Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:17

Абдулҳаким қори ота Восиев


“Ўзбек имомлари” рукнининг бу галги қаҳрамони Абдуҳаким Восиевни ўзбекистонлик мусулмонлар "марғилонлик улуғ устоз", дея хотирлайдилар.



Абдулҳаким Восиев бир асрлик умри давомида имомлик билан шуғулланмаган, аммо собиқ совет даврида Фарғона водийсида етишиб чиққан қарийб барча илм аҳлига сабоқ берган устозлардан биридир.

Шунингдек, у Ўзбекистондаги мусулмонларнинг 1980-90 йиллар оралиғидаги ҳаётида ўзига яраша муҳим рол ўйнаган ва баъзи муҳим воқеалар марказида бўлган.



Пахта заводида ўтган болалик

Абдуҳаким қори Восиевнинг туғилган йили у кишининг ҳужжатида 1897 йил, деб қайд этилган.

Аммо у кишининг ўғли Абдусалом Восиевга кўра, қори ота туғилган йилини 1904 ёки 1905 йил, деб хотирлаган.

- Ҳужжат бўйича 1900 йилдан олдинроқ туғилганлар. 1897 йил, деб документида ëзилган. Ўзлари 1904 ëки 1905 тахминан, дердилар, дейди Абдусалом Восиев.

Абдулҳаким қори ота аждолари тадбиркор ўтган маҳаллий бойлардан бирининг оиласида туғилган.

Қори отанинг Восижон, деб танилган отаси 1900 йиллар бошидан 1920 йилларга қадар Марғилон шаҳрида хусусий пахта заводини юргизган.

Бот-бот отасининг ортидан пахта заводига бориб юрган Абдуҳаким қори диний илмни, дастлаб, бобосидан олган. Кейин эса Марғилонда танилган аҳли илмларга қатнаган.

- Асосий устозлари марғилонлик Холмуҳаммад қори, деган одам бўлганлар. У киши 1938 йилнинг охирида оламдан ўтиб кетганлар. Кейин турли хил устозларга борганлар. Илмий даражалари унақа жуда баланд бўлмаган, лекин бор илмларини ўзимизнинг халқимизга, элимизга етказишга ҳаракат қилганлар қўлдан келганича.

Араб тилида Қуръон, ҳадисларни таржима қилишга яраганлар. Бу ўша пайт учун нисбатан катта илм эди, лекин мана ҳозир мустақилликдан кейин уламоларимиз кўпайишиб, жуда ҳам илм кенгайиб кетди.

Ўзларининг замонларида водийда дадам қаторида уламолар кам бўлишгани учун менимча уламоларга эътибор каттароқ қаратилган бўлса керак деб ўйлайман. Дадамизнинг илмларини олган одамлар Ҳиндистоний домлага боришарди.

Амаллари сўралганда “Худонинг менга фазли карами кенг эди”, деб қўярдилар холос. Мен фалон қилганман, пистон қилганман, демасдилар. Ҳақиқатан унақа Ҳиндистоний домлага ўхшаган ëки бўлмаса Алихонтўра Соғунийга ўхшаган, мана Зиëвуддинхон Эшон Бобохон ҳазратлари ўтганлар, унақа илмлари бўлмаган, дейди Абдусалом Восиев.

Абдуҳаким қори Восиевнинг асл мақсади ўзида бор илмни имкон қадар кўпроқ одамга етказиш бўлган.

Абдусалом аканинг ўзи ҳам ҳозирда Ўзбекистон Мусумлонлари идораси қошидаги мадрасалардан бирида араб тилидан дарс беради.

У кишининг сўзларига кўра, отасида таҳсил олган талабалар саводи, асосан, Қуръон ва ҳадисларни араб тилида ўқиш ҳамда мазмунини тушуниш даражасига қадар кўтарилган.

Кейин эса бу йўлни давом эттиришни истаганлар янада каттароқ олимларга қатнаган. Давом эттирмаганлар ҳам умри давомида асқотадиган даражадаги илмга эга бўлиб қолишган.

Буни таъкидлаган Абдусалом ака айни шу мақсад у кишини бутун умри давомида ҳаракатлантиргани ва шунинг ортидан у кишининг ҳаёти ўзига яраша қийинчиликлар ва синовлардан иборат бўлганини хотирлайди.


Қатағон зориқтирган бир бурда нон

Аввалига 1933-37 йиллардаги қатағонлар, кейин эса Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейин яна собиқ совет даври чиғириқларига бир-бир учраган Абдуҳаким қори Восиев 40 ёшдан ошганида оила қурган.

У кишининг 5 фарзанди – тўрт ўғил ва бир қизи бўлган. Абдусалом Восиев дунёга келган 1958 йилларда ота 55 ёшни қоралаган эди.

Шу боис ҳам Абдусалом ака Абдуҳаким қори отанинг ҳаётидаги пасту-баландлар, хусусан собиқ совет ҳукумати махсус хизматларининг тазйиқларига бевосита гувоҳ бўлмаганини айтади.

- Энди таъқиблар бўлган, жуда ошкора бўлмасада. Оддий мана ҳозиргига ўхшаган мадрасалар очиб қўйилган бўлганда бунақа ишга мажбур бўлинмас эди. У пайтда шунақалар йўқ бўлганлигидан махфий равишда ўқилган, ўқитилган.

Ўша пайтда КГБ нималигини билмас эдик. Эҳтиëт чоралари, фалон экан, пистон экан, деган гапларни эшитган бўлсак ҳам алоҳида уйимизга КГБдан одам келиб ўша пайтда дадамизга таъқиб қилиб: “Нима қилаяпсиз”, деганини сезмаганмиз, билмаганмиз.

Чақиртириб масалан: “Шу ишни қилманг. Қиларкансиз” деса, “Йўқ, билмай қилиб қўйибман” деганга ўхшаган тилхатлар ëзиб, энди қилмайман деб сўз бериб чиқиб, қутулиб, шунга ўхшаган ишлар бўлган. Замоннинг сиëсатига қараб иш юритилган ҳарқалай, дейди марғилонлик улуғ аҳли илмлардан бири Абдуҳаким қори Восиевнинг ўғли Абдусалом Восиев.

Аммо, Абдуҳаким қори отанинг қўлида таҳсил олган ва кишининг хизматида бўлган аҳли илмлар бу устознинг оғир ҳаёт йўли ҳақидаги хотириларини ҳануз ёдда сақлайди.

Озодликка бундан аввал ҳам Абдуҳаким қори дада ҳақида интервью берган Содиқ қори Камоловдан тинглаймиз.

- Ҳакимжон қори домла оғир вақтларда, Совет Иттифоқи аталмиш империя даврида динга қарши қатағон йилларида, Сталин даврларида, энг оғир пайтларда ҳам ўқиган, билган илмини талабаларга ўргатиш, ўқитиш билан машғул бўлиб, бу кишини 1937 йиллар атрофида Сталин репрессияси вақтида Украинага сургун қилишган.

Бу кишининг тоғалари, оналари биргаликда бўлиб, ўша жойларда тил билмайди, урф-одатларини билмайди, ҳатто, шундай бир оғир ҳолатлар бўлганки, ўша жойларда иш йўқ, ўзлари сургун бўлиб борган. Украинадаги черковлардан ëрдам сўрашликка, ўша жойларда одамлардан ўлиб қолмаслик учун, ҳаëт қолишлик учун озуқа сўраб олишликка ҳам булар мажбур бўлганлигини неча маротаба гапириб берардилар, дейди қирғизистонлик йирик уламо, Қирғизистоннинг собиқ муфтийси Содиқ қори Камолов.






"Ваҳҳобийлик" ҳақидаги зиддияту муроса

Ўтган галги эшиттиришларимиздан бирида Мавлавий Ҳиндистоний ҳақида суҳбатлашган эдик.

Ўшанда Ҳиндийстоний домланинг айнан Абдуҳаким қори Восиев ва у кишининг ўғли Абдусалом Восиев билан ўтган мулоқоти ҳақида гап борган эди.

Бу икки йирик фигуранинг 1980-90 йиллар оралиғида Ўзбекистон мусулмонлари бошидан ўтган ва ҳанузгача уларнинг ҳаётида таъсири сўнмаётган ихтилофлар давридаги роли катта бўлган.

Мавлавий Ҳиндистоний ўзбекистонлик мусулмонларнинг ягона мазҳабда ибодат қилишига тарафдор бўлган ва расмий манбаларда таъкидланишича, минтақага ёт оқимлар, хусусан, “ваҳҳобийлик” оқимининг келишига қарши курашган уламо сифатида хотирланади.

У киши айнан Абдуҳаким қори Восиев ва у кишининг Абдували қори Мирзаев каби шогирдларини бироз адашган, деб баҳолаган эди.





Ҳиндистонийнинг Абдулҳаким қори Восиев билан ўтган бу суҳбатида Абдусалом Восиев ҳам иштирок этган эди.

Абдусалом Васиев ўша кунларни шундай хотирлади:

- Отам ибодатларда Имоми Аъзам мазҳабларида жуда маҳкам бўлганлар. Сал бошқачароқ ибодат қилганларни кўрсалар, очиқдан-очиқ қаттиқ урушиб берардилар, сўкиб берардилар.

Озодлик: Мана шу масалада Мавлавий Ҳиндистоний билан Абдуҳаким қори ўртасида бир мулоқот ўтган экан. Сиз ҳам қатнашган экансиз. Шунда отангиз раҳматлик билан: “Сал бошқача ибодатлар бўлаяпти. Мана шунақа фарқлар келаяпти. Шуларни йўқотайлик. Ҳаммамиз битта йўлдан ибодат қилайлик”, деб борган экансизлар-а?

- Ҳа, ҳамма бир хил бўлсин, Имоми Аъзам мазҳабида бўлайлик, деган масала кўтарилган. Энди Ҳиндистоний домла ҳазратлари ҳам Ҳанафий мазҳабида мустаҳкам бўлганлар. Дадамизга нисбатан ҳар хил гаплар пайдо бўлганига:“ўша гапларни қилмайлик битта йўлда бўлганимиздан кейин”, деган илтимос билан борилганда.

Озодлик: Ўша илтимоснинг давоми нима бўлган кейин?

- Давоми менинг эсимда йўқ. Анча йил бўлиб кетди. Тахминан 1986 йиллармикан бу воқеа.

Озодлик: Йиғилиш бўлганми? Марғилонда йиғиламиз деган экан Ҳиндистоний домла.

- Йиғилишлар бўлмаган ўшандан кейин менинг эсимда қолишича. Амалга ошмаган шунақа йиғилиш.

Озодлик: Қори отанинг қўлида Абдували қори ҳам ўқиганми ëшлигида?

- Шунақа дейишади. Ҳозир аниқ билмайман мен.

Озодлик: Ўшанда Мавлавий Ҳиндистоний “Абдували қори ҳам озгина хато йўлдан кетаяпти”, деган мазмунда айтган эканда. 1992 йилда мусулмонлар йиғилишганку, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳаммаларини йиғиб, сулҳ масаласида гапирган эдилар. Ўшанда қори ота қатнашганмилар?

- Ҳа, ҳамма қатнашган унда. Диний идорада йиғилинган. Мен ҳам қатнашганман. Дадамнинг қўлларидан етаклаб бориб, бирга кириб қолганмиз. Ўша сулҳда дадам гап гапирмаганлар. Дадамнинг одатлари кўпчилик ичида гапира олмас эдилар.

Озодлик: Ëши нечада эди ўшанда?

- 85 дан ошган пайтлари бўлса керак.

Озодлик: Сулҳдан кейин нима бўлди?

- Анча яхшилик бўлди. Анча яхши ишлар бўлди Муҳаммад Содиқ аканинг ҳаракатлари билан.

Озодлик: Ўшанда у киши: “Бошқача ибодатлар қилиб душманларга имкон бермайлик. Бундан дин душманлари унумли фойдаланиши мумкин”, деган гапни айтган эдилар. Ўша вақтдан кейин "ваҳҳобийлик", деган атама айбловга айланиб қанчадан-қанча одам қамалди. Ўша пайтларда "ваҳҳобийлик", деган оқим ҳақиқатан бормиди ëки Шайх ҳазратлари айтмоқчи, вазиятдан дин душманлари фойдаландими?

- Шунақа бўлди. "Ваҳҳобийлик", деган нарса дадамизга ҳам қараб гапирилган ўша пайтда. Лекин дадамиз умрларининг охирларигача "ваҳҳобийлик" деганда айтиладиган айблар, масалан, намозда қўлини кўтариб ўқиш, жаҳрий омин айтиш, оëғини кериб намоз ўқиш кабилар дадамда умуман кўринмаган. Дадамнинг ўғиллари, неваралари бўладими ҳеч қайсинисида бу нарса давом этмаган. Кўринмайди у нарса бизда, дейди марғилонлик улуғ аҳли илмлардан бири Абдуҳаким қори Восиевнинг ўғли Абдусалом Восиев.

Бу кишининг сўзларига кўра, Абдуҳаким Восиев умрининг охирига қадар фарзандлари, яқинлари, шогирдлари ва зиёратига келган мусулмонларни ихтилофдан қочиш, иттифоқли бўлишга чорлаб келган.





Чегачилик

Ўзида бор илмни имкон қадар кўпроқ илму толибга етказишни ҳаётидаги асосий мақсад, деб билган Абдуҳаким қори ота бир умр ҳунармандлик қилиб ўтган.

У кишининг асл ҳунари чегачилик бўлган. Абдусалом аканинг хотирлашича, баъзи кунлари қори ота бозордаги дўконида ишлаган.

Бошқа кунларда эса бўйлари узун, бақувват қори ота елкасига бир халтани осиб, маҳаллама-маҳалла юрган ва аҳолининг чинни буюмларини чегалаган.

Аҳоли орасида юрар экан, ўз ҳаракати, ҳунари билан ҳалол тирикчилик, ҳалол турмуш тарзига бир намуна берган қори ота одамларни диний илмга ҳам тарғиб қилгани хотирланади.

Аммо, Абдуҳаким қори отанинг ҳунари ўзи билан кетган.

- Чойнак чегалардилар. Касблари шунақа эди. Чойнак-пиëлаларнинг учган, синган жойларини тўғирлайдиганларни чегачи, дейишарди. Устахона ҳам бўлган. Маҳаллаларда одамлар чойнагини олиб чиқиб берса, салқинда ўтириб ямаб кетаверган вақтлари бўлган. Ҳалол тирикчилик бўлган. Бировдан камчилигимиз бўлмаган. Доим қорнимиз тўқ бўлган. Катта бўлганимизда ҳам асбоб-ускуналарни кўриб юрдик, лекин қила олмадик, дейди Абдусалом ака.

Фарзандлар орасида дин илмидан сабоқ бериш йўлини фақатгина 54 га кирган Абдусалом Восиев давом эттирмоқда.

- Мен ўзим ҳозир мадрасада бошланғич синфларга дарс бераман. Илмдан озгина олганмиз дадамдан. Ҳарқалай дадамизнинг йўлларидамиз Худога шукур, дейди Абдусалом Восиев.


Сўнгги нафасга қадар ўқилган таҳажжуд намози

Абдуҳаким қори ота 2011 йилнинг 7 мартида – бир асрлик умрни яшаб, оламдан ўтдилар.

Абдусалом ака у кишининг сўнгги кунларини шундай хотирлайди:

- Умрларининг охирида энди бир жойда ëтиб қолганлар. Битта оëқлари гангрена бўлиб кетиб, яра бўлиб кетиб кесилган. Шундай бўлса ҳам Қуръон ўқиш, китоб кўриш масалаларида жуда ғайратли бўлганлар. Тўхтамасдан Қуръон ўқирдилар. Умрларининг охирги кунларигача десак ҳам адашмаймиз.

Кечаси туриб таҳажжуд намози ўқишлари умрларининг охиригача давом этган. Уйғониб навбат билан қарардик ака-укалар. Кечаси уйғотарди: “Туринглар, таҳорат қилдириб қўйинглар, ибодатимга ëрдам бериб юборинглар”, деб ялингандай муомала қилардилар, бизнинг уйқумизни бузганларига ҳижолат бўлгандек.

Қўлимиздан келганича хизматларини қилиб ўғиллар, неваралар, ибодатларига ëрдам бериб, таҳоратларини қилдириб қўйиб, кўтариб ўтказиб орқаларига ëстиқ суяб қўярдик. Доимий насиҳатлари ихтилоф чиқармаслик, катталарга итоатда бўлиш, шу тўғрида кўп гапирардилар. Кўп ëшлар келиб қолса: “Эҳтиëт бўлинглар. Ихтилоф ëмон нарса”, деб насиҳат қилардилар.

Озодлик: Одамлар турли масалаларга ечим сўраб ҳам келармиди?

- Никоҳ, талоқ масаласида кўпроқ келинарди. Касаллар “Дам солиб қўйинг. Сизнинг бир марта куф деганингиз етади, сизни қийнамаймиз”, деб келишарди. Асосан шунақа бўларди, дея ўз отаси Абдулҳаким қори Восиевни хотирлайди Абдусалом Восиев.

Шу боис ҳам катта ёшдаги марғилонликлар орасида Абдулҳаким қори Восиевни "қори дада", деб хотирлайдиганлар кўпчилик.


Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг

Биз ўзбекистонлик мусулмонларга илм берган ва уларнинг ҳаётида чуқур из қолдирган аҳли илмлар ҳақида имконимиз қадар хотирлашга ҳаракат қиляпмиз.

Тингловчиларимиздан бу маълумотларга қўшимча қилиш зарур бўлган маълумотлари бўлса ҳамда буни Озодлик тингловчиларига билдириш истаги бўлса, бизга мурожаат қилишларини илтимос қилар эдик.

"Ўзбек имомлари" туркумидан бошлаганимиз янги лойиҳа бироз мушкуллиги, айрим маълумотлар нодирлигини инобатга олган ҳолда сизнинг ёрдамингизга умид қиламиз.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

бизга қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460(моб)



Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:15:25 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG