Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:19

Ўзбекистонлик эр-хотин мотоциклда Ҳажга йўл олди


Абдусаттор Ўрмонов 26 сентябр куни Қозоғистоннинг Актўбе шаҳрида.
Абдусаттор Ўрмонов 26 сентябр куни Қозоғистоннинг Актўбе шаҳрида.


Ўзбекистонлик Абдусаттор Ўрмонов рафиқаси Мария Тоҳирова билан ўзи ясаган уч ғилдиракли мотоциклда Қозоғистон орқали Маккага йўл олди.


Ўзбекистон фуқаролари Абдусаттор Ўрмонов ва рафиқаси Мария Тоҳирова 3 сентябр куни Тошкентдан Ҳаж сафарига отланди. 62 яшар нафақахўр Абдусаттор ака учун бу еттинчи ҳаж сафари, рафиқаси эса муқаддас зиëратгоҳга боришни ният қилиб биринчи марта йўлга чиқди.

Эр-хотин 20 кун деганда Қозоғистон ғарбидаги Ақтўбе шаҳрига етиб келишди.

Масофа 7 минг километр, тезлик соатига 50 километр

Ўзбекистондан Ҳажга элтувчи йўналишдан бири Қозоғистон, Каспий денгизи, Озарбайжон ва Туркия орқали ўтади. Узоқ йил поездда проводник бўлиб ишлаган тошкентлик Абдусаттор ака аввалги Ҳаж сафарларини велосипедда амалга оширган.


Абдусаттор ака ўзи ясаган қўлбола мотоцикл кабинасида
Абдусаттор ака ўзи ясаган қўлбола мотоцикл кабинасида
- Тошкентдан Маккагача 7000 километр . Аввалги сафар мен бу масофани велосипедда уч ойда босиб ўтган эдим. Туркманистон, Эрон, Ироқ орқали йўл қисқароқ, 5000 километр. Лекин мен учун МДҲ ҳудуди орқали ўтадиган йўл маъқулроқ. Чунки бу йўл орқали ўтадиган мамлакатларда дўстларимиз кўп, улар бизни ҳар доим қучоқ очиб кутиб олишади, дейди Абдусаттор Ўрмонов.

Ёғоч фанердан ясалган кабинасини ҳисобга олмаса уч ғилдиракли бу қўлбола транспорт воситасини мотоцикл деса бўлади.

Ҳар хил транспорт воситаларидан йиғилган қўлбола арава кабинаси унча катта эмас.

Олдинги қисмида ҳайдовчи учун жой бор. Орқа қисмига яна бир одам зўрға сиғиши мумкин.




Ушбу уч ғилдиракли аравада йўлга чиққан эр-хотин ўзлари билан газ плита, чодир ва иссиқ тўшак халталарни ҳам оливолишган.

- Бу аравани механик дўстим билан бирга ясаганман. Энг муҳими бу ерда мотор. “Ямаха” мотоциклникидан олиб ўрнатганмиз. Лекин тез юради¸ деб айтолмайман. Тезлик максимум соатига 50 километрга чиқади. Йўл узоқ, лекин шошилмаймиз, дейди Абсаттор ака.

Оллоҳ йўлида савоб

Чимкент-Самара йўлида Ҳажни ният қилган ўзбекистонликлар араваси бузилиб қолди. Эр-хотин Қозоғистон ғарбидаги Актўбе шаҳридаги “Нургасир” масжиди имоми Жайилхан Абдисалим уйида меҳмон бўлишди.

Актўбелик механиклар уларга мотоциклини таъмирлашга ёрдам қилишди, маҳаллий мусулмонлар йўлга пул ҳам йиғиб беришди.

Имом Жайилхан Абдисалим чоршанба куни меҳмонларни йўлга кузатар экан Манғистаудаги биродарларига қўнғироқ қилиб¸ Ҳажга йўлга чиққан дўстини паромга чиқариб юборишга ёрдам беришни сўради.


Абдусаттор Ўрмонов қозоғистонлик имом Жайилхан хожи билан 25 сентябр куни Атирау шаҳрида
Абдусаттор Ўрмонов қозоғистонлик имом Жайилхан хожи билан 25 сентябр куни Атирау шаҳрида
- Оллоҳнинг йўлида савоб-да бу, дейди Жайилхан хожи.

Қозоғистонлик имомнинг айтишича, у ўзбекистонлик Абдусаттор ака билан илк бор 2007 йилги Ҳаж сафари пайтида танишган.

Ҳажга йўл ўзига тортаверади

Йигирма кундан буён уч ғилдиракли мотоцикл орқасида ўтириб келаётган 50 яшар Мария Тоҳирова чеҳрасида ҳорғинлик кўринмайди.

- Эримнинг кўзи яхши кўрмайди. Қозоғистон йўллари ҳам яхши эмас. Қоронғу тушиши билан тўхтаймиз¸ дейди Мария опа.


50 яшар Мария Тоҳирова чеҳрасида ҳорғинлик кўринмайди
50 яшар Мария Тоҳирова чеҳрасида ҳорғинлик кўринмайди


Эр-хотин йўлда баъзида таниш-нотаниш одамларнинг уйида¸ баъзида чодир тикиб, очиқ осмон остида тунаб қолишларини айтишади.

Абдусаттор аканинг ҳисоб-китобига кўра, улар Маккага Қурбон ҳайитидан бир ҳафта олдин етиб боришни мўлжаллашяпти.

- Йўлда қийинчилик кўп бўлади. Лекин барибир бу йўл мени ўзига тортаверади. Оллоҳ насиб қилса¸ келаси йил яна Ҳажга бораман, дейди Абдусаттор ака.
XS
SM
MD
LG