Линклар

Бугун Грузияда, таҳлилчилар фикрича, натижаси мамлакатнинг яқин йиллардаги сиёсий йўналишига катта таъсир қилувчи парламент сайловлари ўтказилади.

Унда ғалаба учун кураш асосан президент Михаил Саакашвилининг “Бирлашган миллий ҳаракат” партияси ва мухолифатнинг “Грузия орзуси” коалицияси ўртасида кечиши айтилмоқда.

Якшанба куни мамлакат аҳолисига мурожаат билан чиққан Саакашвили сайловчиларни ҳиссиёт билан эмас, балки ақл билан иш кўришга чақирди ва эртага Грузия эли “босқинчилардан қутилиш учун охирги ва ҳал қилувчи қадам”ни қўяжагига умид билдирди.

Бу мамлакатда сайловолди кампанияси жуда кескин ўтди. Ҳар иккала сиёсий гуруҳ тарафдорлари кўп минг кишилик митинглар ўтказдилар. Кампанияга Тбилиси қамоқхонасида маҳкумларнинг таҳқирланишига оид видеоёзувлар жанжали ҳам катта таъсир кўрсатди.

Грузия мухолифати овоз бериш натижалари сохталаштирилиши мумкинлигидан хавотирланмоқда.

1 октябр куни ўтажак парламент сайловларини мисли кўрилмаган даражада кўп, аниқроғи, 61 мингдан зиёд кузатувчи кузатиб бориши айтилмоқда.

Грузия Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бугунги сайловларни 61 та халқаро ташкилотдан 1500 нафар чет эллик кузатувчи кузатади ва улар орасида ўзбекистон кузатувчилар ҳам бор.

Овоз бериш жараёни мамлакат бўйлаб очилган 3719 та сайлов участкаси ва жаҳоннинг 36 мамлакатида очилган 45 та участкасида амалга оширилади. Бу участкаларга овоз бериш учун 3 миллион 655 мингдан зиёд сайловчи келиши кутилмоқда.

1 октябр куни ўтказилажак сайловларда грузияликлар 150 нафар депутатни сайлаб олиши лозим бўлади. Уларнинг 77 нафари партия рўйхатлари асосида, 73 нафари эса мажоритар округларда сайланади.

Парламентдан жой олиш учун партиялар ёки сайлов блоклари овоз беражак сайловчиларнинг камида 5 фоиз овозини қозонишлари керак.

Грузия сайлов кодексида овоз бериш жараёнида қанча одам қатнашиши лозимлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмагани учун участкаларга қанча сайловчи келишидан қатъий назар сайлов бўлиб ўтган, деб ҳисобланади.
XS
SM
MD
LG