Линклар

Покистон вазири америкалик режиссёр боши учун $ 100 минг мукофот ваъда қилди


"Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмига қарши Лаҳор шаҳрида ўтказилган норозилик намойиши, 2012 йил 21 сентябр.

"Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмига қарши Лаҳор шаҳрида ўтказилган норозилик намойиши, 2012 йил 21 сентябр.

Покистон ҳукуматининг Темир йўл вазири Ғулом Аҳмад Биллур Ислом дини ва Муҳаммад пайғамбар ҳақорат қилинган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филмини суратга олган америкалик ҳаваскор режиссёрнинг боши учун 100 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули беришни ваъда қилди.


Пешавор шаҳрида шанба куни журналистлар билан учрашган Ғулом Аҳмад Биллур бу пулларни ўз чўнтагидан тўлашини айтди.

- Бугун мен Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақорат қилган бу шаккокни ким ўлдирса, мендан 100 минг доллар мукофот пули олишини эълон қиламан, - деди Покистон ҳукумати вазири.

Ғулом Аҳмад Биллур толиблар ва “Ал-Қоида” террорчи гуруҳи аъзоларини ҳам ушбу “савобли иш”да қатнашишга таклиф қилди.

Биллур давлатларни “пайғамбарни ҳақорат қилган шахсларни жазолаш ҳақида қонунлар қабул қилиш”га чақирди.

Ғулом Аҳмад Биллур аъзо бўлган иқтидордаги ANP партияси ББСга, бу сиёсий партиянинг эмас балки, унинг шахсий баёноти эканини таъкидлади.

Айпи пайтда, партия Аҳмад Биллурга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаслигини билдирди.

Покистон Бош вазирининг матбуот котиби Темир йўл вазири баёнотига ҳукуматнинг алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Интернетда пайдо бўлган ва Ислом дунёсида таҳқирли деб топилган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филми кўплаб мусулмон давлатларда намойишлар ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Жума куни Покистонда намойишчилар ва полиция ўртасида рўй берган тўқнашувда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

11 сентябрда мазкур филмига қарши намойишлар бошланганидан бери 50дан ортиқ одам ўлди.

Сўнгги маълумотларга кўра, филмнинг продюсери экани айтилаётган Накула Басселей Накула яширинган.

Шу ҳафтада Францияда чиқадиган журнал Муҳаммад пайғамбарни ҳажв қилувчи суратларни чоп этгани мусулмонлар ғазабини яна қўзғади.

Шанба куни Нигериянинг иккинчи йирик шаҳри бўлган Канодаги норозилик намойишида ўн минглаб одам қатнашди.

Намойишчилар: “Америкага ўлим!”, “Исроилга ўлим!”, “Ислом душманларига ўлим!” деб бақириб, АҚШ, Ислоил ва Франция байроқларини ерда судрадилар.

Намойиш Нигерия Исломий Ҳаракати томонидан ташкиллаштирилди.

Мисрда Салафий Нур партияси етакчиси Имод Абдул Ғафур Рейтерс ахборот агентлигига филм ва Франциядаги ҳажвий суратлар Араб бахори инқилобидан бери аксил-Ислом ҳаракатлар кучайганининг бир кўриниши эканини айтди.

Имод Абдул Ғафур Миср парламентидаги иккинчи йирик партия раҳбаридир.

У Миср президенти Муҳаммад Мурсийни келаси ҳафта бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида “Ислом дини ва унинг пайғамбари Муҳаммадни” ҳақорат қилиш жиноят сифатида қабул қилиниши ҳақида қонун ёки резолюция қабул қилинишини талаб қилишга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG