Линклар

logo-print

Швеция прокуратураси TeliaSoneraнинг “ўзбек иши” юзасидан жиноий иш очди


Швед журналистлари ана шу схема асосида TeliaSoneraнинг Ўзбекистон ҳукуматидан лицензия олиш учун тўлаган пуллари аслида Гулнора Каримовага берилган "откат" эканини айтмоқда. Эндиликда бу айбловни швед прокурорлари кўриб чиқмоқда.

Швед журналистлари ана шу схема асосида TeliaSoneraнинг Ўзбекистон ҳукуматидан лицензия олиш учун тўлаган пуллари аслида Гулнора Каримовага берилган "откат" эканини айтмоқда. Эндиликда бу айбловни швед прокурорлари кўриб чиқмоқда.


Швеция Бош прокуратурасининг коррупцияга қарши кураш бўлими TeliaSoneraга қарши қўйилаëтган Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун “откат” берганлик ва пул ювиш амалиëтларига аралашганлик айблари юзасидан расмий тергов жараëни бошлади.

Бу ҳақда 26 сентябр куни TeliaSonera матбуот хизмати ширкатнинг расмий сайтида эълон қилди:

“Биз Швеция полицияси TeliaSoneraдан Ўзбекистонга доир фаолиятига алоқадор ахборот олганини тасдиқлаймиз. Бундан бир неча кун аввал TeliaSonera пора бериш ва пул ювиш юзасидан қўйилаëтган айбларни ўрганиш учун ташқаридан махсус гуруҳ тузиш ташаббуси билан чиққан эди. Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими эндиликда бу айблар юзасидан жиноий иш очди ва биз буни олқишлаймиз. TeliaSonera тергов жараëни билан тўлиқ ҳамкорлик қилади”¸ дейилади ширкат матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер (Gunnar Stetler) Озодлик билан суҳбатда TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фаолияти юзасидан жиноий иш очилганини тасдиқлади:

- Мен сизга фақат ҳозирда дастлабки тергов ишлари бораëтгани ҳақидагина маълумот бера оламан. Бу ишни шахсан мен бошқараяпман ва биз жиноий ишга доир тафсилотларни журналистларга очиқламаймиз. Биз билан алоқада бўлиб туринг¸ жамоатчиликка билдириш лозим маълумот туғилса¸ уни сизга айтаман¸ деди Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Стетлер 27 сентябр куни Озодлик билан суҳбатда.

“TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фаолиятини текшириш учун бу мамлакат ҳуқуқ тизимлари билан ҳамкорлик қилиш лозим бўлади. Швеция прокуратураси ўзбек ҳамкасблари билан ҳамкорлик бошладими?” деган саволга ҳам бевосита жавоб беришни истамаган швед прокурори¸ айни пайтда¸бундай ҳамкорликка умид қилинаëтганига ишорат қилиб ўтди.

Акцияларининг 37 фоизи Швеция ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSoneraнинг Ўзбекистонда ўз шўъба корхонаси Ucellни очиш учун юзлаб миллион пора берганига оид жиддий айблов Швеция жамоатчилик телевидениесининг 19 сентябр кунги “Вазифа:Текшириш” деб номланган кўрсатувида илгари сурилган эди.

Уч швед журналистининг олти ойлик махсус суриштируви хулосаси жамланган "TeliaSonera - ўзбек иши" деб номланган ҳужжатли филмда TeliaSonera 2007 йилда ўзбек мобил алоқа бозорига кириб¸ UCell корхонасини очиш учун Гулнора Каримовага 337 миллион АҚШ доллари миқдорида “откат” берганликда айбланган эди.

2007 йилда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага қарашли Фонд Форум масъулларидан бири 22 яшар Гаяне Авакян номига Гибралтарда очилган Takilant Ltd. ширкати банк ҳисобига TeliaSonera ширкатининг 2 миллиард 200 миллион швед кронаси (320-337 милллион АҚШ доллари) миқдорида пул ўтказгани швед журналистлари¸ эндиликда швед прокурорлари диққат-марказидаги воқеадир.

Бунча пулнинг қандай қилиб TeliaSoneraнинг бирор раҳбари шахсан кўрмаган¸ гаплашмаган 22 яшар Ўзбекистон фуқаросига шубҳали оффшор ҳудудда очилган ширкат орқали тўланганини изоҳлаган TeliaSonera расмийлари¸ Авакяндан частота ва лицензия сотиб олиш учун пул тўлагани ва бу ëш қизда шундай ваколати бўлганини таъкидламоқда.

Швед журналистлари ўтказган суриштирувга кўра¸ Гаяне Авакян номидаги ширкат ва банк ҳисобларининг асл эгаси Гулнора Каримова ва TeliaSonera Takilantга ўтказган юзлаб миллион доллар Каримованинг жазмани Рустам Мадумаров номига Лондонда очилган ширкат орқали ювилиб¸ Ғарб банкларига жойланган.

20 сентябр куни Стокҳолмда ўтказилган матбуот анжуманида TeliaSonera президенти Ларс Нюберг бу айбларни инкор қилган ва ўз ширкати Ўзбекистонда 3G мобил алоқа хизмати кўрсатишга рухсат берувчи ҳукумат лицензиясини олиш учун ҳеч кимга пора бермагани ва ҳеч қандай пул ювиш операцияларида қатнашмаганини таъкидлаган эди.

Айни пайтда ҳали жиноий иш очилмай туриб Ларс Нюберг¸ агар “ўзбек иши” юзасидан қўйилаëтган айбларда жон бўлса¸ ўзининг истеъфога чиқажагини билдирган эди.

Шунингдек¸ дунëнинг коррупциядан энг холи деб кўриладиган Швеция ширкатининг дунëдаги энг коррупциялашган Ўзбекистонда бизнес юритиб келаëтганига нисбатан мавжуд эътирозлар турткисида Нюберг¸ ширкатнинг бу мамлакатда бундан сўнг қолиш-қолмаслиги ўрганилаëтганини ҳам баëн қилган эди.

Кузатувчилар¸ Швеция прокуратураси бошлаган жиноий иш босими остида TeliaSoneraнинг Ўзбекистондан чиқиб кетиш эҳтимоли кучайганини тахмин қилмоқдалар.

Швеция прокуратураси Ўзбекистондаги коррупция ва пул ювиш операциялари юзасидан жиноий иш бошлаган биринчи хориж давлати эмас.

Бундан олдин Швейцария Бош прокуратураси тўрт Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очди ва уларнинг Швейцария банкларидаги юзлаб миллион доллар пулини музлатиб қўйди. Швецариядаги жиноий иш марказидаги шахс яна айнан Гулнора Каримованинг гумаштаси Гаяне Авакяндир.

Швейцария прокуратурасининг Ўзбекистон фуқаролари амалга ошириб келган пул ювиш операцияларини тафтиш қилиш жараëнига ҳозирда дунëнинг бир қатор давлатлари ҳуқуқ тизимларининг ҳам тортилгани айтилмоқда.

Швеция ва Швейцария терговчиларини қизиқтираëтган асосий савол¸ Ўзбекистондаги ҳукумат расмийлари¸ хусусан президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бу “откат” олиш ва пул ювиш операцияларидаги ролини аниқлаш бўлиб қолмоқда.

Бир неча ойдан бери Тошкентдан ташқари чиқмай қолган Каримова хоним Швейцария терговчиларининг¸ балки эндиликда Швеция прокурорларининг ўнлаб саволларига жавоб бериши лозим бўлади.

Айни пайтда¸ Россия Тергов қўмитаси ҳам Ўзбекистонда МТС шўъба корхонаси “Ўздунробита” фаолиятининг ноқонуний равишда тўхтатилгани юзасидан жиноий иш очди.

Норасмий манбаларга кўра¸ Россия терговчиларини ҳам МТСнинг синдирилишида Гулнора Каримованинг роли қизиқтирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG