Линклар

logo-print

Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари Сеулда бир қатор йирик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, Устюрт газ ва кимё заводини қуриш бўйича ишларни давом эттиришга келишишди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак ўртасида Сеулда бўлган пайшанба кунги музокаралар якуни бўйича Қўшма баёнотда билдирилган.

Ўзбекистонни йигирма икки ярим йилдан буён узлуксиз бошқариб келаётган Каримов чоршанба куни уч кунлик давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга келди.

Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи Тошкент ва Сеул ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан 20 йил ўтиб амалга ошмоқда ва бу Каримовнинг Кореяга ҳисоб бўйича саккизинчи сафаридир.

Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бак 2008 йилда лавозимига киришганидан буён Ўзбекистон раҳбари билан олтинчи марта учрашяпти.

Пайшанба куни Сеулдаги музокаралар чоғида иккала давлат президентлари
Орол денгизи яқинидаги Сурғил газ конини ўзлаштириш ҳамда Марказий Осиёдаги энг йирик Устюрт газ ва кимё заводини қуриш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олишди.

Қиймати 4,1 миллиард АҚШ долларига тенг бу шартнома Жанубий Корея Президенти Ли Мён Бакнинг Ўзбекистонга ўтган йил августида қилган ташрифи давомида имзоланган эди.

1992 йилда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида муносабатлар ўрнатилганидан буёнги энг йирик ҳамкорлик шартномаси экани айтилаётган газ ва кимё заводини қуриш ишлари шу йилдан бошланган.

Қўшма лойиҳани Кореянинг GS Engineering & Construction Corp., Samsung Engineering Co., Hyundai Engineering Co. каби ширкатлари ва "Узбекнефтегаз" Миллий Холдинг Компанияси амалга оширишмоқда ва 2014 йилгача битказилиши кутилмоқда.

Пайшанба куни Сеулдаги музокаралар чоғида ҳар иккала президент завод қурилиши бўйича ишлар кўнгилдагидай бораётганини таъкидлашди.

Устюртдаги газ ва кимё комлекси ишга тушгач, Сурғил конидан йилига 3 миллиард куб метр табиий газ билан таъминланиши режалаштирилган.

Газ ва кимё заводига шунингдек Устюрт минтақасидаги бошқа газ конларидан 1,5 миллиард куб метр газ етказиб берилади.

Бундан олти йил муқаддам очилган Сурғил конидаги газ заҳиралари 130 миллиард куб метр экани тахмин қилинади.

Шунингдек, Сеулдаги музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасини барпо этиш, Навоий аэропортини Ўзбекистон жануб-ғарбидаги энг йирик ҳаво бандаргоҳига айлантириш бўйича биргаликда олиб борилаётган ишларни даво эттиришга келишдилар.

“Навоий” аэропорти негизида Жанубий Кореянинг “Кореан Эйр” ва бошқа юк ташувчи авиакомпаниялар иштирокида энг замонавий технологияларга асосланган ҳаво, темир ва автомобил йўлларини бир-бирига боғловчи қитъалараро юк ташиш маркази келаси йил очилиши кутилмоқда.

“Кореан Эйр” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпаниялари берган маълумотга кўра, юк терминали бир кунда камида 10 та тўла юк ортилган “Боинг-747” самолётига хизмат кўрсатишга қодир бўлади.

Ўзбекистон томони, шунингдек, кореялик ишбилармонларни Тошкент яқинидаги Ангрен шаҳри негизида эркин иқтисодий ҳудуд барпо этиш лойиҳасида қатнашишга ҳам таклиф этган.

“Transparency International” индексига кўра, коррупиция даражаси 178 мамлакат орасида 172 ўринда турадиган Ўзбекистон Ғарб сармоядорларини жалб этишда қийинчиликларга дуч келади.

Шу боис Ўзбекистонга сармоя киритувчилар асосан Осиё мамлакатлари, хусусан Жанубий Корея бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Тошкент ва Сеул ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан 20 йил ўтиб, Жанубий Кореянинг Ўзбекистон иқтисодиётига ётқизган сармояси 10 миллиард доллардан ошган.

Ўзбекистонда Жанубий Корея инвестицияси иштирокида 400 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Улардан 66 таси юз фоиз хорижий капитал билан ишлайди. Ўзбекистонга сармоя киритган энг йирик ширкатлар Корея миллий нефт корпорацияси (KNOC), Корея газ корпорацияси (KoGas), “Daewoo International”, “Korean Air”, “Shindong Enercom”, “Haintex” ва “LG” ҳисобланади.

Тошкент ва Сеул ўртасидаги муносабатлар кўлами кенгайиши ортидан юз минглаб ўзбекистонликлар учун Кореяга эшиклар каттароқ очилди.

Сеул Университети биринчи курс талабаси фарғоналик 21 яшар Элёр Жанубий Кореяда давлат томонидан юборилган юзлаб талабанинг бири.

- Каримов келяпти экан, умид қиламиз бу ташрифдан кейин ҳаморлик яна ҳам кенгаяди. Мен бу ерда ҳам ўқийман, ҳам ишлайман. Уйга пул ҳам жўнатиб тураман. Энг муҳими пул эмас, тажриба. Биз бу ерда ўқиб, Корея тажрибаси, технологияларни ўрганиб мамлакатга қайтиб борганимиздан сўнг мамлакат тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшамиз,- дейди Элёр.

Ўзбекистонда собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида энг йирик корейс жамоаси яшайди. Сталин даврида Ўзбекистонга бадарға қилинган корейслар сони тахминан 200 минг экани хабар қилинади.

Тошкентдаги Корейс маданий маркази раҳбари Виктор Пак Корея сармояси оқиб келиши оқибатида сўнгги йигирма йил ичида минглаб янги иш ўринлари очилганини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистонда деярли барча соҳада корейс бизнеси иштироки бор. Кириб келаётган сармоялар оқибатида нафақат биз корейслар учун, балки бутун мамлакат фуқаролари учун қўшимча иш ўринлари очиляпти. Корея ва Ўзбекистон ҳамкорлигидан барчамиз манфаатдормиз. Маданий соҳада ҳам ҳамкорлик кенгймоқда. Бу йил корейсларнинг Ўзбекистон тупроғига ерлашганининг 75 йиллигини ва Корея-Ўзбекистон муносабатларининг 20 йиллигини ношнлаяпмиз - дейди Виктор Пак.

Ўзбекистон экспортининг асосий қисмини пахта толаси, транспорт, туризм ва коммуникация хизматлари, истеъмол маҳсулотлари ташкил қилади.

Кореядан эса Ўзбекистон машина, асбоб-ускуналар, технология, кимё маҳсулотлари ва пластмасса, қора металл, нефт ва нефт маҳсулотлари сотиб олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG