Линклар

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманидаги 7 та ўзбек мактабида янги ўқув йилидан бошлаб 3200 нафар ўқувчи қирғиз тилида ўқитилмоқда.

Новқат туман халқ таълими бўлими бошлиғи Аққуш Асановга кўра, мазкур мактабларда ўқитишни қирғиз тилига ўтказиш ташаббуси новқатлик ота-оналар ва мактаб жамоаларига тегишлидир.

- Ўқитиш ўзбек тилида олиб борилган пайтда бу мактаблар дарслик билан 25-30 фоизга таъминланган бўлса, ўқитиш қирғиз тилига ўтганидан кейин биз 72-75 фоизга китоб билан таъминлаб бердик. Ҳозир ўқувчиларнинг қўлида китоб бор. Уларни ҳеч ким мажбурлагани йўқ, ўзларининг розилиги билан амалга оширилди бу иш. Қишлоқ ҳукуматларида ўтган мажлисларнинг баённомалари ва мактаб жамоалари илтимосномалари асосида биз ўқитишни қирғиз тилига ўтказдик, - дер экан Аққуш Асанов бу мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш давом этаётганини ҳам қўшимча қилди.

Маълумотларга кўра, Янги Новқат қишлоғидаги Мирзо Улуғбек ва Найманбоев номли, Эски Новқатдаги Чилисой, Нойғут, Абдуллаев, Позилов ва Қодирий номли ўзбек мактабларида шу кунда ўқитиш қирғиз тилида олиб борилмоқда.

Найманбоев номидаги мактабнинг математика ўқитувчиси Маматюсуф Мамажонов мактаб жамоаси ва ота-оналарнинг бу каби қарорга келишини қуйидагича изоҳлайди:

- Биз аввал китобларни Ўзбекистондан олиб келардик. Ҳозир улар ҳам лотин алифбосига ўтиб кетганидан кейин бизга китоб умуман етишмай қолди. Қирғиз тилига ўтишимизнинг асосий сабаби ҳам китоблар етишмаслиги бўлди, - деди Маматюсуф Мамажонов.

Унинг айтишича, ўзбек мактабларида ўқитишни қирғиз тилида олиб бориш ташаббусини кўтарган новқатликлар бу мактаб ўқувчиларининг кейинчалик олий ўқув юртига кириш истиқболини ҳам ҳисобга олганлар. Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон олийгоҳларида ўқитиш асосан қирғиз ва рус тилларида олиб борилади. Ўзбек тилида ўқитиладиган олийгоҳлар эса, Ўш ва Жалолобод университетларидаги айрим бўлимларни ҳисобга олмаганда, йўқ деса ҳам бўлаверади.

Новқатлик Муроджон ўзи яшаб турган ҳудуддаги 7 мактабнинг қирғиз тилига ўтишини ноиложлик чораси ўлароқ баҳолайди.

- Агар бизда олий ўқув юртларида мутахассислар, мактаб ва олийгоҳларда эса ўзбек тилидаги материаллар етарли бўлганда эди, унда фарзандларимизнинг ўзбек тилида ўқиши албатта фойдадан ҳоли бўлмасди. Бугунги давр шуни талаб қилар экан, демак, биз фарзандларимиз яхши билим олишининг тарафдоримиз, - дейди новқатлик Муроджон.

Новқат туман халқ таълими бўлими бошлиғи Аққуш Асановнинг ваъда қилишича, ўқитиш қирғиз тилига ўтказилган 7 мактабнинг ўзбек тилида дарс берган ўқитувчилари ҳам ишсиз қолмайди.

- Биз Ўш вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институти билан келишиб, сентябр, октябр ва ноябр ойларида олийгоҳни ўзбек тилида битирган ўқитувчиларни қайта тайёргарликдан ўтказамиз. Ҳозирча биз уларга қирғиз тилини билиш бўйича қаттиқ талаб қўймоқчи эмасмиз. Биз уларга: “Бу йил ва кейинги йил яхшилаб ўрганинглар қирғиз тилида дарс беришни, давлат тилида ўқитиладиган мактабга қўйилажак талабни сизларга уч йилдан кейин қўямиз”, дедик ва уларга уч йил муддат бердик, - дейди Аққуш Асанов.

Қирғизистон Таълим ва Фан вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, шу кунда Қирғизистонда 223 мактабда ўқувчилар ўзбек тилида билим олиш имкониятига эгалар. Бу мактабларининг 91 тасида ўқитиш фақат ўзбек тилида, 67 тасида ўзбек ва қирғиз тилларида, 43 тасида ўзбек ва рус тилларида, 22 тасида эса ўзбек, қирғиз ва рус тилларида олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG