Линклар

logo-print

30 сентябр куни Россиянинг турли шаҳарларида рус миллатчиларининг митинглари ва юришлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Кейинги икки-уч йилдан бери миллатчилар этник жиноятчилик қурбонлари хотираси кунини нишонлашни одат қилиб олган.


Россия шаҳарларида миллатчилар митинглари ва юришлари бўлиб ўтади

Россия миллатчилари 30 сентябр куни Этник жиноятчиликка қарши марш ва пикетларни уюштирмоқда. Ташкилотчилар бу ҳаракат этник жиноятлар қўрбонларини хотирлаш, ноқонуний миграция оқимини чеклаш ва мамлакатни исломлаштиришга қарши қаратилганини таъкидламоқда.

Ҳозирда тадбирнинг ташкилий қўмитасида Бирлашган Рус Миллий Альянси, “Буюк Россия”, “Миллий демократлар” ташкилотлари ва бошқа миллатчилар уюшмалари иштирок этиши тасдиқланди.

Россиянинг ўнлаб йирик шаҳарларида ўтказилиши айтилаётган тадбирларнинг энг йириги Санкт-Петербургда бўлиши кутилмоқда.

Миллий юриш ташкилотчиларидан бири, “Миллий демократлар” ҳаракати мувофиқлаштирувчиси Павел Ерофеев Озодлик Радиоси билан суҳбатда 5 минг кишилик маршга Санкт-Петербург мэрияси томонидан рухсат берилмаганини айтади.

- Маршнинг ўзига рухсат берилмаса ҳам, биз жуда бўлмаганда оддий фуқаролар сифатида юзага келган масалаларни муҳокама этишга йиғиламиз. Бизнинг асосий талабларимиз ноқонуний миграцияга тўсиқ қўйилиши, меҳнат миграцияси чекланиши, Осиё ва Кавказорти мамлакатлари билан виза режимини жорий қилиш, умуман олганда, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўз вазифаларини бажаришларига ундашдан иборат. Чунки одатан полиция мигрантлар жиноятни содир этганидан кейин пайдо бўлади. Мамлакатимиздаги вазиятни ҳисобга олиб, бу сафар маршга аввалгидан ҳам кўпроқ одам келишини кутяпмиз, дейди Петербург миллатчилари фаолларидан Павел Ерофеев.

Ерофеев “Миллий демократлар” бошчилигида митинг Петербургнинг Марс майдонида 30 сентябр куни соат 16:00 да бошланишини билдирди. Айрим хабарларга кўра, миллатчилар шаҳар ҳокимияти таъқиқлаганига қарамасдан марш уюштиришни режалаштирмоқда.

Анъанага айланиб бораётган тадбирга келаётганлар талабларини билдирар экан, миллатчи Павел Ерофеев “рус миллатчилиги қонуний усулар билан мигрантлар оқимини камайтиришга бел боғлагани”ни гапиради.

- Мигрантларни калтаклаш каби усуллар биз бартараф этмоқчи бўлган проблемаларни ҳал этмайди. Бу ҳукуматга қўйиладиган талаблар, агарда бу ҳукумат бу масалани ҳал этмаса, демак бизга чегарага тўсиқ қўя оладиган бошқа ҳукумат керак. Ҳозир бизнинг чегараларимиз очиқ, ким хоҳласа кириб келади. Ноқонуний миграциянинг мавжуд бўлишида биз коррупциялашган амалдорлар манфаати борлигини тушунамиз. Биз кўчаларимизда ичиб, пичоқлашиб, сўкиниб, аёлларимизни зўрлаб, устига ишимизни тортиб олаётган мигрантларнинг кераги йўқ демиз, дея хулоса қилди Петербургдаги “Миллий демократлар” ҳаракати мувофиқлаштирувчиси Павел Ерофеев Озодликка.

Унинг айтишича, бунадй тадбирлар Россиянинг Новосибирск, Буюк Новгород, Белгород, Воркута, Вятка ва қатор бошқа шаҳарларида миллатчилар томонидан нишонланиши кутилмоқда. Москвада ноқонуний муҳожирлик ва муҳожирлар жиноятчилигига қарши Красная Пресня заставасидаги ҳайкал ёнидаги пикетга 300 кишининг келиши кутилмоқда.

Рус миллатчилари мигрантларга қарши шиорлар билан биргаликда бу митингларда Россияда мусулмонлар жамоалари сонининг кўпайиб бораётгани, хусусан Москвада масжидлар қурилиши масаласини ҳам кўтариб чиқишини маълум қилди.

Рус миллатчилари, тақирбошлари ва неофашистлари 4 ноябр – Халқ бирлиги кунини “Рус халқи бирлиги куни” номи остида оммавий намойишларни уюштиришини билдирди.

“Москвада миллатчилик унчалик эмас...”

Шунга қарамасдан, Россияда яшаётган кўплаб муҳожирлар сўнгги йилларда миллатчи ва тақирбошлар сонининг кескин камайиб бораётгани кузатилганини айтмоқдалар.

Москвада меҳнат қилаётган самарқандлик 45 ёшли Зайнаб опа Москвада миллатчилик оммавий тус олмаганини гапиради.

- Баъзида кўчада битта-яримтаси “чёрний” деб гапириб ўтади, мен ҳижобда юрганим учун “смертница, шаҳидка” дейди. Асосан ёш боллар айтади. Баъзида ёши катта рус аёллари ҳам “Сизлар нега бизни ёмон кўрасизлар? Бу ерга нега келдиларинг?”, деб танбеҳ беради. Улар ўйлайдики, биз уларнинг нонини тортиб олганмиз. Шахсан мени бирор маротаба полиция тўхтатмайди, метрода кўпинча ўз катталарига жой бермаган ёшлар менга жой беради. Бизнинг қизларимиз ўзлари қорачадан келган сочларини сариқ қилади, лекин славянлар билан фарқимиз борда, шуларни ушлайди, “чурка” дейди деб айтади, дейишади. Мен Вихинода тураман, кўп болларимизни кўраман, пиво ичиб санғиб, бомжлар билан қўшилиб кетган ўзбек болларимиз бор. Мен албатта буларга ўз миллатини, мусулмонлигини хор қилиб юргани учун ҳайф дейман. Кўп нарсага одамнинг ўзи сабабчи бўлади, дейди Зайнаб опа.

Этник жиноятчилик қурбонлари куни 2008 йилнинг 30 сентябридан 1 октябрга ўтар кечаси ўлдирилган мактаб ёшидаги москвалик Анна Бешнованинг хотирасига бағишлаб ўтказиб келинади.

Вояга етмаган Анна Бешновани зўрлаб ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинган самарқандлик Фарход Турсунов аллақачон 23 йилик қамоқ жазосига маҳкум этилган.
XS
SM
MD
LG