Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:48

Абдулазиз Комилов БМТда нутқ сўзлади


Жаноб Комилов мавжуд лойиҳалар юзасидан мустақил халқаро экспертиза ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

- Сирдарё ва Амударё ўзанида йирик гидроиншоотлар қуриш бўйича барча лойиҳалар БМТ хомийлиги остида нуфузли халқаро ташкилотлар тарафидан экспертиза қилиниши ва бу дарёларнинг қуйи оқимидаги давлатлар билан албатта келишилган холда бўлиши керак, - деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири минтақадаги сув заҳираларидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммога тўхталар экан, Амударё ва Сирдарё юқори қисмида улкан гидроиншоотлар қурилишининг хатарли оқибатлари ҳақида огоҳлантирди.

Ўзбек дипломатияси раҳбарига кўра, ушбу лойиҳалар Марказий Осиёда шундоқ ҳам долзарб бўлган сув муаммосини янада мураккаблаштиради ва минтақа экологиясини издан чиқариб юборади.

- Минтақанинг чекланган сув захираларидан биринчи навбатда бу ерда яшовчи аҳолининг ичимлик сувига бўлган эхтиёжини қондириш учун фойдаланиш керак, - деди Комилов.

Роғун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар кўп йилдан буён давом этиб келади.

Ўзбекистон ҳукуматининг даъво қилишича, Роғун омборини сувга тўлдириш жараёнида дарёнинг қуйи минтақаларида жойлашган мамлакатлар саккиз йилгача сувсиз қолиши мумкин.

Шу ой бошида Қозоғистонга сафари чоғида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов минтақада сув устида уруш чиқиши эхтимолидан огоҳлантирганди.

Ўзбекистон томонига кўра, сейсмик хавфли бўлган жойда қирғизистоннинг Қамбарота сув тўғони 275 метр баландликда, Роғун тўғони эса 335 метр баландликда қурилаётгани ҳисобга олинса, бу иккала лойиҳа қурилиши бу ерда яшаётган инсонлар ҳаётига таҳдид бўлиши мумкин.

Бироқ Тожикистон ва Қирғизистон улкан ГЭСларнинг қурилиши Ўзбекистонни сувсиз қолдирмайди, дея таъкидлаб келади. Улар, шунингдек, эҳтимолий зилзила оқибатлари ҳақидаги хавотирларни ҳам инкор қилади.
XS
SM
MD
LG