Линклар

TeliaSonera ўзини оқлашга уринмоқда


Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатини Гулнора Каримовага, унинг гумаштаси Гаянэ Авакян орқали пора берганликда гумон қилмоқда.

Швеция прокуратураси TeliaSonera ширкатини Гулнора Каримовага, унинг гумаштаси Гаянэ Авакян орқали пора берганликда гумон қилмоқда.

Швециянинг TeliaSonera ширкати ўзига нисбатан илгари сурилаётган Ўзбекистонда пора берганлик ва пул ювганлик айбловлари ортида туркиялик миллиардер Маҳмат Қорамаҳмат турганини иддао қилмоқда. Компания вице-президенти Тимо Пелтола жанжалга оид берган сўнгги баёнотида TeliaSonera Turkcell ширкати устида бир неча йилдан бери баҳслашиб келадиган Cukurova компанияси хўжайинини туҳмат кампаниясини бошлаганликда айблади. Cukurova ширкати вакили Озодлик билан суҳбатда бу иддаоларни ахмоқлик, дея атаб TeliaSonera ширкатига иғвогарлик қилишдан кўра, Швеция прокуратураси ўрганаётган айбловларни жиддий тарзда текширишни маслаҳат қилди.


Швеция прокуратураси чоршанба куни TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда бизнес юритиши учун пора бергани ва пул ювиш жиноятларига алоқадорлиги юзасидан жиноий иш очиши ортидан компания вакиллари мазкур айбловларни рақиблар томонидан уюштирилган фитна, деган иддаоларни илгари сурмоқда.

Улушларининг 37,3 фоизи Швеция ҳукумати, 11,7 фоизи Финляндия ҳукуматига қарашли TeliaSonera вице-президенти Тимо Пелтола жума куни Финляндиядаги энг йирик “Helsingin Sanomat” газетасига берган интервьюсида ўз ширкати Ўзбекистонда қонунга кўра ҳаракат қилганига ишончи комил эканини таъкидлади.

Тимо Пелтолаб Швеция жамоатчилик телевидениеси эфирга берган "TeliaSonera - ўзбек иши" номли ҳужжатли филмда ширкат “Ўзбекистон президенти Ислом Каримов режими ва унинг қизи Гулнора Каримовага пора бергани”га оид айбловлар ортида TeliaSonera компаниясининг кўп йиллик рақиби, туркиялик миллиардер Маҳмат Қорамаҳмат турганини иддао қилди.

TeliaSonera вице-президентига кўра, гўё бир неча йилдан бери Turkcell мобил ширкатида ҳақдорлик устида шведлар ва Россиянинг Алтимо ширкати билан тортишиб келаётган Қорамаҳматнинг Cukurova компанияси туҳмат кампаниясини бошлаган.

“Бир неча йил олдин Қозоғистондаги бизнесимиз хусусида ҳам бу каби айбловлар тарқатилган эди. Кейинчалик бу айбловлар асоссиз бўлиб чиқди. Энди эса суд Cukurova ва Алтимо ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича қарор чиқариши арафасида Қорамаҳмат яна TeliaSonera ширкатини қора отлиқ қилишга ҳаракат қилмоқда”, деди Тимо Пелтола.

TeliaSonera вакиллари Озодликнинг ширкат вице-президент илгари сурган иддаолар хусусида изоҳ бериш мурожаатларини жавобсиз қолдирди.

Лекин Cukurova Group ширкатининг шахси сир қолиши шарти билан Озодлик билан суҳбатлашган расмийси, TeliaSonera вакили иддаоларини “юмшоқ қилиб айтганда, ғалати”, дея баҳолади.

“Биз жаноб Пелтоланинг иддаоларидан ҳайратга тушдик. Биринчидан¸ бу гапларнинг мутлақо ёлғон эканини айтишим лозим. Бу баёнот, юмшоқ қилиб айтганда, ғалатидир. Чунки гап ўзи TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги бизнесига оид айбловлар ҳақида кетмоқда, биз TeliaSonera билан баъзи ширкатлардаги улушларимиз орқали шерик ҳисоблансак-да, Cukurova ширкатининг Ўзбекистонда ҳеч қачон, ҳеч қандай бизнеси ва манфаатлари бўлмаган. Шунингдек, TeliaSonera билан биргаликда улушларига эгалик қиладиганимиз Turkcell компаниясининг ҳам Ўзбекистонда манфаатлари йўқ. Шунинг учун жаноб Пелтола TeliaSonera муаммоларига бизни қандай қилиб боғлаётганини тушунмай турибмиз. Тўғри биз TeliaSonera билан 5-6 йилдан бери баҳслашиб келамиз, лекин бу баҳснинг TeliaSonera ширкатига нисбатан илгари сурилаётган айбловларга умуман алоқаси йўқ”, деди Cukurova расмийси.

Маҳмат Қорамаҳмат вакили TeliaSonera раҳбариятига иғво тарқатмасдан, вазиятни ҳал қилишни маслаҳат қилди.

Маҳмат Қорамаҳмат вакили TeliaSonera раҳбариятига иғво тарқатмасдан, вазиятни ҳал қилишни маслаҳат қилди.

Туркиядаги энг йирик инвестицион ширкат Cukurova Group ва унинг хўжайини мамлакатдаги энг бадавлат кишилардан бири Маҳмат Қорамаҳматнинг TeliaSonera компанияси Ўзбекистон президенти оиласига пора берганига оид айбловларга нисбатан муносабатини суҳбатдошимиз изоҳламади. Лекин бу айбловлар жиддий экани ва TeliaSonera раҳбарияти иғво тарқатмасдан бу вазият бўйича тегишли чора кўришга эътибор қаратса, мақсадга мувофиқ бўлади, дейди Cukurova Group мулозими.

“Жаноб Пелтола асосий қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарaшли бўлган йирик ширкатнинг вице-президентидир. Шу боис у эгаллаб турган лавозимдаги шахс, вазиятга алоқаси бўлмаган учинчи томонни айблаш ўрнига, бу каби жиддий айбловларни текшириб, жамоатчиликни бу ҳақда хабардор қилиши тўғри бўлар эди. Яна бир марта қайтараман, у илгари сурган иддаолар мутлақо асоссиздир ва бизнингча, TeliaSonera ширкатига нисбатан бўлаётган босимлардан жамоатчилик диққатини чалғитишдан бошқа нарса эмас”, деди Cukurova Group мулозими.

Cukurova Group TeliaSonera билан 2005 йилдан бери Туркиядаги энг йирик мобил оператори Turkcell компанияси устидан назорат борасида баҳслашиб келади. Шведлар Қорамаҳмат Turkcell даги улушининг катта қисмини сотишга ваъда берган эди, деб келади. Cukurova Group эса бундай мажбурияти йўқлигини айтиб келади. Ҳозирда бу тортишувларга Turkcell да улуши бўлган россиялик миллиардер Михаил Фридманга қарашли Алтимо компанияси ҳам қўшилган.

Швеция прокуратураси Ўзбекистондаги коррупция ва пул ювиш операциялари юзасидан жиноий иш бошлаган биринчи хориж давлати эмас.

Бундан олдин Швейцария Бош прокуратураси тўрт Ўзбекистон фуқаросига нисбатан жиноий иш очди ва уларнинг Швейцария банкларидаги юзлаб миллион доллар пулини музлатиб қўйди. Швецариядаги жиноий иш марказидаги шахс яна айнан Гулнора Каримованинг гумаштаси Гаяне Авакян экани айтилмоқда.

Швейцария прокуратурасининг Ўзбекистон фуқаролари амалга ошириб келган пул ювиш операцияларини тафтиш қилиш жараëнига ҳозирда дунëнинг бир қатор давлатлари ҳуқуқ тизимларининг ҳам тортилгани айтилмоқда.

Швеция ва Швейцария терговчиларини қизиқтираëтган асосий савол¸ Ўзбекистондаги ҳукумат расмийлари¸ хусусан президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бу “откат” олиш ва пул ювиш операцияларига алоқаси борми, йўқми, деган саволдир.

Айни пайтда¸ Россия Тергов қўмитаси ҳам Ўзбекистонда МТС шўъба корхонаси “Ўздунробита” фаолиятининг ноқонуний равишда тўхтатилгани юзасидан жиноий иш очди.

Норасмий манбаларга кўра¸ Россия терговчиларини ҳам МТСнинг синдирилишида Гулнора Каримованинг роли қизиқтирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG