Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:04

“Сангтўда” ва “Роғун” қийноқ машинасига айланган


Ҳамза Икромзода яқинлари унинг қамоқдаги қийноқлардан ўлганини айтмоқда.
Ҳамза Икромзода яқинлари унинг қамоқдаги қийноқлардан ўлганини айтмоқда.

ЕХҲТнинг инсон ҳақларига оид йиллик йиғилишида тожикистонлик ҳуқуқ фаоли Сергей Романов мамлакат ҳибсхоналарида маҳкумларнинг “Сангтўда” ва “Роғун” деб номланадиган қийноқ машиналарида “айбларига иқрор” қилиниши ҳақида баёнот берди.

Тожикистондаги “Мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимояси маркази” раҳбари Сергей Романов ЕХҲТнинг Варшавадаги йиллик йиғилишида “53 нафар истаравшанлик иши"га тўхтар экан, жиноятга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинганлар “Сангтўда” ва “Роғун” деб номланадиган қийноқ машиналарида айбларига иқрор қилдирилгани ҳақида гапирди.

Сергей Романовга кўра, “Сангтўда” – электрошок қийноқ машинаси. Унинг қуввати “Роғун”га нисбатан камроқ. Инсон ҳуқуқи фаоли фикрича, айбланувчилар бу қийноқ машиналарига солинса, ҳар қандай айбловга ҳам “иқрор” бўлиши мумкин.

Сергей Романов иддаосига кўра, тожик қамоқхоналарида¸ айниқса¸ “терроризм”да гумонланиб ҳибсга олинганларга нисбатан қийноқлар кўп қўлланилади. Унинг айтишича¸ қамоқхоналарда ток қўйиш, калтаклаш, қоронғу ертўлаларга қамаш, баданни куйдириш ва номусга тажовуз қилиш каби қийноқлар қўлланилади.

Тожикистон Адлия вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шарипов, Озодлик билан суҳбатда Сергей Романов иддаоларини ёлғон ва бўҳтон деб атади:

- Мен шундай одамманки, тирикни тирик дейман, ўликни ўлик. Оқни оқ дейман, қорани қора. Турма қийноқлар жойи эмас. Маҳбуслар мен ва ходимларим учун аввало одам, инсон. Уларнинг қамоқда эканлигининг ўзи уларга жазо. Нима биз яна уларга жазо берамизми? Бизда фақат наручник бор, дубинка бор. У ҳам фавқулодда ҳолларда қўлланилади, холос. Ҳеч қандай машиналар бўлмаган ва бўлмайди ҳам, деди Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Иззатулло Шарипов.

Жорий йилнинг 16 сентябр куни Душанбе шаҳридаги 1-қамоқхонада маҳкум Ҳамза Икромзода ҳалок бўлган эди. Яқинларининг иддао қилишича, у қийноқлар, хусусан дазмол билан куйдириш оқибатида жон таслим қилган. Бироқ расмийлар ўлим юзасидан "маҳкум қамоқхона панжарасига ўзини кўйлаги билан осиб қўйган"¸ деган расмий хулоса берган.

Марҳумнинг яқинлари унинг қийноқлардан пажмурда бўлган баданини суратга олиб, жамоатчиликка ошкор қилди.

Тожикистон Бош прокуратураси берган маълумотга кўра, ўтган йилда мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар содир қилинган бешта ҳолат қайдга олинган.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Тожикистон қамоқхоналарида қийноқлар жуда кўп эканлигини айтар экан, бу ҳолатлар адолатли текширилмаслиги боис, маҳкумлар қийноқлар борлиги ҳақида оғиз очмайди, деган фикрдалар.
XS
SM
MD
LG