Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:18

Қозоғистон бош вазири истеъфо берди


Қозоғистонда энг узоқ вақт давомида бош вазир лавозимида ишлаган Карим Масимов истеъфога чиқарилди ва президент маъмуриятига бошлиқ этиб тайинланди.

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев душанба куни бош вазир Карим Масимовнинг истеъфосини қабул қилди.

Бу ҳақда президент матбуот хизмати Twitter саҳифасидаги расмий микроблогда маълум қилди.

57 ёшли Масимов Қозоғистон ҳукуматини 2007 йилнинг январидан бери бошқариб келган.

Қонун бўйича унинг истеъфоси вазирлар маҳкамасининг бошқа аъзолари ҳам истеъфога чиқишини англатади.

Назарбоев ҳукумат таркибидаги вазирларнинг ҳам истеъфосини қабул қилган, лекин янги ҳукумат тузилгунга қадар улардан ўз лавозимларида ишлаб туришларини сўраган.

Интерфакс хабарига кўра, президент Нурсултон Назарбоевнинг ҳозирда бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Серик Аҳметовни бош вазирликка тайинланлаши кутиляпти.

Карим Масимов эса Қозоғистон президенти маъмуриятига бошлиқ этиб тайинланди.

Мутахассислиги бўйича халқаро масалалар бўйича ҳуқуқшунос ва иқтисодчи бўлган Карим Масимов Қозоғистоннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланишига кўпроқ урғу бериб келган.

1990 йилдан буён иқтидорда қолаётган президент Нурсултон Назарбоев бошқаруви остида Карим Масимов еттинчи бош вазир бўлган.

У 2007 йилда Даниел Акматов ўрнига бош вазир этиб тайинланган эди. Янги келадиган бош вазир энди ўз ҳукумати таркибини тузиши керак.
XS
SM
MD
LG