Линклар

Қирғизистон республикаси Олий суди Жалолобод вилояти Олабуқа туман суди судьяси Абибилла Жаримбетовни маҳаллий аҳоли калтаклагани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.


Хабарларга қараганда, қирғиз миллатига мансуб аҳолининг судьяга ҳужум қилишига унинг ўзбек миллатига мансуб икки йигит иши юзасидан чиқарган эҳтиёт чораси тўғрисидаги қарори сабаб бўлган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати Олий суд матбуот хизматидан олган маълумотга қараганда, Олабуқа туман суди судьяси Абибилла Жаримбетов калтакланганидан сўнг касалхонага ётқизилган ва унинг мияси чайқалгани аниқланган.

Олий суд матбуот хизматига кўра, калтакланган судья ўзининг 16 сентябр кунги қарори билан безориликда гумон қилинган Раҳмиддин Эгамбердиев ва Шуҳрат Эгамбердиевларнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уй қамоғига чиқарган.

Туман суди қарорини вилоят суди 24 сентябр куни ўз кучида қолдирган.
25 сентябр куни соат 12 га яқин суд қароридан норози бўлган оломон, милиция кўрсатган қаршиликка қарамай, судья Абибилла Жаримбетовни хизмат хонасидан судраб олиб чиққан ва уни туман ички ишлар бўлими идорасига олиб бораётиб калтаклаган.

Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Малик Нурдиновнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилишича, 8 сентябр куни Олабуқа туманидаги Дўстук қишлоғида қирғиз ва ўзбек йигитлар муштлашиб кетган ва сўнгра ҳар икки томон бир-бирининг устидан ариза ёзган.

Шундан сўнг икки ўзбек қўлга олинган ва суднинг қарори билан уй қамоғига чиқарилган.

Малик Нурдиновнинг хабар қилишича, тумандаги ўзбеклар ва қирғизлар аралаш яшайдиган қишлоқларга вазиятни назорат қилиш учун 25 сентябр куни қўшимча куч – юзга яқин милиция ходими сафарбар қилинган.

- Икки миллат ўртасида жанжал чиқиб кетмасин, деган мақсадда туманга қўшимча куч жўнатдим, деди Жалолобод вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Малик Нурдинов.

Жалолобод вилоят суди раиси Рисбек Шүкүралиев безориликда айбланаётган фуқаронинг уй қамоғига чиқарилиши сабаблари тўғрисида мана бундай деди:

- “Безорилик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу оғир бўлмаган жиноят ҳисобланади. Биринчи инстанция суди уй қамоғига чиқарган. Кеча вилоят суди қарорни ўз кучида қолдирди. Ҳукм чиққан куни биров бир нарса демаган эди. Бугун айбланувчининг қамалмай қолганини эшитиб йиғилишибди, деди вилоят суди раиси.

Тафсилотларига қараганда, 25 сентябр кунги воқеа миллатлараро можарога ўхшаб турибди. Бироқ Олабуқа туман ҳокимлиги маъмурияти бошлиғи Гулжан Асанованинг фикрича, бу воқеа миллатлараро можаро эмас, шунчаки бир неча кишининг ўзаро жанжали холос.

-Вазиятни назорат қилиб турибмиз. Миллатлараро жанжал йўқ. Олабуқа марказида ўзбек-қирғиз аралаш яшайди. Қамалган одам ўзбек. Жабрланган қирғиз. Шунинг учун шов-шув бўлиб кетди. Миллий масала кўтарилгани йўқ, деди туман ҳокимлиги расмийси.

Олабуқа туманида 25 сентябр куни юз берган воқеани Фарғона. ру сайти ҳам ёритди.

Сайтга кўра, судьяга ҳужум қилган оломон тахминан 200 кишидан иборат бўлган.

Нафақат судья, балки туман прокурори ҳам калтакланган.

Фарғона. ру нинг ёзишича, 8 август куни Олабуқа қишлоғида бир ўзбек бир қирғизни калтаклаган ва оқибатда калтакланган ҳанузгача Бишкекда даволанмоқда.

Шунга қарамай, судья ўзбекни уй қамоғига чиқариб юборган ва бу қарор қишлоқнинг қирғиз миллатига мансуб аҳолиси ғазабини қўзғаган.

Бу ғазаб 25 сентябр куни судья ва прокурорга қарши ҳужумга айланиб кетган.
Фарғона. ру сайти Олабуқа тумани ички ишлар бошлиғи ўринбосари Мирбек Султановдан олинган маълумотга таяниб, тумандаги вазият назоратда эканлигини, ўзбекнинг уйини ҳеч ким ёқиб юбормоқчи эмаслигини хабар қилди.

Воқеалар марказида бўлган ўзбекнинг исм-фамилиясини сайт келтирмади. Айтилишича, у 25 сентябр куни тушдан кейин тергов изоляторида олиб кириб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG