Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:50

АҚШ президенти БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади


АҚШ Президенти Барак Обама 25 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси минбарида.
АҚШ Президенти Барак Обама 25 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси минбарида.

Ню Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 67-йиллик сессияси бошланди. Йиғилишда сўзлаган АҚШ Президенти Барак Обама мусулмон давлатларда норозиликларга сабаб бўлган филм, Сурия ва Эрон масаласига тўхталди.

Президент Барак Обама америкалик ҳаваскор режиссёр суратга олган Ислом дини ва Муҳаммад Пайғамбар таҳқирланган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филми нафақат мусулмонлар балки Американи ҳам ҳақорат қилганини таъкидлади.

- Мен Қўшма Штатлар ҳукуматининг ушбу видеога ҳеч қандай алоқаси йўқлигини аниқ айтганман. Менимча, ундаги мужда умуминсонийликни ҳурмат қиладиган барча кишилар томонидан рад этилиши лозим. Бу нафақат мусулмонлар, балки Американи ҳам ҳақорат қилишдир.

Ушбу бино деворлари ортидаги давлатда ҳар қандай ирқ ва динга мансуб кишилар хурсандлик билан қарши олинади,- дея баёнот берди АҚШ президенти.

Сурия Президенти Башар Ал-Ассад режими қулаши шарт эканини ўз нутқида таъкидлаган Обама Эронни мазкур режимни дастаклаётганликда айблади.

Эрон масаласига тўхталган Барак Обама Эроннинг ядровий дастури масаласини дипломатик йўл орқали “ҳал қилиш муддати чексиз эмас”лигини урғулади.

БМТ Бош Ассамблеяси арафасида қонун устуворлиги масаласига бағишлаб ўтказилган махсус йиғилишда чиқиш қилган Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод БМТ Хавфсизлик кенгашини Исроилнинг “ядровий каллаклари”ни ҳимоя қилаётганликда айблаб қоралади.

Исроил ўз ихтиёрида ядровий қуроллар борлигига оид маълумотларни ошкор қилишдан бош тортиб келсада, Яқин Шарқда ядровий қуролга эга бўлган ягона давлат экани тахмин қилинади.

Аҳмадийнажод Исроил ҳақида сўзлаётган пайтда Исроил делегацияси зални тарк этди.

Эрон президенти Хавфсизлик кенгаши аъзоларини дунё давлатларида норозиликлар келиб чиқишига сабаб бўлган аксил-исломий филмига сукут сақлаб турганини оқлаш учун БМТ хартиясидан фойдаланаётганликда айблади.

- Инсониятнинг умумий мероси бўлган ҳурматли пайғамбарлар ва самовий динлар ҳамма жамиятларда қонун билан ҳурмат қилиниши керак. Шу йўл орқали одамлар нафрат, уруш ва душманчиликка етакловчи можаролардан қутулиб қолиши ҳамда тинчлик ва интеграцияга эришиши мумкин,- деди Эрон президенти.

Ундан олдин Аҳмадийнажод журналистларга Эрон Исроилнинг ҳар қандай ҳужумидан ўзини мудофаа қилишга тайёр эканини урғулаб, Яқин Шарқда “илдизлари” бўлмаган яҳудий давлати “йўқ қилиниши”ни айтган.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун якшанба куни Аҳмадийнажод билан учрашган пайтда уни хатарли баёнотлардан тийилиш ҳақида огоҳлантирган.

Душанба куни бўлиб ўтган юқори даражали учрашувда сўзга чиққан Бан Ки Мун йиғилиш қатнашчиларига можарони ҳал қилишда қонун устуворлигидан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

- БМТда ишлаб чиқилган халқаро қонунларнинг аксари халқаро ҳамжамиятга ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва можароларни тинч йўл орқали ҳал қилишга асос бўла олади,- деди БМТ Бош котиби.

Сентябр ойида Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле ўз нутқида Хавфсизлик Кенгаши ҳар қандай давлатга санкция қўллашда эҳтиёткор бўлиши кераклигини урғулади.

- Санкциялар халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш ва қайта тиклашда муҳим восита бўлиб қолади. Хавфсизлик Кенгаши санкциялар аниқ мақсадда, эҳтимолий салбий оқибатларини камайтириш назарда тутилган холда аъзо давлатлар томонидан жорий қилиниши кераклигини таъкидлаган,- деди Германия ташқи ишлар вазири Гуидо Вестервелле.
XS
SM
MD
LG