Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:21

Тошкентда автобус ширкати раҳбарлари қамоққа олинди


Автобус саройлари раҳбарлари иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.
Автобус саройлари раҳбарлари иқтисодий жиноятларда айбланмоқда.

Тошкент жамоат транспорти бошқарув идораси – “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмасида прокуратура томонидан тафтиш ўтказилмоқда. Озодлик манбасига кўра, текширув асносида Тошкентдаги иккита йирик автобус ширкати раиси иқтисодий жиноятларда айбланиб ҳибсга олинган.


Қамоққа олинганлардан бири – Тошкент шаҳар кенгаши депутати, “12-автобус саройи” бошқарув кенгаши раиси Қудратилла Зикиров.

– Қудратилла Сергелидаги “12-автобус саройи” акциядорлик жамиятини бошқарган. Ташаббускорлиги билан анча-мунча тилга тушган ёш кадрлардан эди. Ассоциацияда текширув бошланганда прокуратура сўроққа чақирган. Кейин қўйиб юборган. Ўша пайтда қочиб кетган-да. Қидирувга беришди, бир ҳафтадан ўтди, ушлаб келишди,– дейди исмини ошкор қилмасликни сўраган Тошкентдаги автобус саройи вакили.

Бир ойдан буён давом этаётган текширувларда “3-автобус саройи” бошқаруви раиси Сайфулла Исаевга ҳам жиноят иши қўзғатилган ва у ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, жамоат транспорти мансабдорлари эҳтиёт қисмлар олди-сотдиси ҳисобидан маблағларни талон-тарож қилишда айбланмоқда.

– Директорларга запчаст олишда нархларни сунъий равишда ошириб юбориш, шу орқали катта миқдорда маблағ ўзлаштириш айби қўйиляпти,– дея вазиятни изоҳлайди у.

Озодлик Ўзбекистонда сўнгги ойларда дизел ёнилғиси тақчиллиги юзага келгани ҳақида хабар берган эди. Мутахассислар Фарғона ва Бухородаги нефтни қайта ишлаш заводларида дизел одатдаги ҳажмда ишлаб чиқарилаётгани, етишмовчилик сабаби эса Россиядан импорт ҳажми қисқаргани эканини қайд этганди.

Озодлик манбасига кўра, автобус ширкати раҳбарлари дизел ёнилғисини қора бозорда пуллашга алоқадор деб кўрилмоқда.

– Энди, жамоат транспорти асосан соляркада юради. Давлат томонидан ҳар қанақа дефицит бўлсаям, жамоат транспортига солярка ажратилади. Бўлмаса, мана, “Мерседес” автобуслариям тўхтаб қолади-да. Иши терговга оширилган директорларимизга дизелни қора бозорга чиқариб юборган, деган айблар ҳам қўйиляпти,– дейди Тошкентдаги автобус саройи вакили.

Хабарларга кўра, прокуратура идораси “Тошшаҳартрансхизмат” уюшмасида текширувни давом эттирмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, “Тошшаҳартрансхизмат” тизимида 12 мингдан ошиқ ходим ишлайди. Уюшма 10 дан ошиқ автобус саройи, 2 та трамвай депоси, шунингдек, Тошкент метрополитенини ўз ичига олади. Жамоат транспорти корхоналари кунига 1,5 миллион атрофида йўловчига хизмат кўрсатади.
XS
SM
MD
LG