Линклар

logo-print

Туркия Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга киришлари учун янги тартибни жорий қилди. Бундан буён Туркия чегарасини кесиб ўтаётган ўзбекистонликлар қайтиш ёки бошқа давлатга учиш билетини, Туркияда вақтинча яшаш манзилига оид маълумот ва ёнида камида 2 минг АҚШ доллари миқдорида нақд пул борлигини кўрсатишлари керак бўлади.


Истамбул аэропорти паспорт назорати хизмати расмийларига кўра, бу тартиб аллақачон кучга кирган.

- Бундан буён ўзбекистонлик сайёҳ ёнида пули, қайтиш билети ва манзилини паспорт назоратчисига кўрсатишлари керак. Шулар бўлмаса, Туркияга уларнинг киритилмасилиги учун асос бўлиши мумкин,- деди Истамбулнинг Отатурк халқаро аэропорти паспорт назорати хизмати вакили Эсра Гунел.

Туркия 2007 йилдан Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилган.

Ҳозир ҳам Туркия аэропорти ёки чегарасида ўзбек паспортини кўрсатиб, бу мамлакатда бемалол ўттиз кунгача визасиз юриши мумкин. Ўттиз кундан кўпроқ муддатга қолиш учун Ўзбекистон фуқаролари Тошкентдаги Туркия элчихонасидан виза олишлари керак.

- Ўзбекистон фуқароларининг Туркияга 30 кунга визасиз кириши тартиби умумиятла ўзгаришсиз қолмоқда, - деди Туркия ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

Ўз навбатида Анкара расмийлари ўзбекистонлик сайёҳларнинг Туркияга пул кўрсатиб кириш тартиби жорий этилиши сабабини изоҳлашмади.

Лекин, сўнгги йилларда Ўзбекистон фуқаролари Туркияда белгиланган муддатдан кўпроқ, баъзи холларда бутунлай қолиб кетиши холлари кўпайгани сабабли расмий Анқара бунга қарши чора қўллаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Асли ўзбекистонлик Камолиддин кўп йиллардан бери Туркияда яшайди.

- 2007 йилда Туркия ўзбек ватандошлари учун визани бекор қилганидан сўнг бу ерга ўзбекистонликларни оқими кучайди. Ўттиз кунга деб, қолиб қолишяпти. Икки ойча аввал полиция рейдлар ўтказган пайтда виза тартибини бузганлар орасида кўпчилик ўзбеклар бўлиб чиққанди,- дейди Истанбулда яшовчи Камолиддин.

Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган Туркия ўтган асрнинг 90-йиллари бошида ўзбекистонликларнинг Туркияга киришини енгиллаштирганди. Ўша пайтда ўзбекистонликлар Туркияга кириш учун аэропортда 10 доллар тўлаб, турк визаси олишар эди.

Тошкентда 1999 йил феврал портлашлари ортидан Ўзбекистон Туркия фуқаролари учун виза тартиби жорий этди ва Туркия ҳам бунга шу тарзда жавоб қайтарди. 2007 йилгача ўзбекистонликлар турк визаси олиш учун элчихонада 60 доллар миқдорида бадал тўлаб келишган.

Гарчи Туркия 2007 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини бекор қилган эса-да, расмий Тошкент ҳозир ҳам Туркия фуқароларидан виза талаб қилади.

Жиддий тўсиқ эмас

Туркияда Ўзбекистон фуқаролари учун жорий этилган янги тартиб арзон мол харид қилиш мақсадида бу мамлакатга йўл олаётганлар учун жиддий тўсиқ эмас, афтидан.

- Икки минг кўрсатиш керак бўлса, кўрсатамиз. Қайтиш билетни ҳам меҳмонхона манзилини ҳам кўрсатамиз, бу ерда ҳеч муаммо йўқ,- дейди Истанбулга мунтазам қатнайдиган хоразмлик савдогар Муқаддас опа.

Шунингдек, бу Туркияга ўзбекистонлик сайёҳлар оқимига ҳам таъсир қилгани йўқ. Тошкентдаги "Таътил" сайёҳлик ширкати вакили Равшан Собировнинг айтишича туркияга кетаётган сайёҳлар оқими сусайгани йўқ.

Собировга кўра, ушбу қоидалар олдин ҳам мавжуд бўлган ва Туркияга бораётганларга бу тушинтирилган.

– Туркияга қандай боришган бўлса шундай боришяпти. Энди бирон мамлакатга борадиган одамни ёнида камида икки минг доллар бўлади-да. Шу пайтгача мижозларимиз орасида Туркия чегарасидан қайтиб келгани бўлмади - дейди сайёҳлик ширкати вакили.

Туркияга йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳлар сони сўнгги бир йил ичида 25 фоизга ортган. Туркия Туризм вазирлигига кўра, 2011 йилда 85011 нафар ўзбекистонлик сайёҳ Туркияга сафар қилган. 2010 йилда Туркияга сафар қилган ўзбекистонликлар сони 68124 кишини ташкил этган.

Туркияга Ўзбекистондан йўл олаётганлар кимлар

Истамбулда истиқомат қиладиган Камолиддиннинг айтишича, Туркияга келиб қолаётганларнинг аксари фоҳишалар, меҳнат мухожирлари, Ўзбекистондаги таъқиблардан қочган диндорлар ва сиёсий қочқинлар экани кузатилади.

- Туркия 2007 йилда Ўзбекистонга визани бекор қилиб, бутун фоҳишаларнинг келишига йўл очиб берди. Ҳозир Туркияга келиб, қолиб кетаётганларнинг кўпчилиги фохишалар. Айниқса, сўнгги беш йил ичида улар сони кўпайди,- дейди Камолиддин.

Фарғоналик Ҳуршида Анталияга алдов ваъдалар билан келтирилган ўзбекистонлик қизларнинг бири.

- Олдинига маркетда ишлайсан дейишганди. Борганимдан кейин қайтиш билетимни бекор қилишиб, хотелга жойлаштиришди. Борсам фоҳишалик,- дейди Ҳуршида.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдусалом Эргашевнинг айтишича, Ўзбекистондан чиқиш визасини олиш билан боғлиқ бюрократик тўсиқларга қарамай, ёши 20-25 атрофидаги ўзбек қизлари осонликча Туркияга кетиб қолишмоқда.

- Биринчисида¸ биров алдаб олиб бораяпти. Пулнинг мазасини топгандан кейин ўзлари боришаяпти. Ўзлари қолиб¸ бундан ташқари кўпчилик дугоналарини олиб боришаяпти. Ҳозир айтишларича¸ Анталиянинг беш-олтита жойида 5000 нафарга яқин ўзбек қизлари бор экан,- дейди Эргашев.

Туркияга Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартиби бекор бўлиши минглаб меҳнат мухожирлари учун ҳам йўл очди.

- Ҳозир ошпазлик қиламан. Икки йил бўлди Истанбулга келганимга. Олдинига 30 кунлик виза билан кирганман. Танишларим орқали иш топиб, шу ерда ҳозир тирикчилик қиляпмиз. Ҳайдаворишмаса ҳозирча шу ердамиз,- дейди ўз исмини айтмаган самарқандлик йигит.

Сўнгги йилларда Туркияда Ўзбекистондаги таъқиблардан қочган диндорлар ва сиёсий қочқинлар бошпана топди.

Норасман бошпана топган ўзбекистонликлар орасида диний айбловлар, хусусан, Нурчилар оқимига аъзоликда айбланган собиқ турк лицейлари талабаларининг кўплиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG