Линклар

Клинтон сув атрофидаги зиддиятлар йирик можарога айланишидан огоҳлантирди


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон дунё мамлакатларини сув заҳиралари билан боғлиқ зиддиятларни ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳал этишга чақирди.

Клинтон хоним ўз маърузасида Марказий Осиёда Амударё ҳавзаси атрофидаги зиддият яқин 30 йил ичида минтақавий можарони келтириб чиқариши мумкинлиги борасидаги АҚШ разведкаси эга бўлган маълумотларни ҳам тилга олди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам шу ой бошида Қозоғистонга расмий сафари чоғида Тожикистондаги Роғун ва Қирғизистондаги Қамбарота гидро-электр иншшотлари қурилиши минтақада урушга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Қирғизистон Россия билан ҳамкорликда Норин дарёси ўзанида бир нечта ГЭС қуришни режалаган.

Тожикистон ҳам Вахш дарёси ўзанида Роғун ГЭСини қуришда давом этмоқда. Роғун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар кўп йилдан буён давом этиб келади.

Ўзбекистон ҳукуматининг даъво қилишича, Роғун омборини сувга тўлдириш жараёнида дарёнинг қуйи минтақаларида жойлашган мамлакатлар саккиз йилгача сувсиз қолиши мумкин.

Бироқ Тожикистон ва Қирғизистон улкан ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистонни сувсиз қолдирмайди, дея таъкидлаб келади.
XS
SM
MD
LG