Линклар

logo-print

Мусулмон дунëсида Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган филм ва суратларга қарши норозилик давом этмоқда. Мусулмонлар ва Исломга қарши АҚШ ичидаги тоқатсизлик ифодаси деб кўрилган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмидан сўнг бошланган бу норозилик¸ президент Обаманинг араб дунëсига нисбатан сиëсатини танқид қилишга асос бермоқда.

АҚШ президенти сифатида иш бошлаганидан беш ой ўтиб Қоҳирада қилган маърузасида Барак Обама нафақат АҚШ¸ балки Ғарбнинг мусулмон дунëсига нисбатан муносабатида янги давр бошланишига умид уйғотган эди:

- Мен Қоҳирага АҚШ ва дунë мусулмонлари ўртасида янги муносабатлар даври бошлаш умидида келдим. Бу муносабатлар ўзаро манфаатлар ва ўзаро ҳурмат устига қурилмоғи лозим. Бу муносабатлар Америка ва мусулмонлар бир-бирини инкор қилмайди ва ўзаро рақиб эмас¸ деган ҳақиқат устига қурилмоғи лозим. АҚШ ва мусулмон дунëси аслида бир хил қадриятлар устига қурилган ва бир хил принципларга ишонади. Бу эса адолат¸ тараққиëт¸ ўзаро тоқатлилик ва инсон қадри каби ғоялардир¸ деган эди Қоҳирада қилган машҳур нутқида Обама.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг АҚШнинг Ироқ ва Афғонистонда бошлаган урушидан 10 йилча ўтиб¸ Обама Қоҳирада мусулмонларни ўзаро ишончсизлик ва шубҳалар даврини ëпиб¸ муносабатларда янги саҳифа бошлашга чақирган эди.

Аммо Обаманинг бу чақириғи¸ унинг уринишларига қарамай¸ бугунга келиб самарасиз қолди¸ дейди америкалик таҳлилчи Майкл Рубин Озодлик билан суҳбатда:

- Мен Яқин Шарқнинг Оқ уйда ўтирганлар столидаги асосий масала эканига ишонмайман. Аксар ҳолларда¸ Оқ уйда Обама ëки Буш ëхуд Клинтон ўтирганидан қатъий назар¸ АҚШнинг Яқин Шарққа нисбатан сиëсати фаол бўлган эмас. Бу асосан¸ минтақадаги жараëнларга фаол аралашиш эмас¸ балки уларга муносабат билдириш ëндашувидир¸ дейди Рубин.

Сайловолди кампанияси белгиловчи босқичга кирган айни кунларда Оқ уйнинг Яқин Шарқ сиëсати мухолиф республикачилар учун асосий танқид нишонига айланди.

“Мусулмонлар гуноҳсизлиги" ҳаваскор филмига қарши Ливияда юзага чиққан норозилик оқибатида Бенғозидаги АҚШ консуллигининг вайрон этилгани ва тўрт Америка дипломати¸ хусусан элчи Стивенснинг ўлдирилгани республикачилар томонидан Обама юрғизган Яқин Шарқ сиëсатининг муваффақиятсизлиги сифатида талқин этилмоқда.

Аммо аксар ташқи сиëсат таҳлилчилари каби Майкл Рубин ҳам Муҳаммад пайғамбар ҳажв қилинган филмга реакция сифатида бошланиб кетган зўравонликлар илдизи¸ аслида мусулмон дунëсида ўнлаб йиллардан бери ҳукм сураëтган мустабидлик ва иқтисодий имконлар йўқлигидан туғилган ғазабга бориб тақалишини айтади:

- Бугун биз Яқин Шарқда гувоҳ бўлаëтганимиз норозиликнинг 80 фоизи араб дунëсидаги ички сиëсат билан боғлиқ¸ фақат бу норозиликни АҚШ га йўналтириш қулай . Обаманинг хатоси¸ Яқин Шарқдагилар билан гаплашиш оҳангини ўзгартиришнинг ўзиëқ¸ минтақадаги АҚШ имиджини ўзгартиради¸ деб ишонганидир. Бундай бўлмади¸ дейди америкалик таҳлилчи.

Вашингтондаги Woodrow Wilson марказининг Яқин Шарқ бўйича таҳлилчиси Аарон Миллер ҳам¸ араб дунëсидаги аксил-Америка ҳиссиëтлари учун Обама сиëсатини айблаш асоссиз эканини айтади:

- Бу минтақадагилар АҚШ га нисбатан ниҳоятда кучли ғазаб билан яшаб келаëтган ва “Араб баҳори” бу ғазабни салгина юмшатди. Аслида¸ 40 йилдан бери қайнаб келаëтган бу ғазаб учун ҳам республикачи¸ ҳам демократ маъмуриятлар бирдек масъул. Бу ғазаб илдизи АҚШнинг Исроилни кўр-кўрона қўллашига бориб тақалади.

Қолаверса¸ Ироқ ва Афғонистондаги урушлар¸ аксил-террор сиëсати ва учувчисиз қирувчиларнинг мусулмон давлатлари ҳудудига бемалол ҳужум қилиб келаëтгани ҳам бу ғазабни кучайтириб юборди. Айни пайтда¸ бизнинг маданиятимиз¸ қадрият ва эркинликларимизни мутлақ қабул қилмайдиган маргинал гуруҳлар таъсири кучайиб бораëтгани ҳам факт. Улар бизнинг қадриятларимиз заминини ташкил этувчи сўз ва эътиқод эркинлиги 4-даражали киночига ҳам мусулмонларни ҳақорат қиладиган филм ишлашга имкон беришини тушунмайдилар ва тушунишни ҳам истамайдилар¸ дейди Миллер.
XS
SM
MD
LG