Линклар

logo-print

БМТнинг кенг тасмали алоқа бўйича комиссияси ҳисоботига кўра, аҳолининг Интернетга чиқа олиш имконияти билан таъминланганлиги бўйича Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида иккинчи ўринда туради.

Ҳисоботга мувофиқ, Қозоғистонда аҳолининг 45 фоизи, Ўзбекистонда 30,2 фоизи, Қирғизистонда 20 фоизи, Тожикистонда 13 фоизи, Туркманистонда эса 5 фоизи Интернетга чиқиш имкониятига эга.

Ҳужжатда бу борада Исландия пешқадамлик қилаётгани, у ерда аҳолининг 95 фоизи Интернетдан фойдаланиши айтилади.

Жаҳоннинг 177 мамлакатидаги Интернетдан фойдаланувчиларга оид маълумотлар келтирилган БМТ ҳисоботида шу кунда сайёрамизда 2,26 миллиард одам глобал тармоқдан фойдаланиш имкониятига эга экани айтилади.

Ҳисобот муаллифларига кўра, собиқ совет ўлкалари ичида Интернетга чиқа олиш имконияти бўйича Болтиқбўйи республикалари пешқадамлик қилаётибди. Хусусан, Эстонияда 76,5 фоиз, Латвияда 71,7 фоиз, Литвада эса 65,1 фоиз аҳоли Интернетдан фойдалана олади.

Ҳисоботда айтилишича, постсовет ўлкаларидан Озарбайжонда 50 фоиз, Россияда 49 фоиз, Беларусда 39,6 фоиз, Молдовада 38 фоиз, Грузияда 36,6 фоиз, Украинада 30,6 фоиз аҳоли жаҳон тармоғига чиқиш имкониятига эга.

Айни пайтда Гвинея, Нигер, Сомали, Конго Демократик республикаси, Бурунди, Эфиопия, Мьянма ва Тимор-Леште каби бу жабҳада энг қолоқ мамлакатлар экани қайд этилади.

БМТ комиссияси ҳисоботида кенг тасмали алоқанинг тарқалиши бўйича ҳам маълумотлар келтирилган. Бу маълумотларга мувофиқ, Ўзбекистонда аҳолининг 0,5 фоизигина кенг тасмали стационар алоқадан фойдаланади. Қозоғистонда бу кўрсаткич 7,5 фоизни, Қирғизистонда 0,3 фоизни, Тожикистонда эса 0,1 фоизни ташкил қилади.

Мобил алоқа бўйича эса, БМТ ҳисоботига кўра, Ўзбекистон жаҳонда 72-ўринни эгаллаб келмоқда. Айтилишича, ўзбекистонликларнинг 18,4 фоизи мобил телефонлар орқали Интернетга чиқиш имкониятига эга.
XS
SM
MD
LG