Линклар

logo-print

Умиджон ўзи ўлдими ёки?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик мухожир Умиджон Пулково аэропортида регистрациядан ўтганидан сўнг ўлгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик мухожир Умиджон Пулково аэропортида регистрациядан ўтганидан сўнг ўлгани айтилмоқда.

Фарғона шаҳридан Россияга ишлагани борган 34 ёшли Умиджонни жасади ўз юртига олиб келинди. У Санкт-Петербург шаҳридан Ўзбекистонга учаётган пайтда, аэропортда сирли равишда қазо қилган. Умиджоннинг яқинлари уни қора кийимдаги полиция ходимлари олиб кетгани ва шундан сўнг унинг жасади аэропорт яқинидаги қурилишлардан биридан топилганини иддао қилишмоқда.

Фарғона шаҳар Ўразаева кўчасидаги 42-уйда истиқомат қилган Умиджон Назархўжаевнинг жасади 19 сентябр куни тупроққа қўйилди.

Икки йилдан буён Россияда ишлаб келган муҳожири 14 сентябр куни Санкт-Петербургдаги “Пулково-1” аэропортида сирли равишда ҳалок бўлган.

Умиджоннинг онаси Раъно Дадабоеванинг айтишича, 14 сентябр куни у ўғлини кутиб олишга Андижон аэропортига чиққан, бироқ ўғли келмаган:

- Ўғлим келмади. Ўғлимнинг ўртоқларига телефон қилдик, улар ахтаришга тушишди. Маълум бўлишича, у ўша куни регистрациядан ўтган, юкини топширган. Таможнядан ўтаман деб турган пайтда, қора формадаги иккита “ОМОН” мелиса кептида, ўғлимни қўлтиғидан олиб чиқиб кетишибди. Буни ўша ерда Ўзбекистонга учмоқчи бўлиб турган бир аёл кўрган экан. Ўша айтиб берди, - дейди Раъно Дадабоева.

Онахоннинг айтишича, 14 сентябрдан 15 га ўтар кечаси¸ тунги соат 2 ларда Умиджоннинг жасади аэропорт яқинидаги қурилишлардан бирида топилган:

- Ўғлим бир чуқурга ташланган, думалоқ бўлиб бужмайиб ётган экан,- дейди Умиджоннинг онаси.

15 сентябр куни Умиджоннинг опаси Қимматой Юсупова ва синглиси Зиёда Санкт-Петербург шаҳрига етиб борган. Зиёданинг айтишича, акаси жасади моргда экспертиза қилинган ва унга юрак хуружидан ўлди¸ деган ташхис қўйилган. Бироқ Зиёда бу хулосага ишонмаслигини айтади:

- Биз сразу аэропорт полициясига учрадик. Бизни икки соат сўроқ илишди. Антон исмли полиция айтдики, акаларингни бир бети шишиб кетган танимайсизлар, тепадан тушиб кетган, бўйни билан қўли синган¸ деди. Кейин ўша қурилишни кўрсатишди. У ёққа киришнинг иложи йўқ, атрофи забор билан ўралган экан,- дейди Умиджоннинг синглиси.

Зиёдага кўра, улар полициядан ўша кунги аэропортдаги видокамералар суратга олган тасвирларни кўрсатишни талаб қилган, бироқ полиция ўша куни камералар ишламаган¸ деган баҳонани айтган.

- Бизни у ерда шунақа ўйин қилишди, ўйин қилишди. Ўзларини айби борлиги аниқ бўлиб қолди. Мана биз моргда акамни ёргани олиб кириб кетишганда турсак, акамни экспертиза қилаётган врач бехосдан чиқиб, биздан сўраяпти: “сувга чўкиб кетаётган пайтда олдида ким бўлган”, деб сўраяпти. Нима учун деб сўрасак, “у сувга чўкиб ўлган” деяпти. Аэропортдаги полициялар эса аканг баландликдан йиқилиб ўлди, деганди, - дейди Зиёда.

Унинг айтишича, охир-оқибат суд-тиббий экспертиза Умиджонни юрак хуружидан ўлди¸ деб маълумотнома берган.

Бироқ, Умиджоннинг ўлимидаги сирли нуқталар очилмай қолмоқда.

Биринчидан,полиция Умиджоннинг яқинлари билан биринчи бор учрашганда, унинг жасади аэропорт яқинидаги қурилишдан топилгани ҳақида айтган. Иккинчидан, унинг жасади экспертиза қилинганда, врач унинг сувда бўғилиб ўлганини айтган. Учинчидан, судмедэкспертиза эса тамоман бошқача хулоса берган.

Умиджоннинг синглиси Зиёда бу саволларга жавоб олиш учун судмедэкспертиза ва полицияга бир неча бор мурожаат қилганини айтди:

- Биз экспертизда охирги хулосани бераётган врачдан сўрадик, боя сувда бўкиб ўлган дегандиларингку, энди бундай деяпсизлар, деб. У айтдики боринглар шунақа деган врачнинг ўзидан сўранглар деди. Борсак у ўн беш минутда ичида ғойиб бўлибди. Уни тополмадик. Кейин яна полицияга бордик, булар бунақа хулоса беряпти, сизлар ундай деб айтгандиларинг, дедик. Нима савол берсак, ўзларини саволдан олиб қочиб, гапни айлантираверишди.

Улар кейин бизга жуда қўпол муомалада бўлиб қўрқитишди. "бори шу, ўликни олиб кетсаларинг олиб кетинглар, бўлмаса ўлик бизда бир ой қолади, биз уни текширамиз, деди. Лекин биз укамизни тезроқ олиб бориб жойига қўяйлик, деб индамай кетавердик,- дейди Зиёда.

Умиджоннинг опаси Қиммат Юсупованинг айтишича, унинг жасадида қийноқ аломатлари бўлган:

- Бошида учта мих урилгандай из бор. Шу жойлар қорайиб кетган. Елкасида ва почкасида қорайган излар бор эди. Ўнг қўли ҳам синганга ўхшади,- дейди Қиммат Юсупова.

Озодлик Санкт-Петербург шаҳридаги “Пулково-1” аэропортининг йўналишли полиция бўлимига қўнғироқ қилиб, ушбу воқеа тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди. Бироқ полиция бўлими ходими телефон орқали ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтди.

Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси раҳбари Алижон Ҳайдаров Озодлик билан суҳбатда, бу воқеадан хабари борлигини айтар экан, судмедэкспертиза берган хулосани такрорлади:

- Ҳа, хабаримиз бор. Аэропортда нейтрал зонада ўтирган жойида юраги ушлаб ўлиб қолибди экан. Бу ҳақда экспертиза хулосаси бор, - дейди ўзбек диаспораси раҳбари Алижон Ҳайдаров.

Умиджоннинг опаси Қиммат Юсупова укасининг юрак касаллиги йўқлиги, у соппа-соғлом йигит бўлганлигини айтади:

- Укамнинг юраги бақувват эди. Ҳеч қачон шикоят қилмаган. Фақат ошқозонида сал дарди бор эди, холос, - дейди Қиммат Юсупова.

Умиджоннинг яқинлари бу воқеани холис текшириш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига мурожаат қилиш ниятида эканликларини айтдилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG