Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:04

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли радикал гуруҳларга аъзоликда гумонланмоқда


Бошпана изловчи шахс мақоми билан Қирғизистон пойтахтида вақтинча яшаб турган ҳуқуқ ҳимоячиси Фарҳодхон Мухторов Ҳизб ут-Таҳрир ва Исломий жиҳод иттифоқи каби ташкилотларга аъзоликда гумонланаяпти.

Бу ҳақда Озодликка Фарҳодхон Мухторовнинг ўзи маълум қилди.

Ҳуқуқ фаолига кўра, ўтган жума куни у “Адилет” ҳуқуқий клиникаси адвокати Тимур Султанов билан биргаликда аввалроқ милиция ходимлари томонидан олиб кетилган буюмларини қайтариб олиш учун Бишкек шаҳар Октябр туман ички ишлар бўлимига борган ҳамда мазкур бўлим ходими, милиция капитани Нурбек Амрақуловга учраган.

- Шу одам: “Хабар тушган сен ҳақингда, сен диний-экстремистик ташкилот аъзоси экансан Ҳизб ут-Таҳрир, Исломий жиҳод каби” деган гапларни қилди. Мен ҳайрон бўлдим: “Ҳизб ут-Таҳрир билан Исломий жиҳод ҳаракатлари бир-бирига рақиб бўлган диний ташкилотлар бўлса, қандай қилиб мен бир вақтнинг ўзида бу икки ташкилотга аъзо бўлишим мумкин?” деб. Кейин у тушунтириш хати ёзишни сўради. “Мен ҳеч қанақа диний-экстремистик ташкилотларга аъзо эмасман, экстремистик ғояларни тарғиб қилмайман, Ўзбекистондаги фаолиятим ҳам нозўравон, тинч кураш йўлини танлаганман. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганман. Очиқчасига, тинч йўллар билан курашганман пикетлар, петициялар, аризалар, мақолалар орқали” деган маънода тушунтириш хати ёзиб бердим, - дейди Фарҳод Мухторов.

Эслатиб ўтамиз, 20 ойдан буён Бишкекда яшаб келаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Мухторов 14 сентябр куни милиция ходимлари томонидан қўлга олинган ва маҳаллий ҳуқуқ фаолларининг аралашуви билан ўша куннинг ўзида қўйиб юборилганди. Фарҳодхон Мухторов ўша пайтда бишкеклик милиционерлар томонидан олиб кетилган ўзи ва оила аъзоларига тегишли буюмлар ҳалигача қайтариб берилмаганини айтади.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолига кўра, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмай олиб кетилган бу буюмларни қайтариб олиш учун Октябр туман ички ишлар бўлимига борган пайтда у ўзи учун кутилмаган айбловга рўбарў келган.

- “Бирор ариза тушганми устимдан?” десам, “Бизда ишонч телефони деган нарса бор, шу орқали тушган экан”, деган гапни қилди менга. Қўнғироқ қилган одамнинг исм-шарифи ҳам айтишмади менга. Бирор ҳужжат кўрсатишгани йўқ, бирор ариза ёки ўша ишонч телефонига қўнғироқ қилингани ҳақидаги қайдни ҳам тақдим қилишмади. Бундан ташқари, қонунбузарликларнинг яна бир кўриниши – ноутбук, нетбук, диск, флешкалар олингани тўғрисида менга бу сафар ҳам рўйхат берилмади, - дер экан Фарҳодхон Мухторов терговчи унга электрон маълумот ташувчи ашёлари экспертизадан ўтказиш учун Миллий хавфсизлик қўмитасига жўнатилгани, экспертиза натижалари эса 10 кундан сўнг маълум бўлишини айтганини қўшимча қилди.

Фарҳодхон Мухторовга кўра, терговчи унга компютер ёки дисклар ичидан диний-экстремистик мазмундаги бирор-бир материал топилгани ҳақида айтган эмас.

- Топа олишига ҳам шубҳа қиламан, агар ўзлари ичига бирор нарса тиқиб қўйишмаса. Чунки дискларим Ўзбекистондан келтирилган филмлар, клиплар эди. Флешкаларим ичида ҳам оддий кинолар, мусиқалар бор эди. Компютерим ичида ҳам ноқонуний нарсалар йўқ эди, - дейди Фарҳодхон Мухторов.

Ўзининг ҳеч қанақа радикал диний ташкилотга аъзо эмаслигини ва бу ташкилотлар ғояларини ёқламаслигини таъкидлаган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли буларни ўзига нисбатан руҳий босим ўтказишнинг бир йўли сифатида баҳолашини айтади.

Воқеага ойдинлик киритиш мақсадида биз Бишкек шаҳар Октябр туман ички ишлар бўлими терговчиси, милиция капитани Нурбек Амрақуловга ҳам қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган ички ишлар бўлими ходимаси Амрақуловнинг иш жойида йўқлигини, у билан фақат эртага гаплаша олишимиз мумкинлигини айтди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:42 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG