Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:28

Хоразмда қалбаки доллар чиқарган гуруҳ қўлга тушди


Тошкент вилоятида 10 дан ошиқ одамни заҳарлаган аёл ҳибсга олинди. Ўзбекистон парламенти Меҳнат вазирини саволга тутди. Сурхондарёда вояга етмаган қизини турмушга берган оталар жазоланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар хусусида хабар берди.

“Фотостудияда сохта доллар кўпайтирилган”

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида сохта доллар ва сўм чиқарган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Хива туман суди судяси Дилмурод Отамуродовнинг “Куч – адолатда” газетасига маълум қилишича, гуруҳга “Садоқат” фотостудиясида сураткаш бўлиб ишлаган Жавлон Бакиев бошчилик қилган. Фотограф йигит 7 нафар шериги билан умумий миқдорда 2 миллион 820 минг сўм ва 9400 АҚШ долларилик сохта купюралар тайёрлаган. Қалбаки пул чиқарган гуруҳ қилмишига яраша жазоланганини ёзган судя Отамуродов айнан қандай жазо тайинланганини очиқламаган.

“654 та янги корхона очилди – 1014 таси ёпилди”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2012 йилда иш ўринлари ташкил этиш бўйича дастур ижроси бўйича Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Актам Ҳаитовнинг ахборотини эшитди (“XXI аср”, 27 сентябр). Вазир жорий йил январ-июн ойида мамлакатда 510,5 мингта янги иш ўрни яратилганини маълум қилган.

Парламент эшитувида депутатлар айрим минтақаларда янги корхоналарни ишга тушириш, якка тартибдаги хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига иш ўрни ташкил этиш борасидаги ишлар талаб даражасида эмаслигини танқид қилган. “Масалан, Бухоро вилоятида ҳисобот даврида 654 та янги корхона ташкил этилган бир вақтда 1014 та кичик корхона ўз фаолиятини тўхтатган”, деган Либерал-демократик партия депутати Ғулом Омонқулов. Депутатлар бу борада қўшимча чора-тадбирлар кўришга чақирган.

“Вояга етмаган қизини турмуш берган отага жазо”

Денов тумани прокуратураси вояга етмаган қизларини эрта турмушга бериб, уларнинг мажбурий таълим олишини таъминламаган 21 нафар ота-она устидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси бўйича иш қўзғатган. Бу ҳақда Денов туман прокурори Муродхон Аҳмедов “Адолат” газетаси орқали маълум қилди. Прокурор туман ФҲДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқигани учун “Навбаҳор” маҳалласида яшовчи Ч.Шукуров ва “Илонсой” жоме масжиди имом-хатиби А.Олтибоевни кескин қоралаган. Қайд этилишича, туман бўйича ФҲДЁ бўлимларида қайд этилмаган 214 та никоҳ аниқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик” деб номланган 47-моддаси бўйича айбланган ота-онага энг кам иш ҳақининг 3 бараваригача жарима солинади.

“Нафақахўр асоссиз қарздор қилиб қўйилди”

Навоий вилояти Хатирчи тумани ижтимоий таъминот бўлими нафақахўр Нарзулла Кенжаевга асоссиз равишда 9,3 миллион сўм қарз ёзгани маълум бўлди (“Ўзбекистон овози”, 25 сентябр). Масъул ходимнинг хатоси туфайли нафақахўр Кенжаевнинг 2002-2012 йиллик нафақаси ҳисоб-китобида чалкашлик юзага келган. Натижада, қария асоссиз қарзни ойма-ой тўлашга мажбур бўлган.

Адлия текшируви пайти ижтимоий таъминот бўлими хатога йўл қўйгани аниқланган. “Қайсидир бир амалдор ёки мутахассиснинг масъулиятсизлиги кўплаб кишиларга ташвиш келтиради, зиён еткизади. Демак, каттами-кичикми, ҳар бир мутахассис, мансабдор шахс, айниқса, ижтимоий ёрдам кўрсатишга дахлдор идора ва ташкилотлар ходимлари ўз вазифасига катта масъулият билан қараши талаб этилади”, деган Навоий вилоят адлия бошқармаси вакили Қаҳрамон Ҳафизов.

“Дарслик нега қайта-қайта чоп этилади?”

“Новый век” газетаси Ўзбекистонда мактаб дарсликлари нега қайта-қайта чоп этилаверишини савол остига олди: “Бугун кўплаб муаллифларнинг касбий тайёргарлиги, у ёки бу дарсликнинг чоп этилиши ва уларни танлаш мезони шубҳа-гумонларга сабаб бўлмоқда. Илгари битта муаллиф ёзган дарсликлар йиллар давомида қайта чоп этиларди. Вақт ўтиши билан унга қўшимча ва тўлдиришлар киритиларди. Бугун эса ҳаммаси бошқача”. Мустақил нашр дарсликларни ҳадеб қайта чоп этиб, харажат ва ҳаракатни кўпайтириш ўрнига, маблағни таълим сифатини оширишга сарфлаган маъқул, деб ҳисоблайди.

“Новый век” газетасига кўра, дарсликлар ижараси ҳам айрим ота-оналарга оғирлик қилмоқда. Масалан, 7-синфнинг 13 та дарслиги ижарасига 9200 сўм тўлаш керак. Асосан юмшоқ муқовада чоп этилаётган дарслик сифати бузилса, йил охирида ота-оналар устама тўлов ҳам бериши зарур.

“10 га яқин одамни заҳарлаган аёл 10,6 йилга кесилди”

Тошкент вилояти Паркент туманида 10 га яқин аёлга психотроп модда бериб, ҳушидан кеткизган ва уларнинг мол-мулкини ўғирлаган Дилшода Нормўминова 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди (“Адолат кўзгуси” 27 сентябр).

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судяси Исматилла Мамановга кўра, судланувчи бой хонадонларга кириб, уй эгаларини авраб, уларга психотроп модда қўшилган кофе ичирган. Жабрланувчилар ҳушини йўқотгач, уларни тунаб кетган. Шу тариқа судланувчи Нормўминова фуқаро М.Анваровадан – 1,7 миллион, Т.Ҳакимовадан – 1,8 миллион, Р.Диёровадан – 2,4 миллион, Д.Йўлчиевадан – 2,4 миллион, А.Қамариддиновадан – 700 минг, Д.Нозимовадан – 1,2 миллион сўмлик қимматбаҳо буюм ўғирлаган.
XS
SM
MD
LG