Линклар

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бугун расмий сафар билан Ашхободга жўнаб кетади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Каримовнинг қўшни мамлакатга икки кунлик ташрифи Туркманистон раҳбари Қурбонқули Бердимуҳаммедов таклифига биноан амалга оширилмоқда.

Икки давлат раҳбарларининг сўзлашуви чоғида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар, шунингдек, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режаланган.

Кузатувчилар фикрича, икки давлат раҳбарлари сўзлашувида сув муаммоси, жумладан, минтақада гидроиншоотлар қурилиши асосий масалалардан бири бўлади.

Ўзбекистон президентининг Туркманистонга сафари якунида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни кенгайтиришга қаратилган қўшма баёнот имзоланиши кутилмоқда.

Ислом Каримовнинг Ашхободга сафари арафасида Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация Ашхободда Туркманистон ҳукумати, Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги расмийлари билан музокаралар ўтказди.
XS
SM
MD
LG