Линклар

Алишер Хўжаевга қудасининг ишдан олингани панд бериши мумкин


Қудаси ишдан олингач Алишер Хўжаев Абдулла Орипов билан қариндошчиликдан воз кечишга қарор қилгани айтлимоқда.

Қудаси ишдан олингач Алишер Хўжаев Абдулла Орипов билан қариндошчиликдан воз кечишга қарор қилгани айтлимоқда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев истеъфога кетиш тўғрисида ариза бергани айтилмоқда. Лекин қудаси ва собиқ бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов билан боғлиқ вазият боис берилган аризага президент Ислом Каримов имзо қўймаган. Ўтган ҳафта қудалар телерадиокомпания биносида ёқалашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди. Ундан аввал эса алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг собиқ раҳбари Абдулла Ориповга нисбатан жиноий иш очилган эди.


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раисининг ўз ихтиёрига кўра ишдан кетиш қарорига қудаси ва Ўзбекистон бош вазири собиқ ўринбосари, алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари Абдулла Ориповнинг ишдан олингани, ундан кейин чиққан ўзаро келишмовчиликлари сабаб бўлгани айтилмоқда.

49 ёшли Алишер Хўжаев ва 51 ёшли Абдулла Орипов МТРК биносида муштлашгани ҳақида Озодлик манбаси ўтган ҳафта хабар қилган эди, лекин бу хабарни бошқа мустақил манбадан тасдиқлай олмаганимиз боис эълон қилмаган эдик.

Айни хабар чоршанба куни мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати Интернет нашрида ҳам пайдо бўлди.

МТРК собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулова ҳамкасбларига таяниб, муштлашув ҳақида Озодликка буларни гапириб берди.

- Жанжалнинг боши Абдулла Орипов ишдан мосуво бўлганларидан кейин, гўëки, Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси Алишер Хўжаев у кишининг қизларига, яъни келинларига жавоб бериб юборганлиги ҳақида гап кетади. “Сен мени сотдинг”, деганда собиқ бош вазир ўринбосари нимага шама қилган, униси мавҳум. Журналистлар айнан шуни биладилар холос. "Сен мени сотдинг" деган гапини, то йўлаккача бўғишиб чиқишганини, кимлардир тасвирга олишганини, тасвирлар ўчирилганлиги ҳақида гапиришаяпти холос, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Яъни журналистнинг айтишича, Абдулла Орипов бош вазир ўринбосари лавозимидан олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилгач, Алишер Хўжаев у билан қудалик алоқаларини узишга қарор қилади.

Бундан ташқари, журналистнинг айтишича, Абдулла Орипов алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги раҳбари бўлган пайтда қудаси - МТРК раиси Алишер Хўжаев билан тил бириктириб, қонунбузарликларга қўл урган.

Тошкентлик мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам амалдор қудалар ўртасида “бизнес-алоқалар” бўлганини айтади.

- Ўзбекистонда раҳбарларнинг бир-бири билан қуда бўлиши бевосита кланларга қараб юриши, яъни ўзаро манфаатларни ҳимоя қилиш ҳисобланади. Алишер Хўжаев бош вазир ўринбосари Абдулла Орипов билан бекорга қуда бўлмаган. Ўзларининг ҳар хил манфаатларини бирлаштириш, қуда-андачилик ришталарини боғлаш нуқтаи назаридан, бу ҳукуматдаги позициясини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан бу иккита одамнинг бир-бирига яқинлашгани муҳим бўлган. Чунки иккови ҳам бевосита медиа соҳасига хўжайин бўлганлардан биттаси ва айнан кечаги жанжалда мана шу нарса ўртага чиққан. Менга гапириб берган гувоҳларнинг айтиши бўйича “Сен сотдинг. Сен бизнинг шохимизга путур етказдинг. Сен мени қаматишгача олиб келдинг”, деган таналар қилган Абдулла Орипов Алишер Хўжаевга.

Собиқ вазирнинг миллий телерадиокомпанияга келиб, қудаси билан ёқалашиши сабабларидан бири Абдулла Орипов ўз қизининг қайнотаси уйидан ҳайдалганини ўзига нисбатан хиёнат сифатида қабул қилган.

- Ўша воқеага гувоҳ бўлган телевидение ходимларининг айтиши бўйича, Алишер Хўжаевнинг ўғли Абдулла Ориповнинг қизини, отасининг номига путур етгандан кейин турмушлари бўлмаган, ҳайдаб юборган деган гаплар чиқди. Ўша куни Абдулла Орипов телевидениега мана шу масалани ўзаро ҳал қилиш учун келган ва кейинчалик бу нарса секин-секин суҳбат асносидан даҳанаки жангга, кейин муштлашувга айланган, дейди мустақил журналист.

Алишер Хўжаев қудаси билан муштлашувдан кейин истеъфога кетиш тўғрисида ариза берган, лекин бу ариза қабул қилинмаган, дейди журналист Малоҳат Эшонқулова.

Унинг айтишича, миллий телерадиокомпания ходимлари орасида Алишер Хўжаев яқин орада ишдан олиниб, жавобгарликка тортилиши мумкинлигига оид гап-сўзлар урчиган. Шу сабабдан ҳам унинг ўз хоҳишига кўра, ишдан кетиш тўғрисидаги аризаси қабул қилинмагани айтилмоқда, дейди журналист.

Абдураҳмон Ташанов ҳам миллий телевидение раҳбарининг ўз ихтиёри билан ишдан кетиш тўғрисидаги аризаси собиқ қудаси билан алоқалари учун жавобгарликдан қутулиш мақсадида берилган, деб ҳисоблайди.

- Одатда қуда-андаларга юқори доираларда қандайдир мавқеига дарз кетадиган бўлса, позициялари юмшаб қоладиган бўлса, Ўзбекистонда тенденция шунақа, уруғи билан қуритишади. Ўшанинг олдини олиш мақсадида жуда кўпчилик олдиндан “Эгилган бошни қилич кесмайди” деган маънода эгилиб қўйишади. Шунақа бўлгандир, дейди тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов.

Абдулла Орипов ўтган ой охирида бош вазир ўринбосари ҳамда алоқа ва хаборотлаштириш агентлиги раҳбари лавозимларидан олинган эди. Ўзбекистон телекоммуникация соҳасини 10 йил бошқариб келган вазирнинг ишдан олиниши МТС ширкати ёпилиши билан боғлиқ экани айтилган эди.

Ўтган ҳафта Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Тошкент режимига юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид айбловлар ортидан Абдулла Ориповга нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди. Ўзбекистон махсус хизматларига яқин экани айтиладиган “Узметроном” сайти эълон қилган мақолада, порани аслида, Швеция жамоатчилик телевидениеси айтганидек, президент қизи Гулнора Каримова эмас, Абдулла Орипов олганига ишора қилинди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG