Линклар

Тўрткўлда пахтадан қочган икки талаба поезд тагида қолди


Икки талаба йигит пахтадан қочиб кетаётганда поезд тагида қолиб ҳалок бўлган.

Икки талаба йигит пахтадан қочиб кетаётганда поезд тагида қолиб ҳалок бўлган.

16 сентябр куни Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл тумани Мискин қишлоғи ҳудудида маҳаллий коллеж талабалари Машарип Сиддиқов ва Достон Амитов поезд тагида қолиб ҳалок бўлди. Тергов натижасида аниқланишича, ҳашарчи талабалар пахтадан қочиб, поездда уйига кетмоқчи бўлган пайтда нобуд бўлган.



Мискин қишлоғидаги икки талаба йигитнинг ўлими тўғрисидаги воқеа Озодликка 25 сентябр куни маълум бўлди.

Исмини ошкор қилмаётганимиз тўрткўллик манбанинг хабар қилишича, Шўрахон касб-хунар коллежининг икки нафар талабаси пахтадан қочиб, уйига поездда кетаётган пайтда мазкур воқеа содир бўлган.

Манбанинг айтишича, поезддан сакраб тушиб қолмоқчи бўлган ҳашарчи-талабалар поезд тагида қолиб, ҳалок бўлган.

- Тўрткўлнинг Мискин қишлоғида иккита болани поезд қоқиб ўлган. Пахтадан қочиб келаëтган бўлган. Поездга осилиб олган. Тушмоқчи бўлганида поезднинг тагига тушиб кетган. Бу воқеанинг бўлганига бир ҳафта бўлди. Мискин қишлоғи ҳудудидан Тошкент-Қўнғирот темир йўли ўтадида. Тошкент томондан поезд келаëтган бўлган. Поездга осилган. Сакрамоқчи бўлганида тагига тушиб кетганда. Иккаласи ҳам тагига тушиб ўлган. Пахтада овқат бермаган, оч бўлганда булар. Шунга қочганда пахтадан. Шароити ëмон бўлган деяпти,- деди тўрткўллик манба.

Тўрткўл туман Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган ходими ҳашарчи талабалар 16 сентябр куни кечаси ҳалок бўлгани ва милиция бўлимига эрталаб бу ҳақда хабар келганини айтди.

Милиция ходимининг айтишича, Шўрахон коллежининг ҳалок бўлган талабаларининг исми-шарифи Сиддиқов Машарип Абдуллажонович ва Амитов Достон Умрбекович бўлиб, уларнинг иккаласи ҳам 17 ёшда бўлган.

Шўрахон коллежининг иккинчи курсида ўқиётган Машарип Сиддиқов билан Достон Амитов Мискин қишлоғида сентябр ойи бошидан буён пахта теримида бўлган.

Тўрткўл милиция идорасидан олинган маълумотга кўра, воқеа ҳақиқатдан ҳам талаба йигитлар пахтадан қочиб, уйига кетаётган пайтда содир бўлган.

Ҳозирда Қўнғирот темир йўл бекатидаги тармоқ ички ишлар бўлимида икки ҳашарчи-талабанинг ўлими бўйича жиноий иш очилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Темир йўл милицияси ходимлари тергов кетаётгани боис воқеа тафсилотлари очиқланмаслигини айтишди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG