Линклар

Якшанба куни Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова (Googoosha) ўзи қурдирган City Makon маданий-кўнгилочар мажмуасида ўзининг "Round run” клипи тақдимотини ўтказди.

Бу ҳақда Ўзинформ ахборот портали хабар қилади.

Апрел ойида чиққан Round Run (Гирдикапалак) қўшиғига Гугуша июл ойи ўрталарида Бухорода клип олдирган, уни АҚШ ва Лотин Aмерикасида таниқли бўлган клипмейкер Avi Cohen суратга олганди. Экранда уч ярим дақиқача давом этадиган мазкур клипни суратга олиш жараëнига АҚШдан яна бир кинорежиссëр John Colombo ҳам жалб қилинган. Шунингдек, суратга олишда ўзбек клипмейкери Ëдгор Носиров ҳам иштирок этган.

Суратга олиш жараëнини ўз кўзи билан кўрган бухоролик журналист ўша пайтда Озодликка клип олинаëтганда Бухоронинг Эски шаҳар қисми қамал ҳолига келтирилгани ҳақида сўзлаганди.

Август ойида ўтказилган “Келажак овози-2012” медиа-лагерининг ёпилиш маросимида Гулнора Каримова бу гапларни қисман тасдиқлаган, бироқ қамал ҳақидаги иддаолар нотўғри эканини таъкидлаганди. Унинг айтишича, клип олинган жойларда кишилар кадрга тушиб қолмаслиги учун улардан четланиб туриш илтимос қилинган, холос.

Мазкур анжуманда сўзлаган Гулнора Каримова қўшиқчилик билан профессионал даражада шуғулланмоқчи эмаслигини ҳам урғулаганди.


- Қачондир қўшиқ айтиш билан жиддий шуғулланаман, деб ўйламайман, чунки ҳар бир одам ўз иши билан шуғулланиши керак, деб ҳисоблайман. Буни профессионал ижрочи мендан кўра яхшироқ уддалайди. Мен бировнинг жойини эгаллаб олмоқчи эмасман, - деганди Гулнора Каримова (Googoosha).

Узинформнинг ёзишича, ўтган кунги клип премьерасидан кейин Гулнора Каримова меҳмонлар қаршисига чиқиб, уни қўллаш учун келганларга миннатдорчилик изҳор қилган. Кейин томошабинлар клипнинг яна бир марта намойиш қилинишини талаб қилишган. Клип премьераси дискотекага уланган.

Айни пайтда, кузатувчиларга кўра, City Makon мажмуасидаги премьерага боролмай қолган қўшиқсеварлар аттанг бармоғини тишламаслар ҳам бўлади. “Чунки, тажрибада кўрилганидек, Гугуша ижросида бирор янги клип чиқиши билан Ўзбекистондаги турли телеканаллар уни кимўзарга пайдар-пай намойиш қилишиб, томошабинларни зериктиришга ҳам улгуришади ҳали”, демоқда кузатувчилар.

"Чайка ортидан чопиб, висолингга томда етишаман" деган баёнга жо бўлувчи клип билан эса ҳозирча шу ерда танишишингиз мумкин:

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG