Линклар

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг бу йил мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақидаги кўрсатмасига қарамасдан Иштихон туман ҳокимлиги мактабларнинг 5-9 синф ўқувчиларини пахта теримига ҳайдади.

Самарқанд вилоятидаги Иштихон тумани мактабларининг юқори синфларида дарслар тўхтатилганига тўрт кун бўлди, 28 сентябрдан бошлаб эса 5-синф ўқувчилари ҳам пахта теримига чиқарилди.

Бу ҳақда Озодликка Иштихон туманидаги мактаблардан бирида ишлаётган ўқитувчи хабар берди:

- Ўқувчилар пахтага чиқарилди. Мен ишлаб турган мактабнинг 5 синфи ўқувчиларига кеча дарс бўлмади. Улар ҳам пахта теримига чиқарилди. 8, 17, 33-мактаб ўқувчиларининг ҳаммасига жавоб берган. Мактабларнинг 7,8,9-синфлари ўқувчилари эса тўрт кун олдин ёппасига пахта теримига чиқарилган эди. Аввал ўқитувчилар деярли ҳаммаси чиққан эди, энди ўқувчилар ҳам пахтага ҳайдалди,- дейди исми сир қолишини сўраган мактаб ўқитувчиси.

Озодлик 8-мактабда ўқиётган 5 синф ўқувчиси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди:

Озодлик: Сизлар пахтага чиқдиларингми?

Ўқувчи: Ҳа, мактабдан жавоб берди, пахтага.

Озодлик: Неча кун бўлди пахтага чиққанларингга?

Ўқувчи: Уч кун бўляпти?

Озодлик: Неча килодан пахта теряпсизлар энди:

Ўқувчи: Ўн килодан теряпмиз

Ҳукумат қарорига зид равишда мактаб ўқувчилари нега пахта теримига жалб этилганига муносабат олиш мақсадида Озодлик Иштихон туман ҳокимлиги ва туман халқ таълими бўлими билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, туман ҳокимлигининг ҳам, халқ таълими бўлимининг телефонлари ҳам жавоб бермади.

Исми сир қолишини сўраган ўқитувчининг айтишича, Иштихон тумани пахта теримида вилоятда биринчилар қаторида бормоқда ва туман ҳокимлиги вилоятда пахта терими режасини биринчи бўлиб бажариш мақсадида шундай ғайриқонуниний ҳаракат қўллаган бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG