқтаи назаридан сир қолишни сўраган мутахассиснинг айтишича, бу иш ўринлари фақат қоғоздаги ҳисобот холос:

- Бу аслида шунча иш ўрни “яратасан” деган вазирликдан берилган топшириқ. Ҳар бир туманда аҳоли бандлигига кўмаклашувчи марказлар бор. Ўшаларга топшириқ берилдаи, масалан касаначилик, шу ойда 240та иш ўрни яратилиши керак, қурилишда фалонча одам ишга жойлашиши керак.

Энди бу қандай бўлади? Ўша корхоналарга инспекторлар бориб топшириқ беради. Бланкаларни топширади. Улар шунча одамни “ишга жойлаб”, бланкаларни тўлдириб беради. Кейин бу “иш ўринлари” статистика қўмитаси, туман ҳокимияти билан биргаликда баланс қилинади ва вилоятга ҳисобот берилади. Вилоят эса Тошкентга юборади бу маълумотларни,- дейди аҳоли бандлиги билан шуғулланадиган туман бўлимларидан бирида ишлаётган инспектор.

Унинг айтишича, “иш ўринлари” асосан Россияда, Қозоғистонда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари ҳисобидан “яратиляпти”:

- Бу одамлар ишламайди, лекин ҳисоботда бор одамлар. Масалан, меҳнат нозири маҳалла фуқаролар йиғинига боради. Россияда ишлайдиган одамларнинг рўйхатини олади. Уларнинг бешта-ўнтасини чақириб, паспортларининг ксерокопияларини олади ва гўёки фалон корхонага “ишга жойлайди”. Лекин у "фактически" ишламайди, аммо у ҳисоботда бор,- дейди инспектор.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўтган йилда 950 мингдан зиёд иш ўрни яратилган. 2012 йилда эса 967,5 мингта янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистонда ишга лаёқатли аҳолининг 4,8 фоизи, яъни 609,9 минг киши ишсиздир.

Шу пайтгача Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги ишсизлик даражасига оид маълумотларни хаспўшлаб келган. Эълон қилинган маълумотларда эса, ишсизлик даражаси ярим фоиздан ҳам камроқ экани иддао қилиб келинган.

Ўзбекистон ҳукумати кейинги 3-4 йил ичида йилига бир миллионга яқин янги иш ўринлари ташкил қилинаётганини ҳам иддао қилади.

Ўзбекистонда ишга лаёқатли аҳоли сони 16 миллионга яқин экани айтилади. Норасмий маълумотларга кўра, мамлакат ташқарисида мардикорлик қилаётган ўзбекистонликлар сони 3 миллиондан 5 миллионгачани ташкил қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG