Линклар

Президент хусусий мулк ҳимоясини кафолатлади


Ўзбекистон расмийлари¸ янги қонун кучга кириши ортидан фуқароларининг хусусий мулки дахлсизлигини таъминлаш механизмлари ҳам йўлга қўйилганини иддао қилмоқда.

Ўзбекистон расмийлари¸ янги қонун кучга кириши ортидан фуқароларининг хусусий мулки дахлсизлигини таъминлаш механизмлари ҳам йўлга қўйилганини иддао қилмоқда.

Президент Ислом Каримов 24 сентябр куни имзолаган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун 25 сентябрдан кучга кирди.



Мазкур қонун 19 июл куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси¸ 30 август куни эса Сенат томонидан маъқулланган эди.

Расмий матбуот таъкидича¸ Ўзбекистонда хусусий мулкни ҳимояловчи махсус қонун қабул қилиш ташаббускори шахсан президентнинг ўзи.

Бу қонун¸ қолаверса¸ қонунчиликка киритилаëтган янгилик ва ўзгартишларнинг Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаровий жамиятини шакллантиришга қаратилгани иддао қилинмоқда.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати қошидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси¸ сенатор Абдурашид Алтиев Озодлик билан суҳбатда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг кучга киришини Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаровий жамиятини шакллантириш жараëнининг узвий қисми сифатида баҳолади.

Сенатор Алтиев билан янги қонун муносабати билан ўтказилган суҳбатни тўлиқ шаклда мана бу ерда тинглашингиз мумкин:



Тўрт бўлим ва 29 моддадан иборат “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун¸ расмий изоҳларга кўра¸ Ўзбекистондаги хусусий мулк дахлсизлигини оширишга хизмат қилади.

Хусусийлаштириш жараёнини бекор қилиш тақиқланади

Қонунда ëзилишича¸ Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ қўлга киритилган мулкка эгалик қилиш¸ ундан фойдаланиш ва идора қилиш шахснинг ҳаққи ва бундай мулк сони ва қиммати чекланмайди; хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Қонунда хусусий мулкни ҳимоя қилиш йўл-йўриқлари ҳам белгиланган бўлиб¸ унга кўра давлат тизимларининг фуқаролар хусусий мулкига ноқонуний аралашуви тақиқланади ва бундай ноқонуний аралашувдан еткизилган зарарни қоплаш шарт қилиб белгиланади.

Бухоролик Дониëр Иброҳимов¸ тадбиркор сифатида нисбатан каттагина хусусий мулк эгаси. Уй-жойдан ташқари¸ хусусий бизнес ва банкдаги хусусий ҳисобга эга фуқаро сифатида Иброҳимов¸ бундай қонун кучга кирганидан сўнг ўз мулки яхшироқ ҳимояланишига мутлақ ишонмаслигини айтади:

- Хусусий мулк¸ тадбиркор даромадини биринчи навбатда¸ давлатнинг ўзидан ҳимоя қилиш керак. Давлат деганда кимларни назарда тутаëтганимни¸ исмларини айтмасам ҳам¸ ўзингиз биласиз.

Масалан¸ солиқчилар банкдан шундоқ пулингизни оладида¸ истаган бошқа ҳисобга ташлайди. Мисол шаҳарнинг ободончилиги ëки бирорта қурилиш борку, шунга дейдида¸ олиб ўша ерга ишлатаверадида. Уни ҳеч нима қила олмайсиз. Бориб гапирсангиз агар, проблема бўлади. Пулингиз бўладику 100 миллион, 200 миллион. Районгами, шаҳаргами керак бўлдими автоматический налог инспекция келадию банкка шундай 10 миллионини бошқа бир счëтга ўтказдирадида. Ҳеч қанақа қоғоз ҳам бермайсиз. Сиздан сўрамайди ҳам. Ҳеч ким сўрамайди.

Мулкдорнинг бундай қароқчиликдан ҳимояланиши учун қонун, қоида ишлаши керак. Адвокат ишлаши керак, свободний бўлиши керак. Бўлмаса ҳеч нима қилолмайди¸ дейди 25 сентябр куни кучга кирган “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга муносабат билдирган Дониëр Иброҳимов.

Янги қонунга кўра¸ Ўзбекистонда ҳозирга қадар амалга оширилган мулкни приватизация қилиш жараëнини қайта кўриб чиқиш ва уни бекор қилиш ҳам тақиқланди. Қонунда айтилишича¸ давлат мулкини хусусийлаштириш жараëнида олинган мулк дахлсиздир.

Уй-жойни бузиш тартиби ҳам белгиланди

"Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонун фуқароларга тегишли уй-жойларни бузиш тартибини ҳам белгилаб берган. Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди, дейилади янги қонунда.

Шаҳарларни ободонлаштириш ҳукумат дастури доирасида кўплаб ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун етарли товон пули ололмади.

Шаҳарларни ободонлаштириш ҳукумат дастури доирасида кўплаб ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун етарли товон пули ололмади.

Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин хабардор қилиши шарт.

Қонунда айтилишича, мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақатгина қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиб, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади.

Уй-жойлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланади.

Қонунга кўра, мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар қарорнинг амалга оширилиши мумкин эмас.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади.

Кейинги беш-олти йил давомида Ўзбекистон бўйлаб шаҳарларни ободонлаштиришга қаратилган ҳукумат қарорига биноан аҳолининг жуда кўп уй-жойлари ва иншоотлари бузилмоқда.

Ўтган йили Наманган шаҳрида ҳам ободонлаштириш қарорига биноан шаҳарнинг марказий кўчалари ёнидаги аҳоли уйлари бузилди.

Наманганлик пенсионер Ғофиржон отанинг айтишича, унинг яқинлари Бобуршоҳ кўчасидаги йўл бўйидаги уйларда истиқомат қилишарди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, юздан ортиқ уйлар бузилиб, ўрнига 5 қаватли бинолар қурилган, бироқ аҳоли давлатдан уй-жойларининг бозор қийматидан анча паст нархда товон пули олган:

- Одамлар товон пулларини олмади эмас, олди. Лекин бозор нархида эмас, МБТИ нархлаб берган нархда олди, жуда арзон баҳолади. Масалан, 100 миллион сўмли ҳовлиларга 20 миллион, 18 миллион сўм олди. Пулни ҳам нақд беришгани йўқ, банкдан ҳисоб очтириб ўтказиб қўйишган. Одамларга қуруқ ердан участка берди. Иморатларини бузиб олиб кетишди, ўзлари уй солиб ўтиришибдида, дейди Ғофиржон ота.

Уй-жойлари мажбуран бузилган ва давлатдан етказилган зарар тўла қопланмаган ҳолатлар бўйича Озодлик бир неч марта хабар қилган.

Жумладан, жорий йилнинг май ойида Наманган вилоятининг Ҳаққулобод шаҳарчасида ҳам аҳоли уйлари ободонлаштириш қарорига кўра бузилган эди. Озодлик радиосига интервью берган ҳаққулободликлар уй-жойларининг нархи бозор нархидан анча кам баҳоланганидан шикоят қилган эдилар:

- Нима қилишга бошимиз қотган. Ҳаммага ҳар хил пул чиқарилган. Биз участка қиламиз, деб бузиб қўйган эдик. Бузилган нарсаларимизни қўшмаган. 6 миллион 500 минг сўм чиқариб қўйибди. Суммасини кўриб келдик. У билан биз қанақа қилиб уй тиклай оламиз? деган эди ҳаққулободлик Лолахон Шодмонова.

Янги қонун бундан кейин аҳолининг бузилаётган уй-жойлари, иншоотлари ва дов-дарахтлари учун бозор қийматида зарар пули олишини, уларнинг ер участкалари билан кафолатланишини таъминлаши айтилади. Бироқ, кузатувчилар Ўзбекистон қонунларининг аксари каби, бу қонуннинг ҳам хусусий мулкидан айрилган ўзбекистонликлар ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилишига шубҳа билдирадилар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG