Линклар

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари кенгашининг 28 сентябр куни Ялта шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида МДҲ доирасида тузилган Эркин савдо ҳудудига Ўзбекистоннинг қўшилиши қўллаб-қувватланди.


Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилишини МДҲ Ижроя қўмитаси раиси Сергей Лебедев маълум қилди.

Унга кўра, Бош вазирлар йиғилишида Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши билан боғлиқ ишлар 2012 йил охиригача тугатилиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилинган.

2011 йил 18 октябр куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида МДҲ Бош вазирлари ҳамдўстлик доирасида Эркин савдо ҳудуди ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолаган.

Ҳужжатга Россия, Украина, Беларус, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон имзо чеккан.

Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистон шартномани имзоламаган. Бироқ бу давлатлар Эркин савдо ҳудудига қўшилиш ниятида экани билдирилган.

Қарийб бир йил ўтиб, Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилиш борасида узил-кесил қарор қабул қилди.

Қозоғистон пойтахти Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев Озодлик билан суҳбатда Эркин савдо ҳудудига қўшилишнинг Ўзбекистон учун фойдали томонлари борлигини айтди.

- Биринчидан, Ўзбекистон Эркин савдо ҳудудига қўшилса, шу ҳудуддаги эркин савдо қилишга эришади. Бугунги кунда Ўзбекистондаги эркин валюта конвертацияси, импорт-экспорт билан боғлиқ қийинчиликлар камаяди. Бундан биринчи навбатда Ўзбекистоннинг ишлаб чиқарувчилари ютади.

Эркин савдо ҳудудида маҳсулотлар нархи арзонлашади ва истеъмолчиларнинг сифатли моллар харид қилиш имконияти ошади. Эркин бозор кенгаяди. Ўз маҳсулотларини четга чиқариш осонлашади. Корхоналар ишида самарадорлик ортади. Транспорт билан боғлиқ ишлар, ўзаро алоқалар осонлашади,- деди қозоғистонлик иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Ўзбекистонлик иқтисод фанлари доктори Хонназар Амонов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистоннинг МДҲ Эркин савдо ҳудудига қўшилиши мамлакатда ишлаб чиқариш даражаси юксалгани ва бошқа бозорларга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортгани билан боғлиқ, деган фикр билдирди.

- Менимча, Ўзбекистоннинг Эркин савдо ҳудудига қўшилиши мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг МДҲ бозорларига киришига кўпроқ имконият яратади. Чунки бошқа давлатлар тарафидан тўсиқлар қўйилмайди. Бугунги кунда Ўзбекистон саноати маълум даражада юксалди.

Бошқа бозорларга кириб бориш учун маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Бу жараён секин кечди. Лекин охирги уч йил ичида анча тезлашди. Шунинг учун Ўзбекистон қўшни давлатлар бозорларига кириш учун шошилиши табиий ҳолат ва бу ўз вақтида қилинаётдан иш деб ўйлайман, - деди ўзбекистонлик иқтисодчи.

Айни пайтда Сапарбой Жубаев қатор давлатларнинг келишган ҳолда Эркин савдо ҳудуди яратиши унга аъзо бўлган ҳар бир давлат иқтисодиёти ривожланиб кетишининг гарови бўла олмаслигини, Эркин савдо ҳудудининг ўзига яраша ижобий ва салбий томонлари ҳам борлигини айтди.

- Эркин садо ҳудудига қўшилиш иқтисод ривожланишига имконият яратади. Лекин иқтисоднинг ривожланиши ёки пасайишига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Албатта Эркин савдо ҳудудга кириш ривожланишни осонлаштиради.

Лекин шунақаси ҳам бўладики, Эркин савдо ҳудудига аъзо давлатларда иқтисодий пасайиш бўлса, бу ҳаммага таъсир қилади. Эркин савдо ҳудудига қўшилиш албатта иқтисодий ривожланишга олиб келади, деган тушунчага бориш керак эмас,- деди Остонадаги Евроосиё университети доценти Сапарбой Жубаев.

Ялта учрашувида йигирмадан ортиқ масала, жумладан, информацион жамият шакиллантириш ва ривожлантиришда МДҲ давлатларининг стратегик ҳамкорлиги, 2015 йилга мўлжалланган ҳаракат дастурини амалга ошириш ва молиялаштириш каби масалалар муҳокама этилган.

МДҲнинг Эркин савдо ҳудуди ҳақидаги шартнома 2012 йил 20 сентябр куни кучга кирди.

МДҲга аъзо давлатлар ҳукумат бошлиқлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2013 йил 31май куни Беларус пойтахти Минск шаҳрида бўлиб ўтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG