Линклар


Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораева Жиноят Кодексининг туҳмат ва ҳақорат қилиш моддалари билан айбланмоқда. Гулшан Қораева бу ишнинг ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти билан боғлиқ эканини иддао қилмоқда.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаоли 27 сентябр куни эрталаб Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимининг тўрт нафар милиция ходими томонидан ўз уйидан мажбурлаб олиб кетилди.

Гулшан Қораеванинг Озодликка айтишича¸ у икки марта Ички ишлар бўлимига айбланувчи сифатида чақирилган, бироқ ўзи ва болалари касал бўлганлиги учун боролмаган:

- Бугун эрталаб келиб террористни олиб кетгандай босиб олиб кетишди. Терговчи Илҳом Шералиевнинг кабинетига олиб боришди. Ўзбекистон Жиноят Кодексининг асосан иккита моддаси, 139, 140-моддалари, яъни туҳмат, ҳақорат қилиш моддалари билан айбланаётган эканман. Мен ёзган мақолаларни бир катта папка қилишган. Мени Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Интернет сайтида чоп қилинган “Қачон терговчилар оқни қорадан ажратишни фарқлаб олишади?” мақоламда гўёки мен қўшниларимни фоҳиша деб ёзган эканман. Лекин буни мен ёзмаганман, дедим, дейди Гулшан Қораева.

Фаолнинг айтишича, бу делода бирор бир конкрет шахснинг даъво аризаси йўқ:

- Ҳеч ким мени устимдан арз қилмаган, бунақа ариза ҳам йўқ. Барча гап мени мақолаларим устидан бўляпти. Буни нега ундай деб ёзгансан, уни нега ундай ёзгансан, деб сўроқ қилишди. Менимча бу ерда СНБни даъвоси бўлса керак. Булар барибир мани жазолаши керак эди, буни билиб юрардим, Миллий хавфсизлик хизматининг менда “тиши” бор,- дейди Гулшан Қораева.

Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимида уч соат тергов қилингач¸ Гулшан Қораевадан тушунтириш хати олиб қўйиб юборилган¸ қайта терговга чақирилиш ҳақида огоҳлантирилган.

Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими терговчиси Илҳом Шералиев, Озодлик билан суҳбатда Гулшан Қораева устидан очилган жиноий иш ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон МХХсига қарашли экани айтиладиган “Пресс-уз инфо” Интернет сайтида чоп қилинган мақолада қашқадарёлик инсон ҳуқуқи фаоли Гулшан Қораева ўз уйини “фоҳишахона”га айлантирган маънавий бузуқ аёл сифатида таърифланган эди.

35 ёшли Гулшан Қораева ўрта-махсус маълумотли тиббиёт ҳамшираси. У 2008 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлимига раҳбарлик қилиб келади.

Гулшан Қораева ижтимоий-иқтисодий муаммолар, маҳаллий ҳокимлар ва амалдорларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари, болалар меҳнати ҳақида халқаро ташкилотларга ва хорижий оммавий ахборот воситаларига хабарлар бериб келган.
XS
SM
MD
LG