Линклар

logo-print

Гулянинг қисмати "компроматлар уруши"ни қўзғади


Швеция телеканали эфирга берган ҳужжатли филмда ҳам Гулнора Каримованинг молиявий жиноятларгага алоқадорлиги иддао қилинади.

Швеция телеканали эфирга берган ҳужжатли филмда ҳам Гулнора Каримованинг молиявий жиноятларгага алоқадорлиги иддао қилинади.

Швейцария ҳукумати Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага яқин шахсларни пул ювишда айблаётганига оид вазият расмийлар томонидан изоҳланмаётир. Лекин бу воқеага оид компраматларни эълон қилаётган Интернет нашрларининг баъзилари молиявий жиноятларни амалга оширган гуруҳга бевосита Гулнора Каримова бошчилик қилганини иддао қилса, бошқалари президент қизининг бу ишларга умуман алоқаси йўқлигини исботлашга уринмоқда. Расман тасдиқланмаган бўлса-да, “компроматлар уруши”да сиздирилаётган ахборот Ўзбекистон ва унинг ташқарисида рўй берган ва рўй бераётган ҳодисаларга оид манзарага чизги бўлиши мумкин.




Швейцариядаги пул ювиш иши Гулнора Каримова шахси билан боғлиқлигини иддао қилган илк мақола Россия махфий хизматларига яқин экани айтиладиган “Центразия.ру” нашрида август ўрталарида пайдо бўлди.

Мақолага илова қилинган Швейцария Адлия ва полиция вазирлигининг пул ювиш жиноятлари билан кураш бошқармаси мулозими Луижи Корти номидан Федерал прокурор Патрик Ламон номига юборилган илтимоснома нусхасида Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлари орқали пул ювиш амалиётлари амалга оширилгани ва бу жараёнга бевосита Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг алоқаси борлигига оид гумонлар баён қилинган эди.

Швейцария расмий идоралари ўртасидаги ёзишмада пул ювишда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси айбланаётгани ва улар Гулнора Каримовага яқин шахслар бўлгани, Lombard Odier банкидаги ҳисоб рақамлардан ҳам бевосита Ўзбекистон президентининг қизи фойдалангани иддао қилинган эди.

“Центразия.ру” Швейцария адлия вазирлиги ва бош прокуратураси ўртасидаги махфий ёзишмани қандай қилиб қўлга киритганини очиқламади, лекин Швейцария расмийлари Озодлик сўровига жавобан бу мактубнинг асл нусхадан кўчирма эканини тасдиқлашди.

“Ҳаракат почта қутисидан”

“Компроматлар уруши”га Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатига тегишли “Ҳаракат” Интернет нашри ҳам қўшилди. “Ҳаракат почта қутисидан” рукни остида Гулнора Каримовани Швейцариядаги пул ювиш ишига алоқадорлигини иддао қилувчи қатор мақололар эълон қилинди.

Бу мақолаларнинг сўнггиси ўтган ой охирида пайдо бўлди. “Гулнора Каримованинг пул ювгани билан боғлиқ жанжал авж олмоқда”, деб ёзган “Ҳаракат” Ўзбекистон президентининг қизи “етакчилигидаги тўда Швейцариянинг Lombard Odier банки орқали ноқонуний йўл билан топилган пулларни ювгани” иддао қилинади.

“Ҳаракат” нашри келтирган иддаолар расмийлар томонидан изоҳлнамнаган бўлса-да, улардаги тафсилотлар нашр “почта қутисига” маълумот юбораётган манба кўп нарсадан хабардор эканига ишора қилади.

Масалан, Швейцария прокуратураси тергов қилаётган ишнинг фигурантларидан бири ва Гулнора Каримованинг яқин гумаштаси экани айтиладиган Гаянэ Авакянга қарашли банк ҳисоб рақамлари музлатилгани ва депозит қутичалардан қимматбаҳо тошлар, олтин қуймалари ва антиквариат ашёлари топилганини ёзади “Ҳаракат”.

Бундан ташқари ўтган ҳафта Швеция жамоатчилик телеканали эфирга берган "TeliaSonera - ўзбек иши" номли ҳужжатли филм ҳам “Ҳаракат почта қутиси”га келган баъзи маълуомтларни тасдиқлади.

Айбсизлик презумпцияси?

Гулнора Каримова ва пул ювишда айбланаётган ўзбекистонликларга оид “Компроматлар уруши”нинг яна бир иштирокчиси Ўзбекистон махфий хизматларига яқин экани айтиладиган “Узметроном” нашридир. “Центразия” ва “Ҳаракат”дан фарқли ўлароқ, бу нашрда берилаётган маълумотлар аксинча Гулнора Каримованинг бу жанжалларга умуман алоқаси йўқлигини исботлашга қаратилган.

Швеция телеканали “TeliaSonera” ширкати Ўзбекистонда бизнес юритиш имкони эвазига Гулнора Каримовага юз миллионлаб АҚШ доллари миқдорида пора берганини иддао қилувчи ҳужжатли филм эълон қилиниши ортидан “Узметроном” чоп этган мақолада порани президент қизи эмас, яқинда ишдан олинган бош вазир ўринбосар Абдулла Орипов олганига шама қилинади.

“Узметроном” сайти бу мавзуга оид эълон қилган сўнгги мақолада эса Швейцария прокуратураси терговчилари “ўзбеклар иши” бўйича гувоҳларни сўроқ қилганига доир экани иддао қилинган стенограммалардан парчалар келтирилган (Швейцария прокуратураси бу стенограммаларнинг ҳақиқий эканини на тасдиқлади, на инкор қилди).

Швейцария прокуратураси олиб бораётган тергов материаллари “Узметроном” ихтиёрига қандай тушиб қолгани алоҳида савол. Лекин русчадан (“Гулина доля”) “Гулянинг улуши” ёки “Гулянинг қисмати” деб таржима қилиниши мумкин бўлган мақоласида “Узметроном” бош муҳаррири астойидил Гулнора Каримованинг бу ишларга умуман алоқаси йўқлиги, “TeliaSonera” билан олди-берди қилган “Takilant Ltd.” ширкати эгаси экани айтилаётган Гаянэ Авакян эса қонунбузар эмас, “Ўздунробита” собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедова ва Lombard Odier банки собиқ вице президенти Александр Котчубей тил бириктириб, уюштирган товламачилик қурбони бўлганини исботлашга ҳаракат қилади.

Сергей Ежковнинг ўзи Озодлик билан суҳбатда турли гуруҳлар ўртасида “Компроматлар уруши” авж олганини тан олди.

- Бу ерда бир гуруҳ вазиятдан фойдаланиб, бошқа гуруҳ билан ҳисоблашишга ҳаракат қилмоқда холос. Ҳар қандай омма назаридаги одамнинг хайриахоҳлари ва мухолифлари бўлади, дўстлари ва душманлари бўлади. Бу ҳолда душманларнинг вазиятдан фойдаланиб мағзава ағдараётганини кўришимиз мумкин. Аслида эса нима бўляпти, аслида Ўзбекистонга нисбатан ҳужум бўлмоқда, дейди ўзбекистонлик журналист.

Сергей Ежков: "Мен айбсизлик презумпцияси, деган тушунча тарафдориман."

Сергей Ежков: "Мен айбсизлик презумпцияси, деган тушунча тарафдориман."

Лекин Ежков ўзини бу “уруш” иштирокчиси эмас, ҳақиқат тарафдори деб билишини ҳамда “Узметроном” орқали берилаётган маълумотлар “ағдарилаётган мағзавага” алоқаси йўқлигини таъкидлади.

- Мен сизга ўз соғлиғим билан қасам ичишим мумкин, бу ҳужжатларни СНБдан олганим йўқ. Мендан нега сўроқ хроникасини чоп этганимни сўрасангиз, нега мен бу ерда “Гулянинг улуши кўринмаяпти”, деган версияни илгари сурдим? Чунки мен айбсизлик презумпцияси, деган тушунча тарафдориман. Ҳозирча президентнинг тўнғич қизи ноқонуний молиявий операция ёки пул ювишга аралашганини исботловчи бевосита далиллар, ҳужжатлаштирилган кўрсатма ва далиллар йўқ, дейди Сергей Ежков.

“Узметроном” бош муҳаррири эълон қилинаётган материалларни қаердан олганини очиқламади, лекин бошқа сайтларда берилаётган “компромат” мамлакат ичидан чиқаётганига шубҳа қилмаслигини таъкидлади.

Лекин Швейцария прокуратураси ҳозирча Гулнора Каримовани ҳеч қандай жиноятда айбламагани инобатга олинса, одатда ишончли манбаларга асосланишини даъво қиладиган нашр бош муҳаррирининг “айбсизлик презумпцияси” ҳақида гапириши бироз ғалатидир.

Швеция бош прокуратураси Озодликнинг “ўзбеклар иши” бўйича сўроқ стенограммалари “Узметроном” сайтида қандай пайдо бўлганига оид саволига юборган ёзма жавобида “бош прокуратура олиб борадиган ишлар асосан махфий бўлади ва профессионал сир қоидасига амал қилишимиз боис аксар маълумотларни ошкор қила олмаймиз. Шу туфайли биз тутган принципларга кўра, биз ҳеч қачон терговга алоқадор жамоалар ёхуд шахслар исмларини очиқламаймиз”, дейилади.

Прокуратура матбуот вакили Жаклин Бюлман Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда “ўзбек ишини” олиб бораётган терговчилардан бу маълумотлар сизиб чиққани эҳтимолини мутлақо рад этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG