Линклар

Беларусда парламент сайлови ўтказилди


Минск шаҳридаги сайлов участкасида овоз берган Беларус Президенти А.Лукашенка журналистлар саволларига жавоб бермоқда, 2012 йил 23 сентябр.

Минск шаҳридаги сайлов участкасида овоз берган Беларус Президенти А.Лукашенка журналистлар саволларига жавоб бермоқда, 2012 йил 23 сентябр.

Беларус Марказий сайлов комиссияси мамлакат парламенти Қуйи палатаси аъзолиги учун сайлов бўлиб ўтганини эълон қилди.


Марказий Сайлов Комиссияси расмийларига кўра, 23 сентябр маҳаллий вақт билан соат 14га қадар рўйхатга олинган фуқароларнинг 50 фоиздан кўпи сайлов участкаларида овоз берган.

Сайлов арафасида мухолиф партиялар сиёсий маҳбуслар қўйиб юборилишини талаб қилиб, фуқароларни сайловга бойкот эълон қилишга чақирган.

23 сентябр куни Минск шаҳридаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган президент Александр Лукашенка журналистларга “кузатувчи халқаро ташкилотлар очиқ ва ҳалол сайлов ўтказишни Беларусдан ўрганиши кераклиги”ни айтди.

Лукашенка сайловдан кейин Беларуснинг Ғарб давлатлари билан муносабати яхшиланишига умид билдирган.

- Агар бу гал ҳам кимдир Беларус халқи танловига шубҳа билдирса, у ҳолда мен сайловни қайси андозалар ва қайси қонунларга мувофиқ ўтказишни билмайман, деди Беларус президенти.

Паламет Қуйи палатасидаги 110 та ўринга 290 дан ортиқ номзод, жумладан, мамлакатнинг иқтидордаги раҳбариятини қўлловчи сиёсий партияларнинг номзодлари ҳам даъвогарлик қилмоқда.

Беларус мухолифатининг “Адолатли дунё” партияси, Беларус социал-демократик партияси ва “Ҳақиқатни айт” фуқаролик кампанияси қўллаётган кишилардан иборат 26 нафар номзод ҳам парламент сайловида қатнашди.

Ўтган ҳафта Беларус ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари мухолифатнинг ўнга яқин фаолини ҳибсга олиб, сайловга бойкот эълон қилишга даъват қилинган минглаб варақани мусодара қилган эди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) сайлов жараёнини кузатиш учун Беларус Республикасига 270дан ортиқ халқаро кузатувчи жўнатган.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг кузатувчилар гуруҳи раҳбари Сергей Лебедев якшанба куни Беларусда парламент сайлови “демократик ва очиқ” ўтказилганини айтди.

23 сентябр кунги сайлов натижасида қўғирчоқ парламент сайланиши ва ҳокимият 1994 йилдан бери мамлакатни бошқариб келаётган авторитар президент Александр Лукашенканинг қўлида сақланиб қолиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG