Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:28

Афғонистонда ўлган АҚШ аскарлари 2000 кишига етди


Афғонистонда НАТОнинг бир аскари ва шартнома асосида ишлаётган маҳаллий фуқаро Афғонистон хавфсизлик кучлари аъзоси экани айтилаётган шахс томонидан отиб ўлдирилди. Бу билан Афғонистондаги 11 йиллик урушда ҳалок бўлган америкалик ҳарбийлари сони 2000 кишига етди.


АҚШ расмийлари Афғонистон шарқидаги Вардак вилоятида америкалик аскар шанба куни кечқурун отиб ўлдирилганини тасдиқлади.

Якшанба куни эрталаб НАТО етакчилигидаги Халқаро кучлар воқеада НАТО аскари ва шартнома асосида ишлаётган маҳаллий фуқаро отиб ўлдирилгани, шунингдек, Афғонистон армияси ҳам талафот кўрганини билдирди. Халқаро кучлар воқеа тафсилоти ҳақда бошқа маълумот тарқатмади.

Вардак вилояти маъмурияти матбуот котиби Шаҳидулла Шаҳид отишма “англашилмовчилик” оқибатида рўй бергани тахмин қилинаётганини айтди.

- (Майдон Вардак вилоятининг) Саидобод туманида Халқаро кучлар билан Афғонистон миллий армияси аскарлари ўртасидаги англашилмовчилик сабабли отишма рўй берган. Талафотлар бор. Тушунмовчиликка ўт очилгани сабаб бўлган. Қанча талафот кўрилгани ҳозирча аниқ эмас. Икки томон воқеа юзасидан текширув олиб бормоқда, деди Майдон Вардан вилояти маъмурияти матбуот котиби.

Шаҳидулла Шаҳид отишма Сайидобод туманидаги АҚШ-Афғонистон ҳарбий базаси яқинида жойлашган Афғон армиясига тегишли постда содир бўлганини айтди.

Афғонистон расмийларига кўра, отишмада Афғон армиясининг икки аскари ҳам нобуд бўлган.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, жорий йил бошидан бери Афғонистон хавфсизлик тузилмалари аъзолари ғарблик ҳамкасбларига ўқ узгани оқибатида НАТОнинг 52 ҳарбийси ҳалок бўлган.

Шундай ҳужумлар сони кескин кўпайганидан боис икки ҳафта олдин Халқаро кучлар афғонистонлик ҳамкорлари билан қўшма амалиётлар ўтказишни чеклаб қўйган эди.

Бироқ АҚШ Мудофаа вазири Леон Панетта пайшанба куни НАТО етакчилигидаги аксар қўшинлар Афғонистон кучлари билан бирга амалиётлар ўтказишни қайта бошлаганини эълон қилди.

Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондони, АҚШ армияси генерали Жон Аллен CBS телевидениеси орқали якшанба куни эфирга берилиши режаланган интервюсида афғон аскарларининг ғарблик ҳамкасбларига ҳужум қилиши ўзини “даҳшатга солгани”ни айтган.

Толибон ҳаракати ғарб ҳарбийларига ҳужумлар Афғонистон хавфсизлик тузилмалари таркибига кириб олган толибларга ҳайрихоҳ кишилар томонидан амалга оширилганини иддао қилиб келади.

НАТО ўз жанговор қўшинларини 2014 йил охиригача Афғонистондан олиб чиқишни режалаган.

Бироқ мазкур стратегияда хориж кучлари олиб чиқилганидан кейин халқаро коалиция ҳарбийлари афғонистонлик ҳамкасблари билан бирга ишлашни давом эттириши ва Афғон армияси аскарларини тайёргарликдан ўтказиш учун бу мамлакатда қолиши назарда тутилган.
XS
SM
MD
LG