Линклар

28 сентябр куни Ялтада Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ҳукумат раҳбарлари йиғилишида Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудуди (ЭСҲ) шартномасига қўшилиши истиқболларига оид масаланинг муҳокама этилиши кутилмоқда.


МДҲ Ўзбекистоннинг ЭСҲга қўшилишини истамоқда

28 сентябр куни Украинанинг Ялта шаҳрида МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари Кегашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

МДҲ Ижроия қўмитаси расмий хабарига кўра, мажлисда кўриб чиқиладиган 20 ортиқ муҳим иқтисодий, сиёсий ва маданий масалалардан ташқари, кун тартибига “Ўзбекистон Республикасининг Эркин савдо ҳудуди шартномасида иштироки масаласининг муҳокама этилиши кўзда тутилган”.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳукуматлари раисларининг ўтган йил 18 октябр куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган учрашувида Эркин савдо ҳудуди яратиш тўғрисидаги шартнома имзоланган эди. Ҳужжатга ҳамдўстликка аъзо давлатлардан саккизтаси қўл қўйган. Уч давлат: Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон мазкур шартномани имзоламаган.

Ниҳоят, жорий йилнинг 4 июни куни Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи давомида Ислом Каримов мамлакатнинг МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди Шартномасига қўшилишига оид меморандумни имзолади.

Икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик Декларациясига қўл қўйилганидан кейин ўз хурсандчилигини яшира олмаган Владимир Путин “Мен буни яхшилик аломати, деб қабул қиламан. Кўплаб давлатлар МДҲ доирасидаги интеграцияга қизиқиш билдиришмоқда”, Россия Бош вазири Дмитрий Медведев бу интеграция жараёни айнан иқтисодий интеграция эканига урғу берган эди:

- Бундан кейинги интеграциямизнинг энг муҳим шарт-шароитларидан бири МДҲ доирасидаги Эркин савдо ҳудуди шартномаси бўйича ратификация жараёнлари ва келишувларнинг ривожланишида деб биламан. Охир-оқибат бу барчамизга фойдали, шунинг учун бу шартномага қўшилаётган барча иштирокчиларни қўллаб-қувватлаймиз, деган эди Ашхободдаги учрашувда Ўзбекистоннинг ЭСЗ га қўшилиши масаласида сўзга чиққан Россия ҳукумат раҳбари Дмитрий Медведев.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг бошқа ҳукумат раҳбарлари ҳам Ўзбекистоннинг МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди Шартномасига қўшилишини қувватлади. Бу ҳақда ўз фикрини билдирган Украина Бош Вазири Николай Азаров бу ўта муҳим келишув экани, зеро сўз 30 миллионлик бозор ҳақида бораётганини алоҳида таъкидлади.

Шартномани имзолаган қатор мамлакатлар парламентлари аллақачон уни ратификация қилди. Жумладан¸ 20 март куни Россия Давлат Думаси ўтган йилнинг 23 ноябрида парламентга президент Дмитрий Медведев томонидан киритилган Эркин савдо ҳудуди тўғрисида шартномани тасдиқлади.

Бу хусусда Давлат Думасида чиқиш қилган МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси Леонид Слуцкий “ МДҲ доирасидаги иқтисодий интеграция учун келгуси йилларда энг муҳим бўлган шартнома” эканлигини таъкидлади.

Ўзбекистон узоқ йиллар МДҲ доирасидаги ҳамкорлик ташаббусларига нисбатан совуқ муносабатда бўлиб келган ёки очиқчасига инкор этиб келган. Шу сабабли, Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши тўғрисида Ашхободда берган баёноти “сенсация” деб аталди ва ҳукумат раҳбарлари учрашувининг марказий муҳокама мавзусига айланди.

Эркин савдо ҳудуди нима?

Ўзбекистоннинг ЭСҲга қўшилиши сентябрдаги МДҲга аъзо давлатлар ҳукуматлари раҳбарлари ва саммит қошида ўтказиладиган МДҲ давлатларининг III Халқаро сармоя бизнес-форуми иштирокчилари муҳокамасида асосий ўрин эгаллаши табиий.

Бу фикрни Озодлик Радиосига билдирган МДҲ Молия-банк кенгаши бош директори муовини Аҳмед Қахриманов Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига кириши чегара ва божхона хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни талаб қилади, дейди.

У Ўзбекистоннинг Ўзбекистон, Туркманистон ва Озарбайжон ўтган йилнинг октябрида Шартномани имзоламагани сабабларига тўхталиб, бундай деди.

- Гап шундаки, МДҲ Молия-банк кенгаши вакили сифатида билишимча, ҳам Ўзбекистон, ҳам Туркманистон ва ҳам Озарбайжон шу каби шартномаларни олдинроқ Туркия билан имзолаган. Шу сабабли бу вазият уларни Россия ташаббуси билан МДҲ доирасида тузилган Эркин савдо ҳудудига киришига тўсқинлик қилиб келган. Ўтган деярли бир йил ичида, билишимча, бу тўсқинликлар бартараф этилди, дейди Аҳмед Қахриманов.

Эркин савдо ҳудудининг асосий вазифалари ва мақсадлари нима, деган саволга жавоб берар экан, МДҲ Молия-банк кенгаши раҳбари муовини Қахриманов Эркин савдо ҳудуди – бу ўзаро бож тўловлари, солиқлар ва тушумлар бекор қилинган иштирокчи-мамлакатларнинг халқаро уюшмасидир, дейди.

- Аслида бу жуда мураккаб механизм. Лекин соддароқ қилиб айтадиган бўлсам, бу ягона савдо-иқтисодий ҳудудни яратишга қаратилган биринчи қадамдир. Шартнома аъзолари ўртасида олдиндан белгиланган товарлар ва хизматлар рўйхати асосида олди-берди содир бўлади, бунинг учун эса албатта чегара, бож ва солиқ тизимидаги муайян яхлитлик юзага келиши шарт. Эсдан чиқармангки, Эркин савдо ҳудуди шартномаси Бутунжаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида ишлаб чиқилган, чунки шартноманинг асосий иштирокчилари бўлмиш Россия, Украина ва бошқа МДҲ давлатлари аллақачон БСТнинг тўлақонли аъзосидир. Хуллас калом, Эркин савдо ҳудудига аъзолик – бу бутунжаҳон иқтисодий хўжалигига қўшилишдир, дея хулоса қилади МДҲ Молия-банк кенгаши бош директори муовини Аҳмед Қахриманов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG