Линклар

Венесуэлада икки мухолифатчи отиб кетилди


Венесуэленинг Баринас штатида бирлашган мухолифатдан президентликка номзод Энрике Каприлесни қўллаётган икки фаол ўлдирилди.

Воқеа Венесуэледа ўтказилажак президентлик сайловларига ўн кун қолганда содир бўлди.

Энрике Каприлес бошчилигидаги “Адолат ҳамма нарсадан устун” партиясининг билдиришича, мухолифат фаоллари кўчада кетаётган юк машинасидан туриб ўққа тутилган.

Аввалроқ Каприлес 14 йилдан буён Венесуэлани бошқариб келаётган Уго Чавесни хориждаги ўз иттифоқчиларини қўллаш учун давлат бюджетидан олинган пулларни ўринсиз сарфлаётганда айблаб чиққанди.

7 октябрга белгиланган президентлик сайловлари олдидан Венесуэлада вазият ўта таранглашиб кетди.

Яқиндагина саратонга қарши икки жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган Уго Чавес ҳозир бутунлай соғайиб кетганини ва сайловда ғалаба қозонажагини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG