Линклар

Ливияда намойишчилар радикал гуруҳлар базаларини эгаллаб олди

  • Ҳасанжон

Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллигига уюштирилган ҳужумга алоқадор экани тахмин қилинган "Ансар аш-Шариа" гуруҳи аъзолари.

Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллигига уюштирилган ҳужумга алоқадор экани тахмин қилинган "Ансар аш-Шариа" гуруҳи аъзолари.

Ливиянинг Бенғози шаҳрида намойишчилар исломий радикал гуруҳларга тегишли бўлган бир неча базага ҳужум қилиб, уни эгаллаб олди. Томонлар ўртасида рўй берган отишмада камида 10 киши нобуд бўлди.


22 сентябр куни эрталаб Бенғози марказидан 15 километр нарида жойлашган “Саҳати” гуруҳи бош қароргоҳи жойлашган бино ташқарисида намойишчилар, жумладан, бир неча қуролли шахслар ва жанггарилар ўртасида тўқнашув рўй берди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, отишма пайтида йигирма киши яраланган.

Жанггари гуруҳ аъзолари базани тарк этишидан олдин содир бўлган отишмада томонлар гранатамёт ва енгил қуроллардан фойдаланган.

Хабарларга кўра, “Саҳати” гуруҳи Ливия Мудофаа вазирлиги рухсати билан фаолият юритган.

Бир кун олдин намойишчилар “Ансар аш-Шариа” радикал исломий гуруҳи базасига ҳужум қилиб уни эгаллаб олган эди.

Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбар ҳақорат қилинган "Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмига норозилик сифатида қуролланган шахслар 11 сентябрда Бенғози шаҳридаги АҚШ консуллигига ҳужум қилгани оқибатида тўрт америкалик, жумладан, АҚШнинг Ливиядаги элчиси Кристофер Стивенс ҳалок бўлган эди.

“Саҳати” ва “Ансар аш-Шариа” гуруҳи мазкур ҳужумга алоқадор экани тахмин қилинмоқда.

Хабарларга кўра, “Ансар аш-Шариа” тарафдорлари намойишчиларни тарқатиш учун ҳавога огоҳлантирувчи ўт очган.

Оламон бостириб келганидан сўнг гуруҳ аъзолари базани ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Айни пайтда, намойишчилар “Ансар аш-Шариа” гуруҳига тегишли яна бир бинони ҳамда “Абу Слим” гуруҳига қарашли базани ҳам эгаллаб олган.

Шанба куни Ливия расмийлари “бошбошдоқлик” юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирди ва намойишчиларни “қонун доирасида” фаолият юритаётган гуруҳлар билан қуролли жанггариларни фарқлашга чақирди.

Радикал гуруҳларга тегишли базаларга ҳужумлар Бенғози шаҳрида исломий гуруҳлар таъсири ортиб бораётганига қарши 30 минг кишилик намойишдан кейин бошланган.

Намойишчилар: “Йўқолсин қуролли гуруҳлар!”, “Яшасини Ливия армияси!” деган шиорларни кўтариб чиққан.

Айни пайтда, юзлаб радикал исломчилар ҳам Бенғозида намойиш ўтказди.

11 сентябр куни Бенғози шаҳридаги АҚШ Консуллигига ҳужум уюштирилганидан бери Ливия Муваққат ҳукуматига қуролли радикал гуруҳларни жиловлаш ва уларни тарқатиб юбориш борасида босим кучаймоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG