Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:40

Хорижлик келинлар Ўзбекистон фуқаролигини қандай олади?


OzodJavob дастурининг навбатдаги сонида қўшни давлатлардан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган фуқаролар қачон ва қай тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкин, деган саволга жавоб изладик.



Мустақиллик йилларида Ўзбекистонга қўшни давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондан келин бўлиб тушган аёлларнинг аниқ сони маълум эмас. Лекин бундайлар мингларни ташкил этишини айтиш мумкин.

Бу аёллар Озодликка жуда кўп марта мурожаат қилиб, Ўзбекистонда йиллар давомида яшаса-да, фуқаролик олишга эриша олмаётганларидан шикоят қилишади.

19 йил аввал Қирғизистондан Фарғонага келин бўлиб тушган 37 ёшли Матлуба шулардан бири.

Матлуба Ўзбекистон фуқаросига турмушга чиққан ва ҳозир икки фарзанди ҳам бор. Аммо, унга шу кунга қадар Ўзбекистонда доимий яшаш ҳуқуқи берилмаган ва айни кунларда у ўз уйига 15 кунлик меҳмон бўлиб келиб-кетишга мажбур бўлаётганини айтади.

- Қирғизистондан Ўзбекистонга 1993 йилда турмушга чиққанман. Временний прописка, паспорт олишга ҳаракат қилганман. 6 ойлик временний пропискага турасизлар деган. 6 ойдан давом эттириб узлуксиз туриб кейин уже вид на жителство, 50 доллар тўлайсизлар деди. Унисига ҳам хўп дедик. Кейин паспорт алмашади деди, уни ҳам алмаштирдик. Бишкекка бориб виза бостириб кел, у деди, бу деди, хуллас кейин болалар билан бўлиб ташлаб қўйдим. Урушдан кейин умуман границаларни бекитиб қўйди. Кейин яна ҳаракат қилдим, яна 50 доллар тўладим. Документ топширдим вид на жителствога. Отказ келди. “Қонуний никоҳим бўлса, иккита фарзандим бўлса, фарзандим шу ерда туғилган бўлса, турмуш ўртоғим Ўзбекистон фуқароси бўлса, унинг номида уйимиз бўлса, нима учун отказ келди менинг документларимга?” десам, “Биз унисини айта олмаймиз” дейишди.
Катта ўғлим Ўзбекистон фуқароси, кичкина ўғлим Қирғизистон фуқароси. Қачонки онасининг доимий яшашга нимаси бўлса, паспортингиз бўлса, кейин болангизга паспорт оласиз дейишди. Ҳозир Фарғонага Қирғизистон фуқароси борса, 15 кунга регистрация қилаяпти. 15 кунга бораман, границадан ўтаман, яна 15 кунга бориб шунақа қилиб яшашим керак,- дейди 19 йил аввал Фарғонага келин бўлиб тушган Матлуба.

Матлуба ўртага ташлаган савол яъни хорижлик келинлар қачон ва қай тартибда Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинлигини ўрганишга ҳаракат қилдик.

Айни масала билан шуғулланувчи асосий ташкилотлардан бири - Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига мурожаат қилдик.

- 1992 йилда фуқаролик тўғрисидаги қонун чиққан. Шунинг моддасида айтилганки, фуқаролик тўғрисидаги қонун қабул қилинган вақтда “Ўзбекистон республикаси ҳудудида доимий рўйхатда бўлган фуқаролар Ўзбекистон республикаси фуқароси ҳисобланади” дейилган. Қонундан кейин келганлар Ўзбекистон фуқаролик паспортини ололмайди.

Озодлик: Фуқароликни умуман ололмайдими?

- Фуқароликни умуман ололмайди демаймиз. Фуқаролик қабул қилиш учун ҳужжат топшириш керак. Доимий рўйхатда қаерда турса фуқаро, ўша ерга ҳужжат топширади. Мисол учун туманда турса, туман вилоятга чиқариб беради. Вилоят бизларга МВДга юборади. МВД кўриб чиқиб президент девонига тақдим қилади. Ҳужжатлар президент девонига бориб, у ерда комиссияда кўриб чиқилади. Беш йилдан кейин ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга,- деди бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими.

1992 йилнинг 2 июлида президент Ислом Каримов томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонуннинг 17-моддасига кўра, чет эллик фуқаро, жумладан, хорижлик келинлар ҳам Ўзбекистон фуқаролигини олмоқчи бўлса,

1) чет эл фуқаролигидан воз кечиши;

2) сўнгги беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаши;

3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариши талаб қилинади.


Шунингдек қонуннинг ушбу моддасида "ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди" дейилади.

Озодликка боғланган хорижлик келинлар фуқаролик сўраб ёзган аризаларига рад жавоби олиш ҳолатлари кўп бўлгани ҳақида гапиришади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходимига кўра, қандай ҳолатларда фуқароликни олиш сўрови рад этилиши қонунда кўрсатилмаган.

- Отказ қачон беришини бизлар билмаймиз. Президент девонида комиссия бор. Уларга ҳужжатларни бизлар чиқарамиз. Ижрочи органмизда бизлар. Охирги хулосани улар қабул қилади.

Озодлик: Ўзи қонун бўйича қачон отказ бериши керак?

- Бу нарсани бизлар билмаймиз. Қонунда ëзилмаган. Мана бу ҳолатда отказ берилади деб ëзилмаган.

Озодлик: Қонунда ëзилмаган бўлса, қанақа қилиб отказ беради?

- Бизлар мана ижрочи орган. Ижрочи орган хулоса қилиб чиқариб берамиз. Президент девонида махсус комиссия бор фуқаролик масалалари бўйича. Ўша комиссияда йиғилишда ўтиришади комиссия аъзолари. Ана шу ерда ҳал бўлади рухсат бериладими рухсат берилмайдими. Фуқаролик тўғрисидаги қонунда “мана шу вақтда отказ берилсин” деб ëзилмаган. 1993 йил келса рухсат беринглар, 1995 йилда келса рухсат берманглар деган жойи йўқ,- деди бошқарманинг ўзини таништирмаган ходими.

Фуқаролиги йўқ хорижлик келинлар фарзандларининг ҳужжатлари борасида ҳам муаммолар бўлишини кўп гапиришади.

"Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги қонуннинг 15-моддасига кўра, "Фуқаролиги бўлмаган, Ўзбекистон Республикасида доимий истиқомат жойига эга бўлган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган боласи Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳисобланади".

Қонунга кўра, агар хорижлик келинлар фуқаролик сўраб ёзган аризаларига рад жавоби олишса, орадан бир йил ўтгач қайта ҳужжат топширишга ҳақлидир.

Бирор муаммога дуч келинса, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг Тошкентдаги идорасига мурожаат қилишлари лозим бўлади.

- Мана бизнинг юридик адресимизни беринг, келишсин. Ҳар куни қабул куни бор. Қабул қиламиз. Ҳужжатларини кўтарамиз. Фуқаролик олиш учун қачон ҳужжат топширишган, нечанчи йили, нима бўлган, топширишган бўлса, жавоби чиққанми, ҳамма даннийларини айтишса, аниқлик киритиб берамиз,- деди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси манзили:

Тошкент шаҳри, Ўзбекистон шоҳкўчаси- 49А уй.

Телефонлар: +998712326570; +998712313798; +998712313710


Азиз тингловчи агар сизда бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз таржибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришнигизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.
XS
SM
MD
LG