Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:04

Кремл минтақада сув назоратини қўлга киритиши мумкин


Қирғиз расмийлари Россия президенти Владимир Путиннинг 20 сентябрда Бишкекка ташрифи доирасида имзоланган шартномаларнинг моҳиятини очиқладилар. Россия Қирғизистоннинг 189 миллион доллар қарзидан кечиб, ГЭС лоийҳаларига 2 миллиард 450 миллион доллар сармоя ётқизади.

Расмий маълумотга кўра, Россия Қирғизистонда қурилиши режалаштирилган Қамбарота-1 ва Норин ГЭС каскадлари лойиҳасини молиялаштиради. Шартномага асосан, жами 5 та ГЭС қурилади. ГЭСлар улушининг 50 фоизи Россияда, 50 фоизи Қирғизистонда бўлади. ГЭСларга сарфланган маблағ ўзини оқлагунига қадар гидроиншоотлардан фойдаланиш Россия ихтиёрида бўлади. Қирғизистонга электр энергиясини Хитой, Покистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш ҳуқуқи берилади.

Мазкур лойиҳаларга сарфланадиган маблағ ҳақида Қирғизистон иқтисодиёт вазири Темир Сариев маълумот берди:

-Юқори Норин ГЭСлар каскади қурилишига 400-450 миллион доллар, Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига эса 2 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланиши ҳисоблаб чиқилган, -деди Темир Сариев.

Расмийга кўра, ГЭСлар қурилиши учун сарфланадиган 2 миллиард 450 миллон доллар маблағни Россия беради.

Сиёсатшунослар Кремл ГЭСларнинг 50 фоиз улушига эга бўлиш билан минтақадаги эгнергетика ва сув сиёсатига таъсир ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади, деб ҳисоблайдилар.

Ўзбекистон мазкур ГЭСлар қурилишига қарши чиқаётган эди. Бироқ музокаралардан сўнг журналистлар саволларига жавоб берган Владимир Путин ҳам, Алмазбек Атамбаев ҳам ГЭСлар қурилишида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг иштирок этиши тарафдорлари эканини, мана шу йўл билан Ўзбекистоннинг қаршилигига барҳам берилишини айтиб ўтдилар.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Мирослав Ниёзов қирғиз томони иқтисодий ривожланиш учун Ўзбекистон қаршилигига қарамай мазкур ГЭСларни қуришга мажбур бўлишини айтди:

-Ўзбекистон қарши бўлаяпти, бироқ Қирғизистоннинг бошқа йўли йўқ. Сув бизнинг асосий бойлигимиз ҳисобланади. Вақти келиб сув товар сифатида баҳолана бошлайди. Ўзбекистон ва Қозоғистон минтақага углеводородларни берса, Қирғизистон минтақага сув беради. Шунинг учун ҳам бу масалани маданиятли тарзда, халқаро меъёрларга амал қилган ҳолда, ҳеч қандай зўравонликларсиз ва таҳдидларсиз ҳал қилиб олишимиз керак, -деди Мирослав Ниёзов.

Бундан ташқари, Россия Қирғизистоннинг 500 миллион долларлик қарзининг 189 миллион долларидан кечди. Қарзнинг қолган 300 миллион доллари 2016 йилдан бошлаб 10 йил оралиғида, яъни ҳар йили 30 миллион доллардан кечиб борилади.
Бунинг эвазига Қирғизистон 2017 йилдан бошлаб Қант шаҳридаги Россия ҳарбий ҳаво базаси ҳозирлиги муддатини яна 15 йилга узайтиради.

Журналистларнинг “Россия президенти билан музокаралар давомида Бишкекдаги Манас АҚШ базаси масаласи кўтарилдими?” деган саволига Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев “Йўқ” деб жавоб берди.

-Биз Америка базаси масаласини муҳокама қилмадик. Аммо мен 2010 йилдан бери “Манас” аэропорти фақат фуқаровий авиация учун хизмат қилиши керак, деб айтиб келаман. 2014 йилдан бошлаб “Манас” яна фуқаролар учун хизмат қиладиган аэропортга айланади. Мен бу фикримдан қайтганим йўқ, -деди Алмазбек Атамбаев.
XS
SM
MD
LG