Линклар

logo-print
Якшанба куни ўтган сайлов натижаларига кўра, Беларус парламенти қуйи палатасига 109 нафар депутат сайланди.

Беларус Марказий сайлов комиссияси раиси Людмила Ермошинанинг маълум қилишича, 110 ўринли палатага Гомел вилоятидаги округларнинг биридангина депутат сайланмай қолган ва бу ерда қайта сайлов ўтказилади.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, кечаги сайловда сайловчилар давомати 74 фоизни ташкил қилган.

Озодлик мухбирининг қайд этишича, қуйи палатага сайланган кишиларнинг барчаси мамлакатнинг амалдаги раҳбарияти тарафдорлари бўлиб ҳисобланади.

Мухолифатдаги аксар партиялар мазкур сайловларни бойкот қилган. Ўз қўшма баёнотида Беларус мухолифати сайлов натижаларини тан олмаслигини билдирган. Мухолифат фаоллари бунга сабаб ўлароқ муддатидан аввал овоз бериш чоғидаги оммавий сохталаштириш ва сайлов жараёнида шаффофликнинг йўқлиги кабиларни келтирмоқда.

Мухолифатдан бўлган кузатувчилар 23 сентябрдаги овоз бериш чоғида сайловчиларнинг тақрибан 39 фоизи иштирок этганини даъво қилмоқда.

“Интерфакс” агентлиги Марказий сайлов комиссияси маълумотига мувофиқ келмаган бундай рақамни эълон қилмиш бир қатор сайтлар Беларусда тўсиб қўйилганлиги ҳақида хабар тарқатди.

Кеча Минскдаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Беларус президенти Александр Лукашенка мухолифатни қўрқоқликда айблади.
XS
SM
MD
LG