Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:47

Бишкекда "Мен гейман ва мусулмонман" филмининг намойиши тақиқланди


Бесоқолбозлар ҳақидаги филм режиссёри Крис Беллони.
Бесоқолбозлар ҳақидаги филм режиссёри Крис Беллони.

Қирғизистон Бош прокуратураси Давлат алоқа агентлигига “Мен бесоқолбозман ва мусулмонман” ҳужжатли филмининг интернетда тарқалиши олдини олиш тўғрисида кўрсатма берди.

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакатдаги мусулмон жамоатчилиги “Мен бесоқолбозман ва мусулмонман” филмини тақиқлашни талаб қилиб ариза ёзганини, филмга нисбатан норозилик билдирилганини маълум қилди. Шундан сўнг мамлакатда диний низоларнинг олдини олиш мақсадида филмнинг интернетда тарқатилиши олдидини олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

28 сентябрда Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди ҳам Қирғизистонда филм намойишини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарган ва қарор назоратини миллий хавфсизлик хизматига топширган эди.

Нидерландлик режиссёр Крис Белони томонидан суратга олинган “Мен бесоқолбозман ва мусулмонман” филми Бишкекда ўтаётган “Бир дунё” ҳужжатли филмлар фестивалида намойиш этилиши керак эди. Филмда марокашлик бесоқолбозлар ҳаёти ва муаммолари ҳақида ҳикоя қилинган. Қирғизистондаги “Эркин эл” ёшлар ҳаракати лидери Мавлянбек Аскарбеков филм намойиш қилинса ёшлар норозилик намойишига чиқишини билдирган лидерлардан бири бўлди,

-“Демократия, сўз эркинлиги, гендер тенглигига амал қилинмаяпти”, деган баҳоналар билан мана шундай филмларни намойиш этишиб, бизнинг мафкурамизни бузишга ҳаракат қилинаяпти. Биз бунга қаршимиз, -деди Мавлянбек Аскарбеков.

Филм намойишига қарши чиққан қирғизистонлик диндорлар “мусулмонлар изза қилинган мазкур филм намойишидан сўнг норозиликлар тўлқини бошланиши”дан огоҳлантирдилар. Дин бўйича бишкеклик эксперт Қадир Маликов филм “диний нафратни қўзитади”, деб ҳисоблайди.


-Филмда гейнинг имом ва масжид билан алоқаси нормал кўриниш қаторида тасвирланган. Ислом атайин бузиб кўрсатилган. Инсоннинг ноанъанавий жинсий ориентацияси филмда ислом динига боғланган. Масалан, филмда қаҳрамон “Сиз Маккага боришни танлаган бўлармидингиз ёки ўзингизга шерик топишни?” деган саволга: “Аввал ўзимга шерик топиб, кейин Маккага борар эдим”, деб жавоб беради, -деди Қадир Маликов.

“Бир дунё” фестивали директори Тўлайкан Исмаилова суд ва Бош прокуратуранинг филмни тақиқлаш тўғрисидаги қарорларини ноқонуний деб ҳисоблашини билдирди.

-Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари келиб, филмни ўғирлаб кетишибди. Улар ходимларни қўрқитиб, филм нусхасини кўчиртириб олишган. Бу ўғирликдан бошқа нарса эмас. Мен Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Биринчи май туман судини судга бераяпман, - деди Тўлайкан Исмоилова.

“Мен бесоқолбозман ва мусулмонман” филмининг режиссёри, 32 ёшли нидерландиялик режиссёр Крис Беллони бунга қадар филм 12 давлатда намойиш этилганини айтди. Крис Беллони Қирғизистонда унинг филми бу қадар шов-шувга сабаб бўлади деб ўйламаган экан.

- Мен вазият бу даражада бўлади деб ўйламаган эдим. Норозилик намойшлари бўлиши мумкинлигини тахмин қилгандим. Лекин давлат даражасида филмга қаршилик қилиниши ҳаёлимга келган эмас. Филм бесоқолбоз мусулмон йигитлари ҳақида. Мен уларнинг ҳиссиётлари, уларнинг ҳам ҳамма оддий одамлар каби севиш ва севилиш ҳуқуқи борлиги ҳақида гапирган эдим, -деди Крис Беллони.

Қирғизистонда мусулмон дунёсида катта норозилик намойишлари ўтказилишига сабаб бўлган ва Америкада яшовчи фуқаролар томонидан суратга олинган “Мусулмонлар гуноҳсизлиги” филми ҳам суд қарори билан тақиқланган.
XS
SM
MD
LG