Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:28

Янги паспорт олиш жараëни "дўзах"га қиëсланди


Чайқовчилар деҳқоннинг нонини яримта қилмоқда. Наманганда “ўзбошимча” фермерларга жиноий иш очилди. Уч ёшли Сардор хатна тўйидан бир кун ўтиб нобуд бўлди. Жорий ҳафта Ўзбекистон расмий матбуотида шу каби воқеалар ҳақида хабар берилди.


Прокуратура фермерларга жиноий иш қўзғади

Наманган вилоятида ғалла топшириш режасини бажара олмаган фермерларга жиноий иш очилди. Вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Шавкатжон Раҳимовнинг “Диёнат” газетасига маълум қилишича, “яратилган имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланган”, “она замин қадрига етмаган” 333 та фермер хўжалиги айби билан вилоят бўйича давлатга 9753,6 тонна ғалла топширилмаган.

Масалан, Поп туманидаги фермер хўжаликлари 3018,7 тонна ўрнига 1848,4 тонна ғалла етказиб берган. Прокурор Раҳимовга кўра, Попдаги “Эргаш ота ТА” фермер хўжалиги раҳбари Латифжон Тўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, бошоқли дон экилиши кўзда тутилган майдоннинг 4,8 гектарида бошқа экинлар етиштирган, банкдан олинган кредитни ўзга мақсадларда ишлатган. “Акмалжон Аъзамжон Алимардон” фермер хўжалиги раҳбари С.Бўтабоев ҳам 10 гектар ерга кунгабоқар эккани учун айбланган.

“Деҳқон бозорида... деҳқон қолмади”

Мамлакатда деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари “учар” олибсотарлар томонидан пулланмоқда. (“Даракчи”, 20 сентябр). Бу эса нарху наво ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

“Айни шу мавзуни ёритишга киришишдан аввал деҳқон бозорида “нафис” навли олмани 3500-5000 сўмдан, қора кишмиш навли узумни 2500 сўмдан, картошкани 1200 сўмдан харид қилгандим. Улгуржи савдода эса “нафис” навли олманинг нархи 2500 сўм, қора кишмишнинг нархи 1200 сўм, картошка эса 750-900 сўмгача эканини билдим”, деб ёзади муаллиф Барно Мадалиева.

Кўп ҳолларда минг машаққат билан маҳсулот етиштирган деҳқон кўнгилдагидек даромад ололмаяпти. “Асосан олибсотарлар кўпроқ фойда кўради. Баъзида иқлим ва об-ҳаво ўзгариши маҳсулот сифатини бузишидан чўчиб, қанчадан бўлса ҳам сотишга мажбур бўламиз. Чунки маҳсулот нобуд бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда кўпинча олинган даромад сарф-харажатимизни қопламайдиган вазиятлар ҳам бўлади”, дейди Паркент туманидаги “Раҳимжон” фермер хўжалиги раиси Дилшод Абдуллаев.

Отаси жонига қасд қилган қиз руҳий касал бўлиб чиқди

Сирдарё шаҳрилик Олга уйга маст ҳолда келиб жанжал кўтарган отаси жонига қасд қилган (“Адолат кўзгуси” 20 сентябр). “Маст ҳолатда ўзини идора қилишга қурби етмай ётган отасининг бошига қизи беш марта болта билан зарба берган”, дея аниқлик киритади Сирдарё вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори Илларион Ким.

Тергов даврида Олганинг руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туриши маълум бўлган. Психиатрия экспертизаси “Ўша мудҳиш тунда Олганинг руҳий ҳолати нима қилаётганини тушунадиган даражада бўлмаган” дея хулоса берган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди ажрими билан “падаркуш қиз” кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволанади.

“Паспорт учун турнақатор навбат”

Тошкент шаҳри Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларида паспорт олиш учун турнақатор навбат юзага келмоқда, фуқаролар сарсон бўлмоқда (“Новый век”, 20 сентябр).

Муаллиф К.Чернецга кўра, талабгор кўплигидан одамлар паспорт столига тонгги 5 да келиб, навбатга ёзилмоқда. “Эрталаб 7 да рўйхатда эллигинчи бўлиб навбатга ёзилдим. Тоза ҳаво қаҳат бўлган йигирма квадрат метрлик хонада 100 чоғли одам кўзи тўрт навбатини кутмоқда”, тангу тор ҳолатни шарҳлайди муаллиф.

Қайд этилишича, суратга тушириш, ҳужжатларни қабул қилиш, бармоқ изларини олиш жараёни чўзилмоқда. “Агар паспорт олган бўлсангиз, уни кўз қорачиғидек асранг. Паспорт столи ходимлари сизни “етти қават дўзах”дан ўтказиб, уни қадрлашга ўргатиб қўйишади ҳали”, дея хулоса қилади янги паспорт соҳиби К.Чернец.

Таҳририят мақолада туман номи атайин кўрсатилмагани, чунки бу ҳолат Тошкентдаги барча туман паспорт столларига хослигини таъкидлайди.

Тўй азага айланди

Зафар ва Ойгул Холмуродовларнинг 3 ёшли фарзанди Сардор хатна тўйидан бир кун ўтиб нобуд бўлди (“Оила даврасида”, 20 сентябр). Текширувларда бола қон ивишининг бузилиши – гемофилия хасталигига чалингани аниқланган. Яъни суннат қилинганидан кейин болада қон кетиши тўхтамаган. Бундан ташқари, хатна қилган уста кертмак юганчасини тубидан қирқиб юборган.

“Ота-оналарга шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ўғлингизни суннат қилдиришдан олдин¸ албатта¸ уни тиббий кўрикдан ўтказинг. Бундан ташқари, хатнани уста қиладими ёки жарроҳ албатта гигиенага, тозалик ва озодаликка, фойдаланиладиган асбоб-ускуналарнинг стерилланганига жиддий эътибор қаратиш талаб этилади” дея маслаҳат беради тиббиёт фанлари номзоди Бобур Абдусамадов.
XS
SM
MD
LG