Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:59

Ўзбекистон ва Россия орасидан қора мушук ўтди


Қайси нокаснинг кўз тегдики, Ўзбекистон ва Россия орасидан яна қора мушук ўтди. Ўтганда ҳам сумбати мундайроқ йўлбарсча келадигани ўтди.

Аслида-ку, бу икки давлат ўртасидаги муносабатлар охирги чорак асрда неча марта илиб, неча марта совиди – саноғига етадиган валломат қани!..

Ўзбекистонда сиёсат ҳаммадан бурун матбуотга таъсир қилади. Шу кунларда газетамизда Россия ҳақидаги ижобий мақолалар қатағонга учради. Бош муҳарриримиз “ўрис оға” номини мақтаб эсламасликни уқтирди (Шундоғам Россияни мақташга кўзимиз учиб тургани йўқ, мақташга ўзимизнинг катталаримиз етиб ортади!).

Аммо Россиядаги бирор шаҳарни сел-пел олган бўлса, портлаш-мортлаш рўй берган бўлса, эътироз йўқ, газета саҳифалари ланг очиқ! Бошқа таҳририятлардаги "қуролдошларимизнинг" қулоғига ҳам айни кўрсатма қуйилган, шекилли, охирги кунларда “Россиянинг иши ўнгидан келмаётгани” ҳақида тасаввур берувчи хат-хабарлар кўпайиб қолди.

Икки давлатнинг ҳам тўнини тескари кийиб олганига сабаб қилиб айнан бир воқеани кўрсатиш қийин. “Россиянинг НАТОси” – ОДКБдан чиқиб кетганимиз, 9 миллиондан ошиқ мардумни “кару соқов” қилиб “МТС” эшикларининг тамбаланиши... Ишқилиб, ҳамма-ҳаммаси бир бўлди-ю, маддалаб ётган яра ёрилди-қўйди.

Оқ пошшонинг меросхўрлари ўз ҳаққини осонликча бериб қўймайди-ёв! Шу кеча-кундузда Кремл қасдма-қасдига Қамбарота ГЭСини қуриш учун Қирғизистонга пул ажратадиган бўлиб турибди. Кеча Бишкекка келган Владимир Владимирович бу ҳақда битим имзолаши кутиляпти. Бу, энди, шундоқ ҳам алангалаётган оловга мўл-кўл мой сепгандек гап!

Ҳўкизнинг шохига урсангиз, туёғи зирқирайди. Сиёсатдонлар бугун уришиб, эртага ҳеч гап бўлмагандек ярашиб кетаверади. Лекин ҳар доим ҳам “калтакни етим егани” чатоқ-да!

Россия сиёсатини ёқлаган жойим йўқ. Ўзбекистон Кремлга қуллуқ қилиши керак деган фикрдан бир тош наридаман. Фақат... шу зиддиятлардан Россияда меҳнат қилиб, қора қозонини қайнатаётган қоракўзларимиз жабр кўрмасин дейман.

Тожикистон рус учувчисини қамаб қўйгани эсингиздами? Шу ордона қолгур арзанда учувчининг дастидан Россиядаги юзлаб тожик муҳожирлари қувилгани ҳам ёдингиздадир? Айтинг-айтинг, дунёнинг кўп давлатларида тайёр ўлжаларини қўлдан чиқарган “Маймоқ полвон” (Россия ўзини Айиқ чоғларди, чоғи) бор омадсизликлари аламини биздан олмасин!

Кремлнинг одамзот ошиб ўтолмайдиган баланд деворлари ортида қандай фитна тўрлари тўқиляпти – билиш мушкул. Ҳайтовур, эскиларимиз айтганидек, Ўзидан бегона қилмасин!

Расмий газетада ишлайман, шунинг учун, узр, исмимни ошкор қилолмадим. Умуман, кимлигимни нима аҳамияти бор? Муҳими, айтилган сўз...
XS
SM
MD
LG