Линклар

Ўзбек кинорежиссёри фильми энг яхши фильм, деб тан олинди


"Паризод" филмида бош ролни Зарина Низомиддинова ижро этган.

"Паризод" филмида бош ролни Зарина Низомиддинова ижро этган.

Ўзбек кинорежиссёри Аюб Шахобиддиновнинг "Паризод" фильми Россиядаги энг йирик кинофестиваллардан бири ҳисобланган “Киношок-2012” Гран-приси соҳиби бўлди.

Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Анапа шаҳрида ўтказилган XXI “Киношок” фестивалида ўзбек режиссери Аюб Шахобиддинов суратга олган “Паризод” фильми (русча номи - "Небеса - моя обитель") фестивалнинг “Тўла метражли энг яхши фильм” номинациясида ғолиб, деб топилди.

Фильм сценарийси таниқли адиб Эркин Аъзамов қаламига мансуб.

Фильмдаги ролларни Зарина Низомиддинова, Хайрулла Лутфуллаев, Вазира Юнусова, Толиб Мўминов, Лола Элтоева ҳамда бошқа актёр ва актрисалар ижро этган.

“Азал-азалдан, бу ёлғон дунёда вақти-вақти билан бошқаларга ўхшамаган одамлар пайдо бўлиб туради. “Паризод” фильми қаҳрамони ана ўшалардан бири. Гап унинг фариштаникидай чеҳраси бошқаларникидан фарқланишида эмас. Гап бундайларнинг бошқаларга улги бўлсин учун яратилганида. Бундайлар орамиздан, қалбларимизда ўчмас из қолдириб, эртароқ кетиб қолади”.

Бу 17 – 22 сентябр кунлари Алмати шаҳрида ўтган VIII “Евроосиё” халқаро кинофестивали расмий сайтида эълон қилинган “Паризод” фильми аннотацияси. (“Паризод” бу фестивалда ҳам иштирок этди)

“Киношок” фестифали Гран-присини олган “Паризод” фильмини кўрган тошкентлик Ферузанинг фикрича, Аюб Шаҳобиддиновнинг бу фильми “тижорат фильмлари кўришга кўникиб қолган кўпчилик томошабинга ёқмаслиги мумкин”.

Чунки, “Паризод” фильми, Ферузанинг фикрича, “ўйлатадиган фильм. Унинг мағзини кўриб бўлганингиздан кейин чақишингиз керак бўлади.

Фильм марказида - парилар яшайдиган қишлоқлик Паризоднинг тақдири. Фильм одамлар орасида тобора тақчил бўлиб бораётган меҳр-оқибат ҳақида, дейди томошабин.

Режиссер Аюб Шахобиддинов томошабинга ўзининг “Ўтов” фильми билан ҳам таниш. Кинотомошабин Феруза режиссернинг бу икки фильмини бир-бирига қиёслар экан, бундай деди:

- “Ўтов”да воқеалар бирин-кетин акс этиб бораверади. Ҳамма нарса очиқ-ойдин. “Паризод” фильми эса, рамзлардан иборат, дейди кинотомошабин.

Аюб Шахобиддиновнинг “Паризод” фильми “Киношок” фестивали бош совринини олганидан “Ўзбеккино” миллий агентлигининг ҳам хабари бор экан.

Агентликнинг ўзини таништирмаган вакили Озодликка бундай деди:

- Биз ҳозир расмий пресс-релиз тайёрлаяпмиз. Унда ҳаммамизнинг фикримиз акс этади. Албатта, ҳаммамиз хурсандмиз, деди “Ўзбеккино” миллий агентлиги расмий вакили.

Фильм режиссёри Аюб Шахобиддинов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин.



Аюб Шахобиддинов 1977 йили туғилган. Тошкент давлат санъат институтини ҳамда Москва олий режиссура курсларини тугатган.

“Паризод”гача режиссер “Қор қўйнида лола” “Кўргилик” “Ўтов” “Кечиккан ҳаёт” фильмларини суратга олган.

Анапа кинофестивалида грузин режиссери Заза Урушадзенинг “Васий” фильми энг яхши режиссура учун, Питер Симмнинг “Ёлғиз орол” фильми энг яхши сценарий учун мукофотланди.

Озодлик радиоси Аюб Шахобиддиновнинг қатор фестиваллар мукофотларини олган ”Ўтов” фильм ҳақида “Телевизор” рукнида ҳикоя қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG