Линклар

Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳридаги тўйхона, ресторан ва кафеларда тўй-ҳашам, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 732-сонли қарори 21 сентябр куни маҳаллий матбуотда эълон қилинди.


Тошкент шаҳар ҳокими қарорига кўра, энди тўй қилмоқчи бўлган шахс маросимни тўйхона, ресторан эгалари, тўйда хизмат қиладиган созанда ва тўй бошловчилару овоз кучайтириш, дизайнер, фото ва видео суратга олиш, лимузин хизмати ҳамда бошқа юридик ёки жисмоний шахслар билан шартнома тузган ҳолда ўтказиши керак бўлади.

- Мазкур қоидалар 100 киши ва ундан ортиқ шахслар иштирокида тўйхоналар, ресторанлар ва кафеларда ташкил этиладиган тадбирлар учун амал қилади, деди Тошкент шаҳар ҳокимиятининг ўз исмини айтмаган мулозими.

Шартномада буюртмачи ва хизмат кўрсатувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ҳамда хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, муддатлар ҳамда амалдаги қонунчиликда белгиланган талаблар кўрсатилиши керак.

Тасдиқланган янги тартиб-қоидаларнинг юз ва ундан ортиқ одам иштирокида ўтадиган диний маъракаларга ҳам таалуқли бўлиши айтилмоқда.

Бундан буён бунақа маъракаларда диний мавзуда маърузаларнинг ҳам расмий лицензияси бор дин соҳаси вакили томонидан қилиниши ҳам шарт қилиб белгиланди¸ ҳаваскор воизлар маърузаси тақиқланди.

Янги тартибга мувофиқ тонги соат 4 да бериладиган наҳор ошларининг вақти эрталабки 7 дан 9 гача деб белгилаб қўйилди. Кечқурун бўладиган тўйларнинг эса соат 23.00да тугаши шарт қилиб белгиланган.

Қарорда тўйларни назорат қилиш учун "Маҳалла" хайрия жамғармасига ҳам бир неча вазифалар юкланган.

Маҳалла оқсоқоллари тўй эгалари билан тушунтириш ишлари олиб бориши ва маъракаларнинг имкон қадар ихчамлаштириш бўйича таклифлар бериши лозим.

Тошкент шаҳридаги тўйхоналардан бирида ишловчи Комил аканинг айтишича, қарорда кўрсатилган тўй вақтига қатъий риоя қилиш аллақачон бошланган.

- Тўй 7 да бошланиб, максимум 10:30 тугаяпти. Одамлар бу нарсани тушунаяпти. Чунки уларни тўйдан олдин маҳалла огоҳлантиради, тўй мана шу вақти тугайди деб, қўл қўйдириб олади. Яна қанчадир жаримаси ҳам бор, шекилли", дейди тошкентлик Комил ака.

Тошкентдаги тўйларни ташкиллаштириш билан шуғулланадиган “Фиеста” ширкатининг ўзини Елена деб таништирган ходимаси ҳам тўйлар кечқурун 11да тугаётганини айтади.

- Ўйин-кулгини 11дан кейин давом эттиришни хоҳловчилар уйларига ёки бошқа жойларга бориб буни қилишаяпти. Тартибга амал қилмасдан бошқа иложимиз йўқ, дейди Елена.

Яқинда ўғил уйлантирган тошкентлик Қаҳҳор ака тўй зиёфатини ўзига 25 минг доллар сарфлаганини айтади.

- Тўйхонада бир ўринга 150 доллардан тўғри келяпти. Бундан ташқари декорация, лимузин, фото сессия, дейди. Артистларга тўлайсиз. Шуни ўзи 25 минг атрофида айланди. Сарполарни гапирмасам ҳам бўлади, - дейди қаҳҳор ака.

Артистлар ҳам энди солиқ тўлайди

Лицензияга эга бўлмаган хонандаларнинг тўй тадбирларида хизмат кўрсатишига тақиқ Ўзбекистонда аввалдан мавжуд.

Эндиликда бирон қўшиқчи тўйда хизмат кўрсатиш учун нафақат лицензияга эга бўлиши, балки тўй қилмоқчи бўлган одам билан шартнома ҳам имзолаши ва хонанда хизмат-ҳақини шу шартномада аниқ белгилаши керак бўлади.

- Ҳозирча бундан хабаримиз йўқ. Ҳали ҳеч ким айтмади бизга. Ҳозирча оғзаки келишув билан бораяпмиз. Лекин лицензиямиз бор, дейди ўзбекистонлик донгдор қўшиқчилардан бирининг вакили.

Ўзбекистонда бирон таниқли хонандани тўйга таклиф қилиш бир неча минг доллар туриши айтилади.

Аксар хонандалар тўй ўтказувчи билан оғзаки келишув асосида хизмат қилиб келади.

– Бирровга 400 доллар. Тўйда бошидан охиригача туриб бериш 5000 доллар туради. Шартнома керак деб айтилаётган бўлса тузамиз¸ деди ўзбекистонлик хонанда Нилуфар Усмонованинг вакили.

Кузатувчиларга кўра, Тошкент ҳокимиятининг янги қарори тўй-ҳашамлардан кўрилаётган даромаддан давлат ғазнасига солиқлар тушимини оширишга қаратилган.

- Шартнома бўлса ва у ерда тўловлар кўрсатилса¸ албатта¸ даромад солиғи тўланади. Бу ерда ҳукумат бир томондан тўйларни тартибга солиб, давлат хазинасига ҳам пул тушимини оширмоқчи, дейди тошкентлик кузатувчи Жаҳонгир Шосалимов.

Тўйларни қарор ёки қонун билан тартибга солиб бўладими?

Тошкент ҳокимининг қарори маҳаллий матбуотда тўйлардаги дабдабаларни қораловчи туркум мақолалар чоп этилиши ортидан қабул қилинмоқда.

Лекин маҳалла томонидан айтилаётган ушбу чораларга ҳар ким ҳам амал қилаётгани йўқ.

Орзу-ҳавас қилиб тўйни кам қилмасликка интилаётганлар Ўзбекистонда, айниқса пойтахт Тошкентда талайгина.

- Энди дабдаба тўйларни қилаётганлар кимлар. Давлат амалдорларини ўзларику. Олдин уларни ўзлари бир ўрнак кўрсатишсинчи. Уларни ўзлари камтарроқ, ихчам ва чиройли қилиб ўтказишсинчи, шунда бошқалар ҳам эргашади, дейди тошкентлик Лазокат опа.

Ўзбекистонда тўйлардаги дабдабани камайтириш ўтган асрдан баён муҳокама қилиниб келинадиган мавзу. Лекин тўйларда дабдаба ошса ошаяпти, лекин камайгани йўқ.

Тошкентлик фаол Жаҳонгир Шосалимов тўйларни ҳукуматни қарорлари ёки қонунлари билан тартибга солиш ўта мушкул эканини айтади.

- Халқ орасида шовла кетса-кетсин обрў кетмасин, деган гап бор. Тўйлар маҳалла орасида обрў орттириш воситасига айланган. Энди бизда қанақа ҳукумат қонунларни қабул қилаверади, одамлар билганини қилаверади, дейди ўзбекистонлик кузатувчи.

Интернет маконида эса ўзбек поп юлдузларидан тортиб таниқли амалдорларнинг ҳашаматли тўйларини кўриб эса Ўзбекистондаги дабадабанинг чеки йўқлигига гувоҳ бўласиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG